Ҳар бир янги кун энг яхши совғадир

 

Инсон ўзи истаса, барча нарсага эришиши мумкин. Бунинг учун унда қатъийлик, ишонч ва ҳаракат талаб этилади.

Халқимиз азалдан ерни яхши кўрган. Йилда 3 мартагача ҳосил олишни сирларини билган. Ҳозирда ҳам бу имкониятлардан унумли фойдаланиб оиласини моддий таъминлаб фаровонликда яшаб келаётган ватандошларимиз бор. Қишлоқ жойларида аксарият фқуароларимизнинг уйларида каттагина томорқалари бор.

Баъзи хонадонларни томорқасини кўриб эса кўнглинг яйрайди, баъзиларида сув бўла туриб, 3-6 сотихли томорқа бўш ётганини кўриб, кўнглинг бузилади. Бундай ҳолатларни, айниқса, уйма-уй юриб сайловчилар билан учрашган кезларимизда кўп кузатганмиз.

Ҳозир айни имкониятку, кўпчилик аҳолимиз уйда оиласини бағрида, бундай вазиятда аввало қаровсиз қолаётган томорқани обод қилиш, унга турли рўзғорбоп экинларни экиш лозим. Шундагина бу оғир карантин даврида ва ундан кейинги вақтда ҳам бозорларимизда сотилаётган нозу неъматлар, полиз экинларини узилиб қолмаслиги ёки қимматлашиб кетмасилгига эришиш мумкин.

Баъзи инсонларни имконияти бўла туриб давлатдан моддий ёрдам олишга, нимадир ундиришга интилиши уятли ҳолат, албатта. Томорқадан фойдаланмай, ёрдам пули берилмаётганидан шикоят қилган кишилар ҳам учради. Ҳар бир оила инқирозга қарши курашиши, томорқадан ҳосил олиб, халқимиз дастурхони тўлишига хизмат қилиши мумкин.

Ҳозир баҳор, айни ерга ишлов бериб, уруғ қадайдиган пайт. Бу ғанимат кунлардан унумли фойдаланайлик.

 

Муқаддас Ўрозалиева,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

ЎзХДП фракцияси аъзоси.

Теглар

Депутат Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш