Эзгу ният, эзгу амал - яхшилик ва комиллик йўлидаги ибодатдир

 

Бугун дунё миқёсида асосий муаммога айланган COVlD-19 пандемияси барча тармоқ ва соҳалар олдидаги вазифаларни янада мураккаблаштириб юборганидан кўз юмиб бўлмайди.

Шусиз ҳам сўнгги йилларда инсоният олдида турган очарчиликка барҳам бериш масаласига эса, айниқса салбий таъсир кўрсатмоқда. Зеро очарчилик, тўйиб овқат емаслик хусусида гап кетганда, бугун дунё миқёсида 800 миллиондан ортиқ инсон ушбу муаммо гирдобида экани айтилар эди.

Куни кеча Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида бўлиб ўтган "Қишлоқ хўжалиги тармоқларини янада ривожлантириш, озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш масалалари"га бағишланган видеоселекторда ҳам бугун пандемия оқибатида очарчиликдан қийналаётган дунё аҳолиси сони эндиликда 1 млд. 600 млн. дан ошиб кетиши мумкинлиги қайд этилди.

Албатта, ушбу кўрсаткичга эътибор берилса, бу ўта жиддий тахликали кўрсаткич эканлигини англаш мушкул эмас. Аммо юртимиз табиий иқлими, мавжуд ерларимиз ўлчови ва ҳолати, йилнинг келиши ва энг асосийси, давлатимиз томонидан кўрилган ҳамда кўрилаётган чораларга таянилса, мамлакатимиз қишлоқ хўжалиги соҳаси, бу сафар ўзи учун "тобланиш йили" бўлиб турган ушбу синовли даврларда икки, уч баробар ортиқ ривожланиш имкониятига ҳам эгадир. Бу эса меҳнаткаш ва меҳридарё халқимиз ўртасидаги ҳавотирни пасайтириши, озиқ-овқат ҳавфсизлигига жиддий эътибор қаратувчи давлатлар учун Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг энг сараларини экспорт қилиш салоҳиятига эга давлат сифатида қайта кашф этилиши демакдир.

Ўз навбатида аҳоли эҳтиёжларини қондириш ҳам давлат олдидаги асосий вазифага айланганини унутмаслик лозим. Йиғилишда мазкур жиҳатлардан келиб чиқиб, муҳим вазифалар белгиланди. Жумладан, апрель ойи иккинчи ярмида кўкат, помидор, бодринг, май ойида эса, гилос ва ўрик тайёр бўлиши, экспортда мазкур маҳсулотларнинг улуши 60-70% экани алоҳида қайд этилди.

Шундан келиб чиқиб, мутасаддиларга ҳар бир туман ва хўжаликлар кесимида аниқ ҳисоб-китоб билан иш кўриш, бу жараёнда пандемия шароитида юзага келиши мумкин бўлган масалаларни тезкорлик билан ҳал этиш вазифаси юклатилди.

Аҳамиятли томони шундаки, кўрилаётган чоралар натижасида амалга ошириладиган экспорт пандемия оқибатида иқтисодиётнинг бошқа тармоқларидаги йўқотишлар учун ўзига хос "компенсация" вазифасини ўтайди.

Энг муҳими, 2-3 бор ҳосил олиш борасидаги мақсадни олдига қўйган қишлоқ хўжалиги соҳасини қўллаб-қувватлашда ҳам муҳим ўрин тутади. Яна бир аҳамиятли жиҳат шундаки, мамлакатимизда мева-сабзавотчилика ихтисослашган 55 та туман, 86 та кластер ва 125 та кооператив мавжуд. Бундан ташқари, маҳсулот ҳажмини ошириш мақсадида 124 минг гектар ердан унумли фойдаланиш мумкин.

Ҳатто Бахмал, Қўшработ, Бешариқ туманларида бундай ерлардан сув чиқариб, боғ ва токзорлар қилиш билан боғлиқ ишлар бошлаб юборилган. Эндиги вазифа бу борадаги ишларга замон талабларидан келиб чиқиб, сидқидилдан, яхши ният билан ёндашишдан иборатдир.

Йиғилишда, шунингдек, қишлоқ хўжалигининг бошқа тармоқлари: чорвачилик, ипакчилик, паррандачилик, асаларичилик ва балиқчилик йўналишларидаги ҳолатлар ва вазифалар ҳам атрофлича кўриб чиқилди, танқидий таҳлил этилди.

Барча йўналишларда тегишли вазирлик ва идораларга зарур кўрсатмалар берилди, аниқ вазифалар белгиланди. Уларнинг ижросига барчамиз бирдек енг шимариб киришишимиз ҳал қилувчи аҳамият касб этади.

Шунингдек, эътиборимизни яна бир муҳим жиҳатга қаратмоғимиз ҳам лозим бўлади. У ҳам бўлса, томорқа масаласи. Ҳаммамиз учун синовли бўлаётган ушбу дамларда халқимиз, давлатимиз қолаверса мард ва сахий юртдошларимиз томонидан мунтазам равишда қўллаб-қувватланаётган бўлишларига қарамасдан, уларнинг зарур истеъмол маҳсулотларига бўлган талаблари ҳам ортиб бормоқда ва табиийки аҳолининг ушбу эҳтиёжларини қондириш чоралари кўрилмоқда. Бундай вазиятда ҳар биримиз ўз томорқамиздан унумли фойдалансак, нур устига аъло нур бўлиши аниқдир.

Зотан 2-3 сотих ердан миллионлаб сўм даромад қилиб, ҳам ўзи, ҳам эл дастурхонини обод қилаётганлар ҳам кам эмас юртимизда. Ахир биз эккани кўнглидагидек унмаса, экинининг "қулоғидан тортиб" чиқара оладиган миришкор бободеҳқонлар авлодимиз.

Деҳқончилик ва чорвачиликни ривожлантириш борасидаги мазкур вазифалар ижросига киришар эканмиз, карантин сабаб уйда вақтинча ишсиз ўтирган азиз фуқароларимиз ҳам ўз имкониятлари доирасида ҳовлидан чиқмай туриб меҳнат билан банд бўлиши таъминланади. Бунинг эса аҳоли саломатлиги ва фарзандларимиз тарбиясидаги аҳамияти беқиёсдир.

Шундай экан, бугун барчамиз, бошқа соҳалардаги каби қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳам биргаликда, бир ёқадан бош чиқариб тобланишимиз, меҳнат қилишимиз лозим. Ҳамфикр, ҳамдўст бўлсак, асло кам бўлмаймиз.


Зулайҳо Акрамова,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

ЎзХДП фракцияси аъзоси.

Теглар

Депутат Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш