Амалга оширилаётган ишлар самараси назоратга боғлиқ

 

Жорий йилнинг 18 апрель куни Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашининг навбатдаги 8-сессиясида коронавирус пандемиясига қарши курашишда Тошкент шаҳридаги ишлар натижадорлиги таҳлили ҳамда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, аҳоли бандлиги ва даромадини ошириш борасида амалга оширилаётган ишлар муҳокама қилиниб, қатор муҳим вазифалар белгилаб олинди.

Бугун коронавирус инфекциясига қарши кураш жараёнида ҳудудда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, деҳқон бозолари ва савдо марказларида арзонлаштирилган қишлоқ хўжалик махсулотларининг узлуксиз савдосини ташкил этиш, озиқ-овқат махсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш ўта долзарб вазифа ҳисобланади.

Коронавирус пандемияси билан боғлиқ жараёнларнинг изидан қувиб эмас, балки унинг барвақт олдини олиш учун бор куч ва имкониятларимизни ва барча ресурсларимизни сафарбар этишимиз зарур, дея таъкидлаган эди давлатимиз раҳбари.

Шу боисдан, сессияда сектор раҳбарларининг ҳар бир масала кесимида аҳолининг озиқ-овқат махсулотларига бўлган эҳтиёжини таъминлаш юзасидан тақдимотларини эшитар эканмиз, озиқ-овқат махсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш, аҳолига арзонлаштирилган энг зарур махсулотларни етказиб бериш бўйича чора-талбирлар режасини пухта, ҳар томонлама ўйлаган ҳолда ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш масаласи диққат эътиборимизда бўлди.

Нега деганда режа пухта, вазифалар аниқ, натижа эса манзилли бўлсагина ўз самарасини беради.

Биз депутатлар ҳам мазкур масала юзасидан аввало маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, тегишли мутасадди ташкилотларга амалий ёрдам бериб келмоқдамиз. Айниқса, кам таъминланган ва ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга озиқ-овқатлар, кийим-кечаклар, ниқоблар етказиб бериш, бундан ташқари, ҳудудларда арзонлаштирилган кўчма савдо ярмаркалари ташкил қилиш жараёнларида фаол иштирок этмоқдамиз.

Энг муҳими, жойларда аҳолининг энг муҳим ҳаётий эҳтиёжларини тўлиқ таъминлаш, нарх-навонинг ошиб кетмаслигига эришиш юзасидан қатъий депутатлик назоратини амалга ошириб бориш, кам таъминланган оилаларни қўллаб-қувватлаш борасидаги ишлар самарадорлиги оширишга қаратилган таклифларни бериб бориш бугун ҳар қачонгидан долзарб ҳисобланади.

Бугун ўз ҳаётини хавфга қўйиб, коронавирусга қарши курашаётган тиббиёт ходимлари қай даражада матонат кўрсатаётган бўлса, биз ҳам бундай шижоатни, ғайратни, фидойиликни юракдан ҳис қилишимиз, инфекцияга қарши кураш жараёнида фаол бўлишимиз лозим.

Дунё яралибдики, ўз фуқароларини эътибордан четда қолдирган, уларга ғамхўрлик қилмаган мамлакатни ҳеч ким кўрмаган. Шундай экан, Сизлардан карантин тартиб қоидаларига қатъий амал қилиб, бугунги кун қаҳрамонлари бўлган шифокорларимизнинг маслаҳатларига қулоқ тутинг. Ўзингиз ва яқинларингизни эҳтиёт қилиб, уйда бўлиш орқали, Сиз коронавирус инфекциясига қарши курашган, инфекция занжирини узишга энг катта ёрдам берган бўласиз. Барча бирдек ҳаракат қилсагина бу вақтинчалик қийинчиликларни албатта яқин кунларда енгиб ўтамиз.


Нигора Эшметова,

Ўзбекистон ХДП Тошкент шаҳар кенгаши раиси,

Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши депутати.

Теглар

Депутат
← Рўйхатга қайтиш