Жамият иродасини рўёбга чиқарган давлат қудратли бўлади

 

Президентимиз Олий Мажлисга Мурожаатномасида “жамият ислоҳотлар ташаббускори бўлиши керак”, деган янги ғояни илгари сурган эди. Бу ташаббус аҳолининг давлат ва жамият ишларини бошқаришдаги иштироки кўламини кенгайтириши билан аҳамиятлидир. Барқарор ривожланишни мақсад қилиб олган ҳар қандай давлат ислоҳотларни амалга оширишда фуқароларнинг фаоллиги, фикри ва ташаббусларига таянади.

Президентимизнинг “Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Жамоатчилик палатасини ташкил этиш тўғрисида”​ги фармонини шу маънода тарихий ҳужжат дейиш мумкин.

Шуни алоҳида эътироф этиш жоизки, янги ташкил этаётган бу тизим давлат идоралари билан халқ ўртасида кўприк вазифасини бажаради. Кўп минг сонли нодовлат нотижорат ташкилотларининг фаолиятини мувофиқлаштириб, уларнинг хоҳиш-истакларини давлат раҳбариятига етказиш вазифасини ўтайди. Жамоатчилик палатаси оддий одамларнинг фикрларини, уларнинг муаммоларини ўрганиб, фуқароларнинг позициясини билдириб боради. Юқори минбарларда нодавлат-нотижорат ташкилотларининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилади.

Жамоатчилик палатаси фаолиятининг асосий йўналишларидан бири Бирлашган Миллатлар Ташкилоти барқарор ривожланиш мақсадларига эришишда фуқаролик жамият институтларининг амалий ва самарали ҳамкорлигини йўлга қўйиш эканида чуқур маъно бор.

Жамоатчилик назоратини амалга оширишда, айниқса, фуқароларни қийнаётган ижтимоий аҳамиятга молик масалалар мониторинг қилиниши, фуқаролик институтларини таҳлил қилиш орқали йиллик маърузалар тақдим этилиши муҳимдир.

Фақат давлат билан фуқаролик институтлари эмас, балки фуқаролик институтлари билан тадбиркорлик субеъктлари ўртасида ҳам ҳамкорлик ўрнатилади.

Жамоатчилик палатаси вазифаларидан яна бири у халқаро ҳамкорликни ривожлантириб, Ўзбекистоннинг ҳалқаро рейтинглардаги мавқеини оширишга кўмаклашади.

Халқ билан мулоқот ўрнатиб, муҳим ижтимоий-сиёсий масалаларда қарорлар қабул қилишда аввало халқимизнинг фикрини инобатга олиш мамлакатимиз Президентининг доимий эътиборида. Бу тамойил энди янада чуқурлашади.

Шу боис Жамоатчилик палатаси ва ҳудудий жамоатчилик палаталарида доимий фаолият юритувчи маслаҳат кенгаши органлари халқимиз дилида турган долзарб масалаларини ваколатли органлар муҳокамасига олиб чиқишда муҳим бўғин бўлиб ҳисобланади.

Фармонда белгиланганидек, жамоат ташкилоти фаолиятини самарали йўлга қўйиш учун 50 нафар аьзодан иборат ҳаётий тажрибага эга, салоҳиятли фуқаролар жамоатчилик асосида ишлайдилар.

Уларнинг 18 нафари Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан жамият ривожи, ҳуқуқий давлатни шакллантириш ва миллий қонунчиликни такомиллаштириш, аҳолининг ҳуқуқий маданиятини ошириш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, Ўзбекистон илм-фани, спорти, маданияти ва иқтисодиёти ривожи, соғлом ва баркамол авлодни вояга етказишга катта ҳисса қўшган, эл-юрт иззат-ҳурматига сазовор бўлган фуқаролар, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари орасидан тайинланади.

Жамоатчилик палатасининг 18 нафар аъзоси эса республика миқёсида фаолият кўрсатаётган нодавлат нотижорат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари ва кенг жамоатчилик вакиллари тақдим этган номзодлар орасидан танлов асосида Жамоатчилик палатаси қарорига асосан аъзо этиб қабул қилинади.

Ваколатлар такрорланиши бўлмаслиги учун амалдаги фуқаролик жамияти институти фаолияти тугатилмоқда. Менинг фикрим веб портали ҳам Жамоатчилик палатаси тасарруфига ўтказилиши фуқароларнинг фикрларини билдиришда халқчил порталга айланишига хизмат қилади.

Фармонда берилган ваколати доирасида Жамоатчилик палатаси Олий Мажлис Қонунчилик палатасига ва маҳаллий вакиллик органларига ҳар чоракда ўз таклиф ва фикрларини билдириб боради. Бундан ташқари, Жамоатчилик палатаси манфаатдор вазирлик-идоралар билан биргаликда уч ой муддатда кенг жамоатчилик фикрини ва илғор тажрибани ҳисобга олган ҳолда, шу жумладан, “Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Жамоатчилик палатаси тўғрисида”ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш вазифаси белгиланди.

Янги ташкил этилаётган тизим Ўзбекистонимизнинг тараққиёти учун, жамият амалда ислоҳотлар ташаббускорига айланиши учун хизмат қилишига ишонамиз.


Мавжуда Ҳасанова,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

Ўзбекистон ХДП фракцияси аьзоси


Теглар

Депутат Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш