ЎЗБЕКИСТОН ХДП САЙЛОВОЛДИ ДАСТУРИГА ТАКЛИФЛАР ОЛИНМОҚДА

Шу йилнинг декабрь ойида мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги муҳим воқеа — парламент ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига сайловлар бўлиб ўтади. Янги ташкилий-ҳуқуқий шароитда ўтказилаётган мазкур сайлов сиёсий партиялар зиммасига ҳар қачонгидан катта масъулият юкламоқда.

 

Шу кунларда сиёсий партиялар янги дастури ва Сайловолди дастурини ишлаб чиқмоқда. Ушбу муҳим ҳужжатларнинг ҳаётийлигини таъминлаш мақсадида электорат муаммолари ўрганилмоқда, ҳудудлар ривожига тўсиқ бўлаётган муаммолар таҳлил этилиб, уларнинг ечимига алоҳида эътибор қаратиляпти. Ўз навбатида ушбу муҳим вазифалар бўйича партия дастури ва Сайловолди дастурига таклифлар бериляпти.

Ўзбекистон Халқ демократик партияси ҳам фаоллар, депутатлар ва аъзолари билан ўтказилаётган учрашувларда партия дастури ва Сайловолди дастурини янада мукаммаллаштириш, ҳудудларнинг ривожланиш ҳолатидан келиб чиқиб, муҳим вазифаларни белгилаш эътибор марказида турибди.

 

Боймурод ЮСУПОВ, ЎзХДП Марказий Кенгаши бўлим мудири:

– Ҳаммамиз яхши биламизки, партиямиз дастурий мақсадларида ўзгалар парваришига муҳтож ногиронлиги бўлган шахслар ва уларнинг оила аъзоларининг ижтимоий манфаатларини ҳимоя қилиш масаласига алоҳида эътибор қаратилган. Шундан келиб чиқиб, тайёрланаётган янги Сайловолди дастурига ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳаётга қизиқишини ошириш, ҳуқуқларини таъминлаш бўйича яна бир қатор вазифалар белгиланиши керак, деб ўйлайман. Тўғри, Сайловолди дастури лойиҳасида бу масалага эътибор қаратилган. Лекин ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳаётий эҳтиёжлари билан боғлиқ муҳим йўналишлар диққат марказидан четда қолмаслиги керак.

Масалан, бундай шахсларнинг ишга жойлашиш даражасини орттириш мақсадида «Ижтимоий меҳнат ўринлари тўғрисида» қонун қабул қилиш лозим, деб ўйлайман. Айтайлик, кимдир ўзи юролмаса ҳам қўл меҳнати орқали ҳунармандчиликнинг қайсидир тури билан шуғулланади. Биз ана шундай инсонларга яқиндан кўмак беришимиз, меҳнатини қадрлашимиз, бунинг қонуний асосларини мустаҳкамлашимиз керак. Оиласи фаровонлигига улуш қўшиш уларнинг кўнглини кўтаради, ҳаётга умиди, қизиқишини оширади.

 

Халила ЕШИМБЕТОВ, ЎзХДП Қорақалпоғистон Республика Кенгаши раиси:

– Кишиларнинг яхши яшаши ва муносиб турмуш шароитига эга бўлишида коммунал соҳа ривожи муҳим ўрин тутади. Бу масала бевосита дастурий мақсадларимизга ҳамоҳанг бўлгани учун Сайловолди дастурида шу йўналишга ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Менинг фикримча, бу борадаги вазифалар кўламини янада кенгайтириш лозим. Масалан, коммунал соҳада маълумотларнинг очиқлигини таъминлаш, ушбу хизматларга ўрнатилган тарифлар устидан жамоатчилик назоратини янада кучайтириш керак. Аҳоли билан очиқ мулоқотлар ўтказганимизда коммунал соҳа билан боғлиқ кўплаб мурожаатлар бўлади, саволлар беришади. Агарда тизимда маълумотлар очиқлиги тўлиқ таъминланса, бу коммунал хизматлар таъминотчиларининг масъулиятини ошириш, ишлаб чиқариш билан боғлиқ бўлмаган йўқотишларнинг олдини олишга хизмат қилади.

 

Абдулҳамид НУРМАТОВ, ЎзХДП Андижон вилоят кенгаши раиси:

– Аввало, таъкидлаш керакки, партиямизнинг янги дастурида ижтимоий ҳимоя масалалари алоҳида ўрин олганини кўпчилик қўллаб-қувватламоқда. Чунки булар энг долзарб ҳаётий вазифалар бўлиб, аҳолининг ижтимоий фаоллигини ошириш, иқтисодий даромадларини кўпайтириш масалалари билан уйғундир.

Шу ўринда Сайловолди дастурига бир таклиф айтмоқчи эдим. Менимча, давлат ва жамият томонидан манзилли ижтимоий ҳимоя ва ижтимоий ёрдамга муҳтож аҳоли қатлами учун қабул қилинган барча меъёрий ҳужжатларни бир тизимга солиб, уларни кодекс шаклида бир тўпламга бирлаштириш вақти келди. Бу ҳужжатда ижтимоий ҳимоя, ижтимоий ёрдам, кам таъминланган оила сифатида рўйхатга олиш тартиби, ногиронлик ва тиббий хизмат кўрсатиш тартибини белгилаш, ҳуқуқ, имтиёз ва мажбуриятларни аниқ кўрсатиб ўтиш лозим, деб ҳисоблайман.

 

Мақсуд ХОЛОВ, Халқ депутатлари Бухоро вилоят Кенгаши депутати, ЎзХДП гуруҳи аъзоси:

– Партиямиз Сайловолди дастурига таклиф бермоқчиман. Тиббиёт соҳасида аҳолини қийнаётган энг оғриқли масалалардан бири одам аъзолари ва тўқималарини трансплантация қилиш бўйича республикамизда етарли имкониятлар мавжуд эмаслигидир. Бу эса аҳолини катта маблағ эвазига хорижга чиқиб, даволаниб келишига сабаб бўлмоқда. Шуни инобатга олган ҳолда партиямиз аҳолига мазкур йўналишда сифатли ва арзон тиббиёт хизматини кўрсатиш бўйича имкониятлар яратиш вазифасини ҳам ўз олдига мақсад қилиши керак. Бу аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифатини ошириш баробарида фуқароларнинг ижтимоий ҳимоясини таъминлашга хизмат қилади.

 

Баҳриддин ТОШМАМАТОВ, ЎзХДП Навоий вилоят кенгаши бўлим бошлиғи:

– Ҳукумат қарори асосида ногиронлиги бўлган боласини тарбиялаётган оналарга пенсияга чиқаётганда камида 7 йиллик иш стажига эга бўлиши шартлиги амалиёти бекор қилинди. Эндиликда ногиронлиги бўлган боласини тарбиялаётган оналарга улар 55 ёшга тўлганларида иш стажи бўлмаса ҳам ижтимоий нафақа тайинланмоқда. Лекин бу борада эътибор қаратиш керак бўлган бир масала бор. Бизнинг фикримизча, ногиронлиги бўлган боласини тарбиялаётган оналарнинг пенсияга чиқиш тартибини қайта кўриб чиқиш, бу масалани партиямиз Сайловолди дастурида назарда тутиш керак.

 

Шерзод СОДИҚОВ, ЎзХДП Марказий Кенгаши сектор мудири:

– Менимча, республикада фаолият юритаётган олий таълим муассасаларида тўлов-шартнома миқдоридаги номутаносибликни йўқотган ҳолда, барча таълим муассасаларида таълим тўловлари миқдорини тенглаштириш керак. Масалан, Тошкент молия институти, Тошкент давлат юридик университети, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети, Тошкент давлат иқтисодиёт университетлари ҳамда тиббиёт олийгоҳларида таълим тўловлари миқдори бошқа олий таълим муассасалариникига нисбатан анча юқори. Лекин барча олий таълим муассасалари талабалари учун тўланадиган стипендиялар миқдори бир хил. Кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож оила фарзандлари тўлов-шартнома миқдори юқори бўлган олий таълим муассасаларига контракт асосида ўқишга қабул қилинганда тўлов масаласида қийинчиликка дуч келмоқда.

 

Гулшан АСАТОВА, ЎзХДП Марказий Кенгаши сектор мудири:

– Аввало, биз энг муҳим бир масалага эътибор қаратишимиз керак. Яъни, тайёрланаётган дастур ҳамма тушунадиган оддий, халқчил тилда ёзилиши, қўйилаётган вазифалар ҳам аниқ бўлиши керак.

Фикримча, партия Сайловолди дастурида сиёсий билими юқори, масъулиятли хотин-қизларни аниқлаб, уларни раҳбарлик лавозимларига тавсия этиш масаласи ўрин олиши жоиз, деб ўйлайман. Бу жамиятда хотин-қизлар фаоллигини оширишда катта рағбат вазифасини ўтайди, деб ўйлайман.

Бундан ташқари, оғир ижтимоий вазиятга тушиб колган хотин-қизларга, ногиронлиги бўлган, кам таъминланган, фарзандларини тўлиқсиз оилада тарбиялаётган ва уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож аёлларга арзон уй-жойлар берилиши устидан парламент ва депутатлик назоратини кучайтириш масаласи ҳақида ҳам жиддий ўйлаб кўриш лозим.

Қишлоқ ва маҳаллаларда хотин-қизлар билан кўп учрашувлар, юзма-юз мулоқотлар ўтказамиз. Суҳбатлар давомида бир нарсага кўп гувоҳ бўламан: қўлигул, ҳунарли, истеъдодли қизларимиз жуда кўп. Фақат уларнинг иш бошлашига кўмаклашиш, қобилиятини тўғри йўналтириш лозим. Бунга, айниқса, ота-оналар ҳам бош бўлиб, оилавий тадбиркорликни йўлга қўйишса, кўплаб хотин-қизларимизнинг бандлиги таъминланади.

Яна бир масала. Аёллар билан учрашганимизда бола боқиш таътили нима учун пенсия ёшига қўшилмайди, деган саволлар кўп бўлади. Бизнингча, бу масалани кенгроқ ўйлаб кўриб, таклиф тайёрлаш лозим.

 

Равшан ҲОМИТОВ, ЎзХДП Марказий Кенгаши сектор мудири:

– Аҳоли ижтимоий ҳимоясини таъминлаш, хусусан, ногиронлиги бўлган шахслар ўқиб-ўрганиши учун шароит яратиш масаласи ҳам долзарбдир. Сайловолди дастуримизда шу йўналишни эътиборга олсак, яхши иш бўларди, деб ўйлайман.

Масалан, кўзи ожиз ёшлар орасида китобхонликни ривожлантириш мақсадида брайль ёзувидаги китобларни кўпайтириш, республиканинг йирик минтақаларида махсус типографияларни ташкил этиш лозим, деб ўйлайман...

Албатта, юқоридаги таклифларнинг ҳаммаси ҳам чуқур таҳлилларга асосланмаган бўлиши мумкин. Партия Марказий Кенгашидаги экспертлар гуруҳи ҳар бир таклифни чуқур ўрганиб, таҳлил қилиб хулоса чиқаради.

Бугунги кунда партиямиз Дастури ва Сайловолди дастури лойиҳалари таклифлар учун очиқ. Лойиҳаларни такомиллаштириш жараёни давом этомқда.

Ҳурматли юртдошлар, партиямиз аъзолари ва фаоллари, қадрли олимлар ва мутахассислар, таклифларингиз, фикр-мулоҳазаларингизни кутамиз.

Электрон манзил: uzxdp@mail.ru

 

ЎзХДП Марказий Кенгаши

Ахборот хизмати.

← Рўйхатга қайтиш