Сизга таъзим, сизга эҳтиром!

 

Инсон хотира билан тирик, қадр билан улуғ, дейишади. Шу боис бўлса керак, хотира ва қадрлаш ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айланиб улгурган. Айниқса, тинчлик учун курашларда қатнашган, жон олиб, жон бериб, она тупроғини ҳимоя қилган ватандошлар ҳар бир фуқаронинг, миллатнинг қалбида мангу яшайди. Уларни хотирлаш, бугунги кунда ҳаёт бўлганларини эъзозлаш ва қадрлаш биз учун ҳам бурч, ҳам шарафдир.

Сайдулло бобо Жабборовнинг ёшлиги иккинчи жаҳон урушининг суронли даврларига тўғри келди. Бобо 1920 йил Шаҳрисабз туман Қутчи қишлоғида туғилган. 1941 йил 21 ёшида Сталинградга урушга борган. 1942 йил ярадор бўлган. Шундай бўлса-да, уруш йилларида Сталинград, Латвия, Литва шаҳарларида оғир жангларда қатнашган. Артеллерия, танк батаолёнида, разведка қўшинларида хизмат қилган. 1946 йил Воронеж шаҳридаги ҳарбий госпиталга даволангандан кейин шу йили уйига қайтиб келган. Бугун фарзандлари, неваралари ардоғидаги отахон кексалик гаштини сурмоқда.

Қишлоқдан 117 киши урушга кетдик, 28 киши қайтиб келдик, – дейди отахон. – Урушга кетганлар орасида уйланиш учун тараддудланиб юрганлар бўз йигитлар, чақалоғининг ҳидига тўймаган ёш оталар, ҳар куни ўғил-қизларини тиззасида ўтқизиб, уларнинг камолини, бахтини кўриб, ҳаётдан мамнун юрган пайтларини хаёлга чўмиб орзу қиладиганлар кўп эди. Лекин уларнинг кўпи қайтиб келмади, жанггоҳларда жон берди. У даврларни унутиш қийин.

Менга кўрсатилаётган ҳурмат-иззатдан бошим осмонга етади, кўнглим тоғдек кўтарилади. Қариндош-уруғлар, маҳалладошларим ҳар доим йўқлаб туришади. Улар билан суҳбатлашиб, куч-ғайратим янада ошади. Ҳамиша юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо бўлсин!

Сайдулло бобо Жабборов урушдан қайтгач, мамлакатимиз ривожи учун белдни маҳкам боғлаб ишга киришди. Бир неча йил қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳалол меҳнат қилди. Жасорат ордени билан тақдирланди. Ҳозир беш нафар фарзанднинг отаси, 20 дан ортиқ набираларининг севимли бобоси бўлиб, ҳаётдан завқланиб яшаб келмоқда.

Сайдулло бобо тинчликнинг қадрига етиш кераклигини кўп таъкидлайди. Юртимиз тинчлиги, халқимиз омонлигини сўраб, дуога қўл очади. Сизнинг, сиздай улуғ ва азиз отахону-онахонларимизнинг насиҳати, дуоларингиз қўллайди бизни. Бахтимизга омон бўлинг!


ЎзХДП Марказий Кенгаши

Ахборот хизмати.

← Рўйхатга қайтиш