Халқ фикри – қудратли куч

 

Президентимизнинг “Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Жамоатчилик палатасини ташкил этиш тўғрисида” кеча қабул қилинган фармони ўзига хос характерга эга ҳужжат бўлди. Унга биноан фуқаролар, давлат ҳамда фуқаролик жамияти институтлари ўртасида янги ўзаро мулоқот тизими йўлга қўйилади.

Очиғини айтадиган бўлсам, Президентимизнинг Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида Жамоатчилик палатасини ташкил этиш бўйича таклиф билдирилганида қувонган эдик. Шундан сўнг жорий йилга мўлжалланган Давлат дастури муҳокамасида шу масалага оид бандга қатор такифлар ҳам билдирган эдик.

Жамоатчилик палатасининг аҳамияти жуда узоқ гапириш мумкин. Айни пайтда қисқа, лўнда шаклда асосий хулосани айтиш ҳам мумкин. Бу янги институт, унинг ташкил этилиши Ўзбекистон халқи, жамоатчиликнинг фикри биринчи ўринга чиқаётганини билдиради. Янги Ўзбекистон сиёсатининг асосий мазмуни, моҳияти ҳам шунда.

Кузатадиган бўлсак, кейинги йилларда мамлакатимизнинг ижтимоий-иқтисодий ҳаётига оид ва жамоатчиликда алоҳида қизиқиш уйғотадиган ўта муҳим масалаларга доир қарорларни қабул қилишда аввало жамоатчилик билан маслаҳатлашилиб, уларнинг фикри инобатга олинмоқда. “Жамоатчилик мақул деса – маъқул, номаъқул деса - номаъқул”, деган тамойил ҳаётимизга кириб келмоқда.

Жамоатчилик палатаси Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузурида ташкил этилиши унинг фаолияти самарадорлиги, таъсирчанлигини таъминлашда муҳим омил бўлиб хизмат қилади.

Менинг фикрим” веб-портали эндиликда палата тасарруфига ўтказилмоқда. Жамоатчилик эшитувлари, жамоатчилик мониторинги, жамоатчилик экспертизасини ўтказиш каби қатор вазифалар ҳам палата зиммасига юклатилмоқда.

Нодавлат нотижорат ташкилотлари, жамоат ташкилотларининг фаолиятини, уларнинг ривожланишини, ҳуқуқий ҳимоясини таъминлаш бўйича палатага ваколатлар берилмоқда. Шу асосда палатага фуқаролик жамиятининг ҳолати ва ривожланиш тенденциялари бўйича йиллик миллий маърузаларни ҳар йили Давлат раҳбари ҳамда Олий Мажлис палаталарига тақдим этиши вазифаси белгиланмоқда.

Шунингдек, палатага “халқ дипломатияси” институтини ривожлантириш, мамлакат ташқи сиёсатининг устувор вазифаларини ҳаётга татбиқ этиш, унинг нуфузли халқаро рейтингларда эгаллаган ўрнини яхшилаш, хориждаги ватандошлар билан яқиндан алоқалар ўрнатиш, нодавлат нотижорат ташкилотларга халқаро ҳамкорликни ривожлантиришда ёрдам кўрсатиш бўйича катта вазифалар юклатилмоқда.

Фармонни ўқиш жараёнида бир банд эътиборимни тортди. Яъни, Жамоатчилик палатаси ва ҳудудий жамоатчилик палаталари давлат органлари ва ташкилотларига қонунларнинг, турли соҳалардаги давлат дастурларининг ижроси ҳамда уларнинг ваколатларига кирадиган бошқа муҳим масалалар юзасидан асослантирилган тушунтириш бериш ёки нуқтаи назарини баён этиш талаби билан Жамоатчилик палатаси сўровини юбориш ҳуқуқини берилмоқда.

Айниқса, бунда давлат органлари ва ташкилотлари сўровга жавобни, агар бошқа муддат белгиланган бўлмаса, у олинган кундан эътиборан ўн кундан кечиктирмай юбориши лозимлиги мустаҳкам белгилаб қўйилгани эътирофга лойиқ.

Шу ўринда палата фаолиятига доир айрим таклифларни билдириб ўтмоқчиман. Фармон билан Жамоатчилик палатаси жамоатчилик асосида ишлайдиган 50 нафар аъзодан иборат бўлиши белгиланмоқда. Шундан 18 нафар аъзоси республика миқёсида фаолият кўрсатаётган нодавлат нотижорат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари ва кенг жамоатчилик вакиллари тақдим этган номзодлар орасидан танлов асосида Жамоатчилик палатаси қарорига асосан аъзо этиб қабул қилиниши белгиланмоқда.

Ушбу аъзолар номзодлигига сиёсий партияларнинг вакиллари киритилиши мақсадга мувофиқ бўлар эди. Чунки, вазифасига кўра сиёсий партиялар ҳам аҳолини ташвишлантираётган масалаларни кўтариб чиқишда ва парламент орқали мутасаддиларга етказишда муҳим вазифани бажаради.

Шунингдек, “Менинг фикрим” веб-порталининг мобил иловасини ишлаб чиқиб, амалиётга татбиқ этиш лозим. Биламизки, аҳолимизнинг аксарияти қисмини веб сайтларга киришга имконияти чекланган. Шу сабабли, мобил илованинг яратилиши аҳолининг ҳар бир қабул қилинаётган норматив ҳужжатларга муносабат билдириши ва таклифларни тақдим этиши ёки улар билан бевосита тўғридан-тўғри алоқа қилишнинг энг қулай воситаси бўлади.

Фармон билан танишиш асносида бугунги олиб борилаётган сиёсатнинг олий мақсади халқ фикрини қадрлаш, фуқаролик жамиятини ривожлантириш эканига амин бўласиз.


Акмал Турсунбоев,

ЎзХДП Марказий Кенгаши бўлим бошлиғи

← Рўйхатга қайтиш