Коррупцияни енгиш мумкинми?

 

Коррупция” амалдорлар ёки бизнес вакиллари томонидан қонун бузилишларининг умумлашган номи бўлиб, лотин тилидан таржима қилинганда “бузилиш”, “чириш” деган маъноларни бераркан. Коррупция, янада кенгроқ тарқалган таърифга кўра, ишончнинг суистеъмол қилинишидир.

Коррупциянинг энг кенг тарқалган кўриниши, бу – порахўрлик. Яъни, кўрсатиладиган хизмат ёки рақобатда бериладиган имтиёзлар учун тўланадиган маълум тўлов.

Коррупциянинг энг хавфли кўринишларидан бири – давлат бюджети маблағларининг мансабдор шахслар томонидан турли қинғир йўллар орқали талон-тарож қилинишидир.

Дунё давлатлари томонидан коррупцияни енгиш учун жуда кўплаб усуллар таклиф қилинган, лекин ҳар қандай коррупция ҳолатини тугатиш учун уни келтириб чиқарган сабабларни ўрганмай чора кўриш қийин.

Коррупция муаммоси билан шуғулланган мутахассислар коррупциянинг қуйидаги сабабларини кўрсатадилар:

Биринчи сабаб - ойлик маошларнинг камлиги. Сингапурда вазирлар ва бошқа амалдорларнинг маошлари хусусий сектордаги катта маош олувчи мутахассислар маошларига тенглаштириб қўйилган. Шунинг учун хусусий секторда даромадлар ошган сайин давлат хизматидаги мансабдорларнинг ҳам маошлари кўтарилиб боради. Бу давлатда мансаб эгаси бўлиш учун узоқ ва қатъий хизмат қилиш керак, шунинг учун ҳам хизматчилар ҳалол номларини, ўз обрўларини сақлашга, пора олишдан қатъий чекинишга қаттиқ эътибор беради. Акс ҳолда, ходим нафақат мансабидан, балки барча ижтимоий кафолатлардан махрум бўлади.

Голландияда жазолаш эмас, балки рағбатлантириш усулидан фойдаланишади, яъни узоқ вақт коррупцияга йўл қўймаган ёки коррупцияни аниқлашга ёрдам берган ходимлар моддий рағбатлантирилади.

Коррупция пайдо бўлишининг иккинчи сабаби бюрократия экан.

Жанубий Кореяда коррупция ҳолатлари сезиларли камайишига давлат тизими чуқур ислоҳ қилиниши орқали турли бюрократик тўсиқларнинг тугатилиши асос бўлгани айтилади. Натижада мамлакатда фуқароларнинг лицензия ва бошқа рухсат берувчи ҳужжатлар олиш учун мансабдорларга шахсан мурожаат қилиши кескин камайган. Бу мамлакатда OPEN тизими йўлга қўйилган бўлиб, фуқаро коррупция бўйича аризаларни онлайн кўринишда бериб қолмай, уни ўрганиш жараёнини ҳам кузата олади.

Учунчи сабаб – қонунчиликдаги камчиликлар ва коррупцияга қарши курашувчи органларнинг самарасиз фаолият юритиши экан. Дунёда Жанубий Кореянинг коррупция ҳақидаги қонуни энг самарали қунунлардан деб тан олинган. Бу қонунга кўра, ҳар бир балоғатга етган фуқаро пора ҳолати бўйича текширув ўтказиши мумкин, унга Кореянинг коррупцияга қарши кураш органи ҳар томонлама ёрдам кўрсатади.

Жамиятда коррупция ҳолатларини кескин камайтириш учун нима қилиш керак?

Аввало, коррупцияни пайдо қилувчи сабабларни тугатиш керак.

Қайси сохада танқислик юзага келса, маълумотлар ёпиқ сақланса, шу жойда коррупцион аломатлар учун қулай шароит пайдо бўлади.

Аҳолининг ҳуқуқий билими. Ҳар бир фуқарога ҳуқуқ ва мажбуриятлари аниқ, лўнда тушунтирилиши ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишда катта аҳамиятга эга. Ўз ҳуқуқларини яхши билган инсон мансаб эгалари олдида ҳуқуқларини ҳимоя қила олади.

Бошқарув тизимларининг очиқлиги. Ҳар бир корхона ва муассасадаги фаолият очиқлиги, ҳужжатлар билан (таъминот, ишга олиш, мукофот, рағбатлантириш ёки жазолаш кабиларга доир) ҳар бир ходимнинг танишиш имконияти яратилиши жамоатчилик назорати тўғри йўлга қўйилишига асос бўлади. Бу эса коррупция кўпайишининг олдини олади. Ўзгаришлар натижасида жамиятнинг барча сохаларида шаффофлик таъминланади.

Иқтисодиётнинг очиқлиги. Ҳар бир фуқаро ҳеч қандай мансабдор ёки рақибнинг ҳеч бир тўсқинлигисиз ўз фаолиятини, бизнесини яратишига имкон беради.

Сиёсатнинг очиқлиги. Ҳар бир фуқаронинг маҳаллий ва умумдавлат сиёсати амалга оширилишида иштироки кафолатланиши керак.

Давлат хизматининг очиқлиги. Ҳар қандай лавозимга ҳалол танлов асосида тайинланиш ва шу йўналишда самарали меҳнат қилишга имкон беради.

Бу тизимларни албатта бир кунда йўлга қўйишнинг имкони йўқ. Ҳар бир соҳа замонавий илм асосида чуқур таҳлилни талаб қилади. Лекин биринчи умумий шарт – мансаб эгаси билан фуқароларнинг бевосита мулоқотини имкон даражасида қисқартириш, барча маълумотларни очиқ электрон тизимларга ўтказиш, лавозим эгаларининг доимий ҳисобдорлигини таъминлашдир.

Соҳалар ва хизматларнинг бундай очиқланиши ҳаммага ҳам ёқмаслиги аниқ. Чунки, очиқ тизимда қанчалик кенг иш олиб борилса, коррупциянинг имконияти шунчалик қисқаради.

Биз коррупция енгилган жамиятда яшашни истар эканмиз, яхши билишимиз керакки, ҳеч ким келиб бизга бундай жамиятни яратиб бермайди. Ҳаммамиз шу мақсад йўлида бирлашсак, ўзгаришларни ўзимиздан, ўз иш жойимиздан бошласак, албатта, жамиятимиз ҳам бу иллатдан покланади.


Мақсуда Ворисова,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

ЎзХДП фракцияси аъзоси.

Теглар

Депутат Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш