Давлат идоралари харажатларини қисқартиришни карантиндан кейин ҳам давом эттириш керак

 

Бугунги пандемия ҳолати нафақат халқимиз саломатлигига балки, юртимиз иқтисодиётига ҳам жуда катта хавф туғдирмоқда. Унга қарши кескин курашиш, мураккаб вазиятларнинг олдини олиш ва иқтисодий инқироз чораларини юмшатиш мақсадида давлатимиз раҳбари ва ҳукумат томонидан аниқ вазифалар белгиланган. Бу борада қатор иқтисодий чоралар кўрилмоқда.

Президентимиз томонидан “Коронавирус пандемияси даврида Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети барқарорлигини таъминлаш ва биринчи навбатдаги тадбирларни ўз вақтида молиялаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” қарор қабул қилинди. Мазкур қарорда бугунги вазиятда долзарб бўлмаган, давлат бюджетидан молиялаштириладиган қатор лойиҳаларнинг тўхтатилиши ва бюджетнинг асосий қисми соғлиқни сақлаш муассасаларини қуриш, дори – дармонлар билан таъминлаш ҳамда аҳолини ижтимоий ҳимоя қилишга қаратилаётганлиги эътирофга лойиқ.

Қарорда бюджетдан фақатгина муҳим ижтимоий харажатларнинг тўлиқ амалга оширилишини таъминлашга эътибор қаратилаётганлиги жуда муҳимдир.

Шу билан бирга, қарорда белгиланган Вазирлар Маҳкамасига давлат ҳокимияти органлари, суд ва прокуратура органлари, вазирликлар ва идораларнинг солиқлар, мажбурий йиғимлар, божлар, жарималар ҳисобидан жамланадиган бюджетдан ташқари жамғармалари харажатларини қисқартириш ва иқтисод қилинган маблағларни Ўзбекистон Республикаси республика бюджетига йўналтириш ваколатини берилиши давлат бюджетини мустаҳкамлайди.

Шу ўринда алоҳида таъкидлашни истар эдикки, Бюджетдан давлат ташкилотларига ажратилаётган маблағларни ҳам қайта кўриб чиқиш ва қисқартириш лозим. Чунки Президентимиз ҳар бир йиғилишда давлат ташкилотлари зиммасига хуфиёна иқтисодиётга барҳам бериш, шаффофликни ошириш бўйича берилган топшириқларга қарамасдан мутасадди давлат ташкилотлари яширин иқтисодиётга барҳам бериш юзасидан кутилган натижага эриша олмаяпти. Натижада давлат бюджети имкониятларида катта ўзгариш бўлмаяпти.

Мутахассислар иқтисодиётимизнинг деярли ярми яширин иқтисодиётни ташкил этиши таъкидлашади. Шундай экан, яширин иқтисодиётни бартарааф қилишга биринчи навбатда масъул бўлган ташкилотлар харажатларини, айниқса, давлат бюджетидан ажратилаётган маблағларни кўриб чиқилиш мақсадга мувофиқ. Зеро яширин иқтисодиётни минимум миқдорда камайтирилганида иқтисодий қийинчиликлар асорати камроқ бўлар эди.

Ушбу чоралар нафақат карантин даврида, балки ундан кейинги даврда ҳам давом эттирилиши лозим. Бизнингча, яширин иқтисодиётни қисқартиришга ўз ҳиссасини қўшаётган давлат ташкилотларга рағбатлантиришлар жорий қилиш мақсадга мувофиқ бўлади.


Акмал Турсунбоев,

ЎзХДП Марказий Кенгаши бўлим бошлиғи.

Теглар

Депутат Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш