Оиланинг даромади кўпаяди

 

Деҳқончилик юмушлари қизғин паллага кирган шу пайтда фермер ва томорқачиларимиздан, санитария-гигиена қоидаларга қатъий амал қилган ҳолда, қишлоқ хўжалиги ишларини изчил давом эттиришни даврнинг ўзи талаб этмоқда.

Шу маънода, Олий Мажлис палаталари Кенгашлари Қўшма қарори ўз вақтида қабул қилинган ҳаётий ҳужжат бўлди, дейиш мумкин. Зеро, унда аҳоли бандлигини таъминлаш, оилавий тадбиркорликни ривожлантириш ва томорқадан унумли фойдаланишдек долзарб масалаларни қамраб олганлиги билан эътиборга молик.

Маълумки, қишлоқ шароитида деярли ҳар бир оиланинг томорқаси бор. Ана шу мўъжазгина ердан йилига ўн миллионлаб даромад олаётган оилалар мамлакатимизда жуда кўплаб топилади. Аммо ана шу неъматдан барча ҳам бир хил фойдаланаётгани йўқ. Бугунги кунда, эса юртимизда 4,5 миллион хонадондаги 432 минг гектар томорқаларнинг 396 минг гектарига экинлар экилган. Яъни республика бўйича 36 минг гектар томорқа ерларига баҳорги экинлар ҳали экиб бўлинмаган.

Жойларда бўлганимизда кўрганмиз, каттагина томорқаси бўш турган ёки чорва учун нимадир экилган бўлади. Бизнингча, кони фойда бўлган томорқа умрини бундай ўтказиб юбориш ҳар қанақасига тўғри келмайди. Айниқса, ҳозиргидек шароитда ундан унумли фойдаланиш жуда-жуда муҳим.

Айтиш жоиз охирги йилларда аҳоли томорқаларидан самарали фойдаланиш бўйича қатор қарорлар қабул қилинди, айрим қонунларга ўзгартишлар киритилди. Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги, унинг ҳудудий бўлинмалари, маҳалла фуқаролар йиғинларида томорқа билан шуғулланадиган алоҳида ўринбосар лавозими жорий этилди.

Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши ҳамда унинг ҳудудий бўлинмалари ташкил қилинди. Аҳолига уруғлик ва кўчат етказиб бериш, хизматлар кўрсатиш бўйича 244 та “Томорқа хизмати” корхона фаолияти йўлга қўйилди. Томорқада янги лойиҳаларни амалга ошириш учун давлат бюджетидан 350 миллиард сўм ажратилиб, Фермерлар кенгаши ҳузурида жамғарма фаолияти йўлга қўйилди.

Бир сўз билан айтганда, аҳолига кўмаклашадиган, моддий ресурсларни етказиб берадиган ва молиялаштирадиган, олдин бўлмаган тизим яратилди.

Шундай экан, бугунги вазиятдан келиб чиқиб, томорқамиздан тўғри фойдаланиш ва коронавирус пандемияси билан боғлиқ тадбирларни тўғри қабул қилиб, ҳар бир дақиқани ғанимат билишимиз талаб этилади. Зеро, оила фаровонлигини ошириш ўз қўлимиздадир.


Феруза ЭШМАТОВА,

Олий Мажлис Сенати Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси раиси.

← Рўйхатга қайтиш