Томорқа қийин кунларни енгиб ўтишга ёрдам беради

 

Денов тумани аҳоли ўз томорқасидан унумли фойдаланиши бўйича донғи кетган ҳудудлардан ҳисобланади.

Бугунги кунда жами хонадонлар сони 63 397 тани ташкил этиб, шундан 55 677 хонадонда томорқа мавжуд. Экин экиладиган майдон 4837 гектар ҳисобланади.

Тумандаги 207 га майдонга 2105 та иссиқхона қурилган. Жорий йилда 17 га яқин томорқа ер майдонига 186 та иссиқхона қурилиши режалаштирилган.

Денов туманида танлов асосида, албатта, карантин қоидаларига риоя этган ҳолда, маҳаллалардаги хонадонларда бўлиб, томорқадан фойдаланиш ҳолати ўрганилди.

Жумладан, тумандаги “Боғишамол” маҳалласида яшовчи аксарият хонадонлар томорқадан унумли фойдаланиб келаётганлигининг гувоҳи бўлдик. Нафақадаги Абдуфаттоҳ бобо хонадонидаги 0,10 сотих томорқасида иссиқхона асосида бодринг маҳсулоти етиштирилмоқда. Ўтган йилда 30 млн. сўм даромад олганлигини фахрланиб айтиб берди. Бу йилда ўтган йилга нисбаттан 10 млн. сўм ортиқ даромад қилишини кутмоқда.

Ушбу отахон томорқа маданиятини ўз фарзандларига ҳам ўргатиб келмоқда. Ўғли Ҳ.Турдиев ўз томорқасининг 0,3 сотихига иссиқхона асосида помидор, 0,3 сотихига бақалажон ва қолган 0,4 сотихига картошка маҳсулотлари етиштирмоқда.

Маҳалладаги А.Юсупов томорқа ҳадисини ўз отасидан ўрганганини айтди. У ўзига тегишли ернинг ҳар бир қаричидан унумли фойдаланишини кўрдик. У бозордан деярли бирон-бир қишлоқ хўжалик маҳсулотини сотиб олмаслиги, ҳаммасини ўз томорқасида етиштиришини гувоҳи бўлдик. 0,17 сотих томорқасининг 0,7 сотихида 1979 йилда екилган лимон ҳамда мандарин, қолганига карам, лимон кўчат, картошка, кримский арча кўчати, гул кўчатлари кабиларни парваришлаб нафақат оиласини балки аҳолига ҳам етказмоқда.

Шу маҳаллада яшовчи М.Юзбоева эса “Ҳар бир оила – тадбиркор” лойиҳаси асосида 2019 йилда 300 млн. сўм кредит олиб, 0,22 сотих томорқасига томчилаб суғориладиган иссиқона ташкил этган. Ўтган йил ва бу йилги даромадидан кредит суммасини ёпишини таъкидлади.

Худи шундай намунали томорқа хонадон эгаларини тумандаги “Ибн Сино” ва “Қуёшли юрт” маҳаллаларида ҳам ўрганиш давомида кўриб гувоҳи бўлдик.

Деҳқон ва томорқа эгаларининг таъкидлашича, Президентимиз томонидан томорқадан унумли фойдаланиш бўйича олиб борилган ислоҳотлар узоқни ўйлаб қилинган ишлар эканлигини бугун гувоҳи бўлиб турибмиз. Ана шу ислоҳотлар натижаси ўлароқ, айни оғир кунларда нафақат ўзимизнинг оиламиз балки, аҳолимизни ҳам зарурий озиқ-овқат маҳсулотлари (пиёз, картошка, сабзи, помидор, бодринг ва б.қ.) билан таъминлаётганимиздан хурсандмиз.

Афсуски, айрим юртдошларимиз томонидан томорқани қаровсиз қолдириш ҳолатлари ҳам кузатилди. Хусусан, “Қуёшли юрт” маҳалласида яшовчи Ш.Азизованинг 0,8 сотих томорқасида ҳеч қандай экин экилмаган, қаровсиз аҳволда. Шунинг учун ўзи ва маҳалла фаоллари билан келишилган ҳолда, мазкур томорқа вақтинча фойдаланиш учун қариндоши Б.Зиёдуллаевга берилди.

Бугунги пандемия даврида томорқасидан ҳеч бўлмаганда ўз оиласини ўзи таъминлаганлар давлатимизга катта ёрдам бўлади. Аксинча ҳолатда эса зарар етказилади.

Томорқага қалб қўрингизни бериб, яхши ният билан уруғ қадасангиз, албатта фойдасини беради. Буни ўз ҳаётимиз мисолида кўрдик”, дейди деновлик ҳамюртлар.

Ҳаммамиз томорқамизни бўш қолдирмасдан, ундан унумли фойдалансак, ўз рўзғоримизни бутлаган, қийин кунларни енгиб ўтишга ҳисса қўшган бўламиз.

 

Фирдавс ШАРИПОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

ЎзХДП фракцияси ҳамда Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси аъзоси.

Теглар

Лойиҳаларимиз Депутат Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш