Тиббиёт коллежлари техникумларга айлантирилмоқда

 

Юртимизда олиб борилаётган ислоҳотларда ҳамда амалга оширилаётган эзгу тадбирларимизда соғлиқни сақлаш ходимларининг ўз ўрни борлигига барчамиз гувоҳмиз. Чунки халқ саломатлиги бўлмаган жойда жамият ҳам тараққий этмаслиги ҳаммамизга кундай равшан.

Шундан бўлса керак, бугунги кунда барча ҳамюртларимиз тиббиёт заҳматкашларининг олиб бораётган мардонавор ишларига тасанно айтмоқда. Боиси барчамизга аён бўлгани каби, бу заҳматкаш касб эгалари, шу кунларда коронавирус касаллигига чалинган юртдошларимиз саломатлигини тиклаш йўлида кеча-ю кундуз тиним билмай меҳнат қилмоқдалар.

Жорий йилнинг 7 апрель куни Президентимиз томонидан тиббий-санитария соҳасида кадрларни тайёрлаш ва узлуксиз касбий ривожлантиришнинг мутлақо янги тизимини жорий этишга оид қарори имзоланди. Соҳа учун етук кадр тайёрлашга қаратилган ушбу ҳужжатнинг айни шу кунларда имзоланиши, тиббиёт вакиллари, айниқса аҳолимиз саломатлигига оид олиб борилаётган тизимли ишларнинг ёрқин намунаси бўлди.

Чунки, ушбу қарор тиббиёт соҳасини профессионал мутахассислар билан таъминлаш, тиббиёт таълим муассасалари профессор-ўқитувчиларининг мавқеини ошириш, шунингдек, 2019–2025 йилларда Ўзбекистон Республикасининг соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш концепциясида белгиланган вазифаларни изчил амалга оширишга қаратилгани билан янада аҳамиятлидир.

Қарорнинг моҳиятини мулоҳаза қилиб кўрадиган бўлсак, Абу Али ибн Сино номидаги Жамоат саломатлиги техникумларнинг ташкил этилиши тиббиёт соҳасидаги бир қатор муаммоларни ечишга қаратилган ҳисобланади.

Хусусан, ҳужжатда қайд қилинганидек, 2020/2021 ўқув йилидан бошлаб мамлакатимиздаги 47 та тиббиёт коллежлари Абу Али ибн Сино номидаги Жамоат саломатлиги техникумлари этиб ташкил этилади. Унинг битирувчиларига тиббиёт олий таълим муассасаларида 2-курсдан ўқишни давом эттириш ҳуқуқи берилади. Шу орқали соҳага қизиқувчи минглаб ёшлар қўллаб-қувватланиб, соҳа малакали кадрлар билан таъминлади.

Қарорда техникумлар фаолиятини самарали ташкил қилиш бўйича Комплекс дастур ишлаб чиқишга оид тегишли идораларга алоҳида вазифа юклатилган. Уни вақтида амалга ошириш муҳим аҳамиятга эга ҳисобланади.

Айниқса, дастурда назарда тутилган Абу Али ибн Сино номидаги Жамоат саломатлиги техникумларининг моддий-техник базасини янада кучайтириш, амалиёт хоналарини белгиланган нормативларга асосан жиҳозлаш, ўқув-симуляцион аудиторияларни ташкил этиш, тор мутахассисликка оид фанлари чуқурлаштирилган ҳолда ўқитилишини жорий қилишга алоҳида эътибор берилмоқда.

Айниқса, тегишли масъулларга мазкур техникумларнинг ўқув режалари ва фан дастурларини илғор хорижий тажрибалар асосида ишлаб чиқиш вазифаси юклатилгани, муҳим аҳамиятга эга бўлди. Шунингдек, тиббиёт олий таълим муассасаларининг юқори малакали профессор-ўқитувчиларини жалб қилган ҳолда техникумларда масофавий дарс машғулотларини ўтказилиши, чекка ҳудудлардаги ёшлар ҳам малакали мутахассислардан таълим олишини таъминлайди.

Шунингдек, Абу Али ибн Сино номидаги Жамоат саломатлиги техникумини муваффақиятли тамомлаган битирувчилар ўз соҳасига мос тиббиёт олий таълим муассасаларининг бакалавриат таълим йўналишлари бўйича кириш имтиҳонларисиз суҳбат орқали олий таълим муассасаларида 2-курсдан ўқишини давом эттириш имкони берилмоқда. Бу чоралар мамлакатимизнинг барча ҳудудлари учун жонкуяр шифокор-врачларнинг етишиб чиқишида муҳим пойдевор вазифасини бажаради.

Мутахассисликка оид бўлмаган фанларнинг икки баробарга қисқартирилиши эса айна муддао бўлмоқда. Сабаби, бу янгилик малакали кадрлар тайёрлаш ва уларнинг асосий вақтларини ўз мутахассислик фанлари ва амалиёт билан узвий ҳолда таълим олиш имкониятини беради.

Шунингдек, қарорда ёзилганидек, тиббиёт олий таълим муассасаларининг даволаш ишлари проректорлари бир вақтнинг ўзида ушбу олий таълим муассаса клиникаларининг бош шифокорлари ҳисобланади. Ҳамда тиббиёт олий таълим муассасаларида бакалавриат таълим йўналишлари, магистратура ва клиник ординатура мутахассисликлари ўқув режаларидаги мутахассисликка оид бўлмаган фанлар улуши ҳам икки баробарга қисқартирилмоқда. Клиник ординатурага (резидентурага) мақсадли қабул қилинган талабаларнинг битирув курсини вилоят даражасидаги тиббиёт муассасаларида ташкил этиш тизими йўлга қўйиилиши, амалиёт билан назарий билимларни бир-бири билан мустаҳкамлайди.

Яна бир масала, барчамизга маълумки бугунки кунда  ҳудудлардаги тиббиёт муассасалари малакали шифокорларга бўлган эҳтиёж юқори эди. Қарорда шу каби масалани ҳал қилиш учун тиббиёт олий таълим тизимида бакалавриатнинг “Даволаш иши”, “Педиатрия иши” ва “Касбий таълим” йўналишлари бўйича давлат гранти асосида ўқишга мақсадли қабул параметрлари туман (шаҳар)лар кесимида шакллантирилиши назарда тутилмоқда. Мазкур йўналишлар битирувчилари эса яшаш бўйича рўйхатга олинган жойидан қатъи назар, давлат гранти асосида мақсадли қабул параметрларида кўрсатилган туман (шаҳар)да камида 5 йил ишлаб беришлари керак бўлади. Бу эса узоқ ва чекка ҳудудлардаги аҳоли саломатлигининг ҳимоя қилиниши ҳамда соғлом ҳаётнинг таъминланишида жуда муҳим аҳамиятга эга бўлади.

Шунингдек, тиббиёт кадрларга эҳтиёж юқори бўлган ҳудудлар учун бакалавриат ва магистратурага давлат гранти асосида ўқишга мақсадли қабул параметрлари 50 фоизгача оширилиши эса юқоридаги фикримизни яна бир бор исботлайди.

Ҳар бир соҳа ривожида кадрларни моддий рағбатлантириш муҳим аҳамиятга эга эканлиги тўла исботланган. Шундан келиб чиқиб, қарорда айтилганидек, кейинги ўқув йилидан бошлаб бюджет маблағлари ҳисобидан моддий рағбатлантириш даражаси оширилиб, таълим босқичидан қатъи назар, чет тилини билиш даражаси тўғрисидаги халқаро сертификатга эга бўлган тиббиёт олий таълим муассасалари талабаларига ҳар ойлик стипендиясига қўшимча тўлов амалга оширилиши назарда тутилмоқда. Шунингдек, қарорда бошқа яна бир қатор илмий ходимларни ва малакали кадрларни моддий рағбатлантириш назарда тутилган.

Яна шунингдек, мамлакатимиздаги тиббиёт олий таълим муассасаларида халқаро рейтингларга кирувчи нуфузли хорижий тиббиёт таълим муассасалари билан ҳамкорликда қўшма таълим дастурлари асосида халқаро факультетларнинг очилиши эса юртимизда тиббиёт соҳасининг янада ривожланиши йўлида пухта замин яратади.

Бир сўз билан айтганда, Президентимизнинг мазкур қарори мустақил юртимизни малакали тиббиёт ходимлари билан таъминлаш, соҳадаги камчиликларни бартараф этиш ва эгнидаги кийими каби оқ кўнгил шифокорларга кўрсатилаётган эътибору эътирофнинг яна бир ёрқин намунаси бўлди.

 

Қизилгул Қосимова,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

Фуқароларнинг соғлиғини сақлаш масалалари қўмитаси аъзоси.

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш