Бозорларимизда маҳсулот кўп бўлади

 

Баҳор ойи деҳқонларимиз ерга уруғ қадаб, халқимиз дастурхонига полиз маҳсулотларини етказиб берадиган фасл. Бой берилган ҳар бир кун ҳосилдорликда ўз сўзини айтадиган қишлоқ хўжалигида ишни асло ўз ҳолига ташлаб бўлмайди. Шу боисдан санитария-гигиена қоидаларга қатъий амал қилган ҳолда фермер ва деҳқонларимиз томонидан ерлардан унумли фойдаланиб, бозорларимиз тўкинлигини таъминлаш ва дастурхонларимиз тўкин-сочин бўлиши учун ерга уруғларни қадаб, астойдил меҳнат қилишмоқда.

Ҳозирги глобал инқироз ва пандемия шароитида қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат маҳсулотларига талаб жуда юқори бўлади. Қолаверса, ушбу тармоқда аҳоли бандлиги ва даромадини таъминлаш, иқтисодий барқарорликни сақлашда энг кўп имкониятга эгадир. Агротехник тадбирларни амалга оширишда ҳар бир кун ва дақиқадан унумли фойдаланилса, енг шимариб, ақл билан иш юритилса, бебаҳо бойлик саналган томорқалардан миллионлаб даромад олиб, катта фойда кўриш мумкин. Бунинг учун аҳоли ўртасида томорқа маданиятини тўғри шакллантира олиш, мутасадди раҳбарлару миришкорлар ҳам ҳосил ва даромадни кўпайтириш учун янгича ишлаши зарур.

Маълумот ўрнида айтиш жоизки, юртимизда 4,5 миллион хонадондаги 432 минг гектар томорқалар мавжуд. Бир мавсумнинг ўзида икки марта ҳосил олиб, минглаб тонна картошка, пиёз, сабзи, шалғом сингари кундалик эҳтиёжларимиз учун ишлатиладиган полиз маҳсулотларини нафақт ички балки, ташқи бозорга ҳам чиқариш мумкин. Албатта, меҳнатсиз бирор нарсага эришиб бўлмайди. Инсон меҳнати орқали ҳар қандай қийинчилик ва синовларни матонат билан енгиши мумкин.

Ҳозир ҳар биримиздан енг шимариб, ақл билан меҳнат қилишни талаб қилмоқда. Айниқса, қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат соҳаси вакиллари учун бу йил жуда катта синов ва кенг имкониятлар йили бўлади. Боиси, пандемия ва карантин қачон тўхташини ҳеч ким билмайди. Инсон учун энг зарур маҳсулот озиқ-овқат бўлиши табиий. Шу боис, ҳозирданоқ эрта ҳосил берадиган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экиш озиқ-овқат тақчиллигини олдини олиш имконини беради.

Очиғини айтиш керак пандемия глобал озиқ-овқат инқирозига ҳам олиб келиши мумкин. Боиси, барча давлатлар бир ойдирки, коронавирус пандемияси хавфидан ўз аҳолисини ҳимоя қилиш мақсадида ўз чегараларини ёпишга мажбур бўлди. Бунинг оқибатида дунё бўйлаб экспорт ва импорт изида чиқмоқда. Бу эса, ўз навбатида, таъминот занжири бузилишига ҳамда озиқ-овқат хавфсизлигига раҳна солиши мумкин. Озиқ-овқат таъминотида вужудга келган беқарорлик ижтимоий ҳимояга муҳтож,яъни камбағал қатлам кўпроқ зарар етади.

Халқаро экспертларнинг фикрига кўра, шу кеча-кундуз пандемия оқибатида очарчиликдан қийналаётган аҳоли сони 2 баробарга ошиб, 1 миллиард 600 миллионга етади. Бу рақамлар яна ҳам ортиши мумкин. Ҳозир барча давлатлар саноат, фан-таълим ва бошқа соҳаларни ривожлантиришни эмас, балки, озиқ-овқат тақчиллигини олдини олиш юзасидан қандай йўл тутиш устидан бош қотирмоқда.

Муҳтарам Президентимиз яқинда ўтказган видеоселектр йиғилишида ердан, хусусан, томорқадан оқилона фойдаланиш ҳақида куюниб гапирди. Бир қарич ердан ҳам унумли фойдаланиш учун бир қатор маслаҳатларини бердилар. Айниқса, боғ ва токзорларда қатор оралари, такрорий майдонларнинг ҳар бир қаричидан самарали фойдаланиб, 2-3 марта ҳосил олишни йўлга қўйиш зарур.

Ҳозир бутун мамлакатимизда фуқароларнинг карантин қоидаларига амал қилишга темирдек тартиб-интизом ўрнатилган. Туман ва шаҳар марказлари, маҳаллаларнинг асосий ўтиш йўлакларида карантин постлари ўрнатилган. Бу жудаям яхши самара бераяпди. Аммо, қишлоқ хўжалиги юмушлари билан далага чиққан фермер ва деҳқонларимизда бироз ноқулайликлар туғилаётган эди. Президентимиз йиғилишда Ички ишлар вазирлигига карантин қоидаларига амал қилган ҳолда, қишлоқ хўжалиги ва ишлаб чиқариш билан боғлиқ автотранспорт воситаларининг эркин ҳаракатланишини таъминлаш бўйича топшириқ берилди.

Бозорларида бу йил аҳолининг асосий озиқ-овқат маҳсулотларидан бири ҳисобланган картошканинг нархи пасаймаяпти. Сабаби бу экин асосан томорқа хўжаликларида етиштирилмоқда. Боз устига ўтган йили уруғлик нархи ошиб кетгани туфайли қишлоқ аҳли ҳам томорқаларига кам картошка экишди. Фақат томорқа ҳисобига аҳолини картошкага бўлган талабини тўлиқ қондириш ва унинг бир қисмини марказий шаҳарлар аҳолисига етказиб бериш қийин. Шу боис ҳар йили мамлакатимизга 300 минг тоннага яқин картошка хориж давлатларидан олиб келинади. 10-15 минг тонна уруғлик картошка чет элдан олиб келинади. Юртбошимиз видеоселектр йиғилишида Қўрғонтепа, Бахмал, Зомин, Шаҳрисабз, Китоб, Янгиқўрғон, Булунғур, Бўстонлиқ туманлари уруғлик картошка етиштиришга ихтисослаштириш, маҳсулот ишлаб чиқаришни кўпайтириш билан бирга импорт қилинаётган товарлар ўрнини қоплаш зарурлигини таъкидлади.

Хақли савол туғилади нима учун қишлоқ хўжалигида картошка экишга ихтисослашган фермер хўжаликларини ташкил қилиш имкони йўқ? Мутахассислар буни сув тақчиллигини сабаб қилиб кўрсатиши мумкин. Тўғри, картошка полиз экинлари орасида энг сув кўп талаб қиладиган ўсимлик. Аммо, сувдан фойдаланишда ҳам тежамкор технологияларни татбиқ қилиш мумкин. Селекционер олимларимиз томонидан картошканинг сувга чидамли навларини яратиш ҳам муҳим масала. Ахир, юртимизда етиштирилган уруғлардан олинган сабзавот ва полиз экинларининг мазаси ҳам, сифати ҳам юқорилиги исботланган фактку.

Бугун ижтимоий тармоқларда картошканинг нархи ошиб кетганлиги, озиқ-овқат маҳсулотларининг захираси камлиги юзасидан фейк хабарлар учраб турибди. Бу эса айрим юртошларимиз орасида ваҳима ва саросима туғдирмоқда. Аммо, хавотирга асло ўрин йўқ. Бозорларимиз ҳар куни полиз маҳсулотлари билан таъминланаяпти. Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида 5,5 миллион тонна озиқ-овқат маҳсулотлари олиб келинган ва бу борадаги ишлар давом этмоқда. Бу йил бозорларимизда маҳсулот кўп бўлади. 432 минг гектар томорқа ер майдонларида 30 дан ортиқ полиз маҳсулотлари экилмоқда. Уларнинг дастлабки ҳосили, аллақачон ички бозоримизга чиқарилган.

Коронавирус пандемиясидан юртимиз деҳқону-тадбиркорлари асло хавотирга тушгани йўқ. Улар ҳар доимгидек, ўз даласида баҳорги юмушлари, томорқада мева-сабзавот маҳсулотларини етиштириш билан банд. Бободеҳқонимиз ҳар бир кун билан ҳисоб китоб қилади. Зеро, айни мавсумида фурсатни қўлдан бой бермай, томорқасига экин экиш, унга меҳр бериш, яратилган шароитлардан самарали фойдаланиш аҳолининг турмуш фаровонлигини таъминлашга мустаҳкам пойдевор бўлади.


Меҳрожиддин ДАРХАНОВ,

Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши раиси ўринбосари.

 
← Рўйхатга қайтиш