Депутат Шербек Бўронов таклифи билан 2 та мактабни таъмирлаш масаласи ҳукумат дастурига киритилди

 

Бугунги кунда депутатларнинг зиммасида долзарб вазифалар турибди. Улар сайловчилар билан ҳар доим мулоқотда бўлиб, ўзи сайланган ҳудуддаги ижтимоий-иқтисодий муаммоларни ўрганиши, энг муҳими, ижобий ҳал қилиш бўйича таклиф ва ташаббуслар билан чиқиши талаб этилмоқда. Депутат шундагина амалий натижага эришиб, сайловчилар ишончини оқлайди.

Кейинги йилларда депутатлар нафақат қонун ижодкорлиги, уларнинг ижроси бўйича назорат-таҳлил жараёнларида иштирок этмоқда, шу билан бирга, жойларда аҳолини ўйлантириб келаётган масалаларни кўтариб чиқиб, ҳал қилишга интилмоқда. Ўз навбатида, ижро ҳокимияти ҳам депутатларнинг таклиф-ташаббусларини ҳисобга олишга эътибор қаратмоқда. Бу ижтимоий муаммоларнинг кечикмасдан, самарали ҳал этилишига хизмат қилмоқда.

Жорий йил 4 апрель куни ҳукуматнинг раёсат мажлисида Инқирозга қарши курашиш жамғармаси маблағлари ҳисобидан 2020 йилда қўшимча ижтимоий ва инфратузилма объектларини шакллантириш ва амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисидаги масала кўриб чиқилган эди.

Мазкур йиғилишда умумтаълим мактабларини қуриш, реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш ишларининг манзилли рўйхати тегишли иловага мувофиқ тасдиқланди. Эътиборли жиҳати, ушбу рўйхатда депутатлар сўрови асосида ҳам айрим таълим муассасаларини реконструкция қилиш кўзда тутилди.

Хусусан, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси Шербек Бўроновнинг 2 та мактабни мукаммал таъмирлаш бўйича киритган сўровидан амалий натижа чиқадиган бўлди.

Гап шундаки, депутат ўзи сайланган ҳудуд Самарқанд вилояти Нарпай туманида жойлашган 30 ва 43-умумий ўрта-таълим мактаблари бинолари ҳолатини яқиндан ўрганиб, педагоглар, мутахассислар ва маҳаллий аҳоли билан маслаҳатлашиб, шу асосда ушбу муассасаларга қарашли биноларни таъмирлаш бўйича таклиф билан чиққан эди. Бу таклиф ҳукумат томонидан 2020 йилга мўлжалланган инвестиция дастурини шакллантиришда инобатга олингани маҳаллий аҳоли, ўқувчилар, уларнинг ота-оналари, биз, ўқитувчиларни ҳам хурсанд қилишига шубҳа йўқ.

Маълумот учун, Нарпай тумани “Ипак йўли” МФЙ Қорасийроқ қишлоқ ҳудудида жойлашган 30-мактаб 1992 йилда қурилган, 395 нафар ўқувчи таълим олади. Мактаб биноси қурилганидан кейин шу вақтгача, яъни 28 йил давомида таъмирланмаган.

Дўстлик” МФЙ Хўжалар қишлоғида жойлашган 43 мактаб биноси эса 1982 йилда қурилган. 789 нафар ўқувчи таълим олади. Бу мактаб биноси ҳам ўтган йилларда таъмирга тушмаган.

Дастурга кўра, мазкур мактабларнинг биноларини мукаммал таъмирлашга 4 миллиард сўмдан ортиқроқ маблағ ажратилиши белгиланибди.

Депутат Шербек Бўронов мутасадди-масъуллар, маҳаллий Кенгаш депутатлари билан бирга таъмирлаш ишларининг вақтида ва сифатли бажарилиши масаласига алоҳида эътибор беришини айтмоқда. Мен, тўғриси, депутат, жамоатчилик ва ижро ҳокимияти ҳамфикрлигида муаммолар ҳал этилаётганидан ҳам ўқитувчи, ҳам сайловчи сифатида хурсандман.

Ҳар бир депутат сайлов олдидан берган ваъдаларини бажариш учун қатъият билан изланса, асосли таклиф-ташаббус билан чиқса, албатта натижага эришади, деб ўйлайман. Энг муҳими, бундан аҳоли манфаат кўриб, ечимини кутиб турган муаммолар камаяверади.

 

Фарҳод НАМОЗОВ,

Нарпай туманидаги 43-мактаб директор ўринбосари.

Теглар

Депутат Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш