Томорқаси обод оиланинг рўзғорида барака бўлади

 

Бир сотих ердан рўзғор учун қанча маҳсулот олиш мумкинлигини билган билади. Томорқа ризқ-насиба, мўмай даромад манбаидир. Унинг дастурхонимиз файзу баракаси, аҳоли турмуш фаровонлиги, юрт ободлигини таъминлашдаги ўрни беқиёс. Шунинг учун бугун одамларда ерга бўлган муносабатимиз тубдан ўзгариши керак.

Азиз ватандошларим, хулоса қилиб, шу ўринда айтишим жоизки, бугунги кунда дунёнинг жуда кўп давлатларида озиқ-овқат тақчиллиги жуда сезилмоқда. Коронавирус бутун дунё иқтисодиётини издан чиқариб, озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган талабларнинг кескин ортишига олиб келмоқда. Шундай шароитда бозорларимизнинг расталарини озиқ-овқат маҳсулотлари билан тўлдириб, тўкин-сочинлигини таъминлаш, аҳолимизни қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига бўлган талабини қондиришимиз учун барчамиз бугундан бошлаб, бир ёқадан бош чиқариб, бирикиб, томорқа ерларимиздан самарали фойдаланишга киришайлик.

2020 йил 16 апрель куни Республика ишчи гуруҳи аъзолари билан Ш.Рашидов туманининг “Қаҳрамон” ва ”Туёқли” маҳалла фуқаролар йиғинларидаги аҳоли томорқаларидан самарали фойдаланиш ҳолатини ўргандик. Жараёнда Ш.Рашидов туман ҳокимининг биринчи ўринбосари М.Эргашев, туман “Томорқа хизмати сервис” МЧЖ раҳбари Б.Равшанов, Деҳқон, фермер ва томорқа ер эгалари ҳудудий кенгаши раиси А.Абдураҳмоновлар фаол иштирок этди.

Қаҳрамон МФЙ Учқулоч кўчаси 26-уйда яшовчи Саидвалиев Маъруфнинг томорқа ер майдони 10 сотихдан иборат, 5 сотихда иссиқхона ташкил этилган, 82 дона лимон кўчати экилган, ҳар йилига 3-3.5 тонна ҳосил олади, ўртача 40-50 млн. сўм даромад кўради. Бундан ташқари, томорқа майдонининг бўш майдонларига пиёз, чеснок, помидор, бодринг кўчатлари экилган. Хонадон эгаси ўғит масаласида амалий ёрдам беришни сўради, мурожаат шу куни ўз ечимини топди.

Шу кўчада 30-уйда яшовчи Исмоилов Толиб қарашли томорқа ер майдони 10 сотихдан иборат, 2 сотих ерга бодринг, помидор кўчатлари экилган. Кўкатлар экиб, 6 млн. сўм даромад олган, йилига ўртача 15 млн. сўм даромад кўради. Ер солиғидан ёрдам беришни сўради. Фуқарога иссиқхона ташкил этилган томорқаларга ер солиғидан имтиёзлар берилгани тушунтирилди.

Шу кўчадаги 36-уйга қарашли томорқада бошқачароқ манзарага дуч келдик. Ботиров Шокирхоннинг томорқа ер майдони ҳам 10 сотих. Шундан 5 сотих экин майдони, мевали дарахтлар экилган. Бўш ер майдонига ишлов бериб қўйилган, лекин ҳеч нарса экилмаган. Хонадон эгаси огоҳлантирилди, 3 кун муддатда помидор, бодринг, булғор қалампири кўчатлари экишга ваъда берди.

Ўрганиш жараёнида томорқаси қаровсиз ва бўш ётган хонадон эгаларига ердан унумли фойдаланиш кераклиги, айниқса, ҳозирги мураккаб вазиятда бу ниҳоятда муҳим вазифа экани тушунтирилди.

 

Ўрол Ўрозбоев,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

ЎзХДП фракцияси аъзоси.

Теглар

Депутат Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш