Янгиланаётган Cурхондарёнинг янги довонлари

 

Охирги 50-60 йил давомида Сурхон элининг қалби бир орзудан энтикиб келган: “Қанийди, бизнинг воҳада ҳам олий таълим муассасалари кўпроқ очилса, билимдон кадрларимиз кўпайган бўлармиди?”

Чиндан ҳам, ўтган асрнинг эллигинчи йилларидан мустақиллигимизнинг йигирма олтинчи йили, яъни 2017 йилгача Сурхондарё вилоятида биттагина олий таълим муассасаси – ТерДУ бор эди, у ҳам педагогика йўналишига ихтисослашган эди. “Асосан аграр соҳага ихтисослашган чекка бир вилоятда ОТМ ларни кўпайтириш ушалмас орзуда”, деб юрган пайтимизда, муҳтарам Президентимиз ташаббуси билан бундан уч йил аввал бир йилнинг ўзида Термиз шаҳрида тўртта олий даргоҳнинг филиаллари, Денов шаҳрида ТерДУнинг филиали иш бошлади.

Бир пайтлар Термизда олий маълумотли врачлар тайёрланиши тасаввуримизга сиғмасди. Бугун Сурхондарё бир чеккадаги аграр ҳудуддан бутунлай янгича қиёфа касб этган, саноати, қишлоқ хўжалиги, ижтимоий соҳалари тараққиёт даврига кирган, тадбиркорлиги ривожланаётган вилоятга айланиб бормоқда.

Албатта, замонавий билимларга эга малакали кадрлар ҳар қачонгидан зарур, уларга бўлган талаб ҳам кун сайин ошмоқда.

Шу билан бирга, билимга чанқоқ, юраги ғайрат-шижоатга тўла ёшларимиз олий маълумот олиш учун бошқа юртларга кетиб қолаётгани ҳам бор гап. Сурхондарё вилоятида юқори малакали кадрлар тайёрлаш тизимини кенгайтириш ва янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисидаги Президент қарори тарихий аҳамиятга эга ҳужжат бўлди, дейиш мумкин. Ушбу қарорга кўра, Термиз давлат университети Денов филиали негизида Самарқанд давлат университетининг Денов тадбиркорлик ва педагогика институти ташкил этилмоқда.

Меҳнат бозори эҳтиёжларига мувофиқ соҳалар бўйича юқори малакали кадрларни миллий ва халқаро стандартларга мувофиқ тайёрлаш, етакчи олий таълим муассасалари билан ҳамкорликни йўлга қўйиш, мутахассислар тайёрлаш жараёнига илғор таълим технологияларини жорий этиш, кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш курсларини ташкил этишга ҳам алоҳида эътибор қаратилган.

Бундан ташқари, институт вилоятнинг Денов, Узун, Шўрчи ва Қумқўрғон тумани ўрта умумий таълим мактаблари ва ўрта махсус таълим муассасалари чет тили ва аниқ фанлар ўқитувчиларига доимий равишда услубий ёрдам кўрсатиб бориши белгиланди. Қолаверса, қарорда яна бир қанча чора-тадбирлар, жумладан, вилоят ҳокимлиги ҳамда олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги зиммасига янги институтга жалб этиладиган малакали профессор-ўқитувчиларни хизмат уйлари билан таъминлаш вазифаси юкланган.

Шу ўринда таъкидлашни истардимки, шимолий туманларимиз вилоят марказидан 150-200 километр узоқликда жойлашган. Бу ердаги сайловчилар билан учрашганимда олий таълим муассасасига бўлган эҳтиёж доимий кўтариладиган мавзу бўларди. Энди эса бу туманлар аҳолиси, жумладан, сайловчиларим ҳам мамнун.

Бир сўз билан айтганда, Президентимиз қарори вилоятда олий таълим ривожи учун янги уфқлар очади.

 

Мавжуда ҲАСАНОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

ЎзХДП фракцияси аъзоси.

Теглар

Депутат Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш