Ер меҳрни сезади, мўл ҳосил бериб, элни боқади

 

Жорий йилнинг 8 апрель куни Президентимиз Ш.Мирзиёев раислигида коронавирус пандемиясига қарши курашишда жойлардаги ишлар натижадорлиги таҳлили ҳамда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, аҳоли бандлиги ва даромадини оширишнинг муҳим манбаи бўлган томорқачиликни ривожлантиришга бағишлаб ўтказилган видеоселектор йиғилишида қатор муҳим вазифалар белгилаб берилди.

Ушбу вазифалардан келиб чиқиб, 2020 йил 13 апрель куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Кенгашининг ва Олий Мажлис Сенати Кенгашининг қўшма қарори тасдиқланди.

Қарорга асосан деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер участкаларидан фойдаланиш самарадорлигини янада оширишга доир тадбирлар режаси ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлардаги туманлар ва шаҳарларда аҳолига ўз томорқасидан самарали фойдаланишда ҳар томонлама ёрдам бериш мақсадида парламент палаталари аъзоларидан иборат Ишчи гуруҳ тузилган.

Ишчи гуруҳ томонидан амалга ошириладиган вазифалар, уни амалга ошириш механизми, ҳудудларда ишни ташкил этиш тартиби каби масалалар муҳокамасига бағишланган онлайн видеомулоқот ўтказилди.

Коноравирус пандемияси билан боғлиқ ҳолат бутун дунё давлатлари қатори бизнинг мамлакатимизда ҳам озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича ишларни яна бир бор қайта кўриб чиқишни тақозо этмоқда.

Биз депутатлар ҳам мазкур масала юзасидан аввало маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги, Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши ҳамда уларнинг ҳудудий органларига аҳоли томорқаларидан самарали фойдаланишни ташкил этишда амалий ёрдам беришга киришдик.

Шу билан бирга, кам таъминланган, қаровчиси бўлмаган оилаларга илғор фермерларни бириктириш, томорқа ерларига ишлов бериш, экин экиш ва у ерларни парваришлашда ёрдам берилиши ҳамда бу мақсадда маҳаллий бюджетдан ажратилаётган маблағларнинг тўғри сарфланиши устидан самарали парламент назорати ўрнатиш кўзда тутилмоқда.

Энг муҳими, ҳудудлардаги ҳақиқий аҳволни ўрганган ҳолда, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларининг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, асосийси бу соҳадаги муаммоларни аниқлаш ва уларни бартараф этиш юзасидан қонунчиликка аниқ таклифлар тайёрлаш ҳисобланади.

Беқиёс хазина бўлган ернинг ҳар бир қаричидан унумли фойдаланиш фарзандларимиз олдидаги бурчимиз, деб билишимиз керак. Ер меҳрни сезади, мўл ҳосил бериб, элни боқади.


Фирдавс ШАРИПОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

ЎзХДП фракцияси ҳамда Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси аъзоси

Теглар

Депутат Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш