Томорқасини қаровсиз қолдирган одам уялиши керак

 

Коронавирус хавфи кучайиши ортидан дунёда муаммолар ҳам кўпайиб бормоқда. Уларни қисқа муддатда ҳал этиш чоралари кўрилмаса, кейинчалик ёмон асоратлар қолиши мумкин. Энг аввал аҳоли саломатлигига катта хавф пайдо бўлди, кейин карантин чекловлари иқтисодиётни секинлаштирди, энди мана озиқ-овқат хавфсизлиги масаласи ўткирлашди.

Шукрки, мамлакатимизда бу муаммони бартараф этиш имкониятлари етарли. Чунки бизнинг еримиз, қишлоқ хўжалиги тармоқларида инсон учун энг муҳим озиқ-овқат маҳсулотларининг ҳаммасини етиштириш мумкин. Айниқса, томорқа хўжалигининг имкониятлари кенг. Бу имкониятлардан айни баҳор кунларида самарали фойдаланиш жуда долзарбдир.

Жорий йилнинг 10 апрелида бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёев пахтачилик, ғаллачиликда кластер тизимини ривожлантириш, баҳорги агротехник ишларни самарали ташкил этиш, томорқадан унумли фойдаланиш, ҳосилдорликни ошириш масалалари юзасидан олдинда турган вазифалар тўғрисида кўрсатмалар берди.

Бугунги иқтисодий оғир шароитда ватандошларимиз ўз томорқасидан унумли фойдаланиши, зарурий қишлоқ ҳўжалиги маҳсулотларни етиштириши вазиятни юмшатишда, ўзини ўзи даромад билан таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.

Мутахассисларнинг фикрича, жорий мавсумда сув таъминотида ҳам қатор мураккабликлар кузатилиши мумкин. Бундай ҳолатларда томорқа ер эгаларининг қийин ҳолатга тушиб қолмасликларини олдини олиш бўйича мутасаддилар тегишли чора-тадбирларни амалга ошириши, муаммони ечишнинг муқобил йўлларини таклиф этишлари лозим.

Ҳозирги шароитда томорқага иқтисодий оғир вазиятдан чиқиб кетиш, озиқ-овқат ва қишоқ ҳўжалиги маҳсулотлари танқислигини енгиб ўтишда муҳим манба сифатида қараш лозим. Чунки, иқтисодий қийинчиликлар карантин шароити тугагандан кейин ҳам ўзининг асоратларини қолдиради.

Давлатимиз раҳбари бугунги кунда мавжуд бўлган боғларимиз ва токзорлар орасига ҳам биринчи навбатда зарур бўлганкартошка, сабзи, пиёз, кўкат, мош, ловия, помидор, бодринг, булғор қалампири, қовун, тарвуз, ошқовоқ каби полиз экинларини экиш кераклиги таъкидланди. Албатта, бу ишларни уюшқоқлик ва масъулият билан ташкил этишимиз зарур.

Бу жараёнда биз, депутатлар ҳам томошабин бўлмасдан, ташкилий ишларга амалий ёрдам беришимиз керак бўлади.

Томорқадан унумли фойдаланиш масалаларида сайлов округимдаги “Ёбу”, “Истиқбол” ва “Гулшан” маҳаллаларида яшовчи фуқаролар меҳнатини намуна сифатида кўрсатиш мумкин. Биз яхши тажрибаларни бошқа маҳаллалаларда ҳам кенг тарғиб қилиш, тушунтириш чораларини кўрмоқдамиз. Ҳамма ҳудудда шундай муҳит яратишимиз керакки, ҳозирги шароитда ишламай бефарқлик қилаётган, томорқасига қарамаган одам маҳалла-кўй олдида уялиши керак. Шунда умумий муҳит, маданият ўзгаради.


Шербек Бўронов,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

ЎзХДП фракцияси аъзоси.

Теглар

Депутат Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш