Кадрлар тақчиллиги муаммоси енгиллашади

 

Тиббий-санитария соҳасида кадрларни тайёрлаш ва узлуксиз касбий ривожлантиришнинг мутлақо янги тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисидаги Президент қарори соғлиқни сақлаш тизимидаги энг долзарб масалалардан бири бўлиб келаётган кадрлар етишмовчилиги муаммосини ҳал этишга ёрдам беради.

Қарорга кўра, 47 та тиббиёт коллежини Абу Али ибн Сино номидаги Жамоат саломатлиги техникумлари этиб қайта ташкил этилиши мамлакатимиз тиббиётида узлуксиз таълим кластерини шаклланишига асос бўлади.

Абу Али ибн Сино номидаги Жамоат саломатлиги техникумларини муваффақиятли тамомлаган битирувчилар ўз соҳасига мос тиббиёт олий таълим муассасаларининг бакалавриат таълим йўналишлари бўйича кириш имтиҳонларисиз якка тартибдаги суҳбат орқали олий таълим муассасаларида 2-курсдан ўқишини давом эттириш ҳуқуқига эга бўлади.

Бу бевосита тиббиётда иқтидорли ва истеъдодли талаба ёшларни саралаб, олий таълим муассасаларига ўқишни давом эттиришларига кенг имкониятларни очиб беради.

Ҳудудларнинг шифокорларга бўлган эҳтиёжидан келиб чиққан ҳолда, тиббиёт олий таълим муассасалари бакалавриатнинг “Даволаш иши”, “Педиатрия иши” ва “Касбий таълим (даволаш иши)” таълим йўналишлари бўйича давлат гранти асосида ўқишга қабул кўрсаткичлари доирасидаги мақсадли қабул параметрлари туман (шаҳар)лар кесимида шакллантирилиши ва ушбу йўналишлар бўйича таҳсил олиб, битирувчиларни яшаш манзили бўйича рўйхатга олинган жойидан қатъи назар, давлат гранти асосида мақсадли қабул параметрларида кўрсатилган туман (шаҳар)да камида 5 йил ишлаб бериш мажбурияти жорий этилди. Айтиш керакки, партиямиз Сайловолди дастурида ана шу мазмундаги таклиф илгари сурилган эди. Бу амалиёт жойлардаги кадрлар тақчиллиги муаммосини енгиллаштиришга хизмат қилади.

Шунингдек, 2020-2021 ўқув йилида тиббиёт олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилишнинг давлат буюртмаси параметрларини шакллантиришда тиббиёт кадрларига эҳтиёж юқори бўлган ҳудудлар учун бакалавриат ва магистратурага давлат гранти асосида ўқишга мақсадли қабул параметрларини 50 фоизгача оширилиши ҳудудларда кадрларнинг ўткир етишмовчилигини бартараф этади.

Қарорда таълим босқичидан қатъи назар, чет тилини билиш даражаси тўғрисидаги халқаро сертификатга эга бўлган тиббиёт олий таълим муассасалари талабаларига (мутахассислик фанларни “қониқарли” баҳога ўзлаштираётган талабалардан ташқари) “Талабаларни рағбатлантириш жамғармаси” маблағлари ҳисобидан ҳар ойлик стипендиясига базавий стипендия миқдорида қўшимча тўлов амалга оширилиши, истеъдодли ва иқтидорли талабаларни соҳага қизиқишини (мотивациясини) янада оширади.

Шу билан бирга, жамоат саломатлиги ва санитария-эпидемиология назорати хизматлари соҳасида олий маълумотли кадрларни тайёрлаш мақсадида 2020-2021 ўқув йилидан бошлаб алоҳида тиббиёт олий таълим муассасасини ташкил қилиниши юртимизда жамоат саломатлиги ва санитария-эпидемиология хизматини янада ривожланишига хизмат қилади.

Қарорда, шунингдек, соҳа ривожининг яна бир қатор янги уфқлари очиб берилган. Шифокорларимиз бутун дунёни ташвишга солиб турган коронавиурс балосига юзма-юз туриб, фидокорона кураш олиб бораётган бир пайтда, қабул қилинган мазкур қарор, тиббиёт ходимларининг ҳам қадди, ҳам қадри янада баландлашига, соҳанинг замонавий миқёсида ривож топишига хизмат қилади.

Ҳозирги кунда коронавирусдан соғайган беморлар ва уларни даволаган шифокорлар кўзида севинч ёшлари билан бир-бирини табриклашмоқда. Шу кунларда ОАВ ва ижтимоий тармоқларда тиббиёт ходимлари шаънига айтилаётган илиқ гапларни халқимиз меҳрининг ифодаси деб билишимиз керак.

 

Мавжуда ҲАСАНОВА,

Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати,

ЎзХДП фракцияси аъзоси

Теглар

Депутат Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш