«Саховат ва кўмак» умумхалқ ҳаракати ташаббуси атрофида бирлашайлик!

 

Синовли кунлар бир-биримизга меҳрли, мурувватли, ҳимматли бўлишга ва савоб ишларни кўпроқ қилишга ундамоқда. Юртимизда хайрли ишлар якдиллик билан ташкил этилмоқда.

Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ташаббуси билан ташкил этилган Хайрия маблағларини мувоқлаштириш марказининг фаолияти ҳам фикримизга мисол бўла олади. Мазкур марказ орқали минглаб саховатпеша ҳамюртларимиз ўзининг беминнат кўмакларини беришмоқда ва минглаб ижтимоий кўмакка муҳтож инсонлар бундан баҳра олишмоқда.

Мамлакатимиздаги ҳамжиҳатлик, инсонпарварлик, саховатпешалик ишлари кўпгина хорижий давлатларнинг эътирофига сабаб бўлиб, улар биздан намуна олишмоқда. Бу, албатта, биз учун фахр ва ғурур ҳисларини уйғотмоқда. Ўзбеклигимиз, Ўзбекистон фуқароси эканлигимизга шукроналар келтирмоқдамиз.

Лекин, минг афсуски, беш бармоқ бир хил бўлмаганидай орамизда Хайрия марказлари ишига халақит бераётган, ҳар хил бўлмағур нарсаларни сўраб мурожаат қилиб, вақтни беҳудага сарфлаётганлар ёки хайрия молларидан норози бўлиб, ҳеч андишасиз ношукурлик қилаётган фуқаролар ҳам учраяпти. Бундай номаъқул ҳаракатлар одамни чуқур ўйга толдиради ва мушоҳада юритишга ундайди.

Ҳимматли, мурувватли бўлмоқ улуғ китобларда шоҳу гадолар, жамики инсоният учун ҳам фарз, ҳам қарз эканлиги алоҳида қайд этилган. Аксинча, ношукрлик, таънаю миннатнинг ёмон қусур эканлиги таъкидланган.

Шу ўринда ҳазрат Алишер Навоийнинг айрим мисраларини келтиришни ҳамда эҳсон, ҳиммат, хайр-саховат ҳақида ул зотнинг ижодларига мурожаат қилишни жоиз деб топдим:


Тухм (уруғ) ерга тушуб чечак бўлди,

Қурт жонидин кечиб ипак бўлди.

Лола тухмича ғайратинг йўқму?

Пилла қуртича ҳимматинг йўқму?


Менимча, бу мисраларга изоҳнинг ҳожати йўқ бўлса керак. Наҳотки, айрим ҳазрати инсонлар ҳатто ўсимлик, ҳашортчалик ҳам ҳимматли бўла олмаса? Қўлидан яхшилик келмаган ёки яхшилик қилишни истамаган инсон, ҳеч бўлмаса, бировга, яхшилик йўлида меҳнат қилаётган инсонларга зарари ҳам тегмасин. Уйда ўтириб, карантин қоидаларига риоя этиш ҳам ўзи бир ҳиммат, бир мурувват эканини ҳис этайлик.

Ҳазрат Навоий хайру эҳсон, саховат ва унинг орқасидан эришиладиган улуғворликлар ҳақида жуда ҳақ гапларни айтганлар.


Йўқ феъл кишига яхшироқ эҳсондин,

Офоқ элига жуду бепоёндин.

Гар мужтаниб ўлса давр аро нуқсондин,

Жудиға камоли узр билгил ондин.


Яъни, инсон учун хайру эҳсон қилишдан яхшироқ феълу автор бўлмаслигини, халққа саховат қилиш бирор нуқсони бор кимсанинг бу камчилиги қилган эҳсони соясида қолиб кетишини, уни тўла-тўкис, комил инсон эканлиги баён этилган.

Азизлар, мурувват ва эҳсоннинг савобидан бебаҳра қолмайлик.

Агар кимни имкони бўлса, муҳтож инсонлар учун ҳадя, эҳсон қилса, албатта, бирига минг қўшилади. Ёки мана шундай ишларга ёшларни, ён -атрофдагиларни чорлаш, ундаш, уларга йўл-йўриқ кўрсатиш сизу бизнинг олдимиздаги фарз ва қарз ҳисобланади.

Кеча Президентимиз илгари сурган «Саховат ва кўмак» умумхалқ ҳаракатини йўлга қўйиш ташаббуси шу маънода жуда долзарб ижтимоий, маънавий-руҳий аҳамиятга эга, деб ўйлайман.

Алишер Навоий бобомиз айтганларидай, ҳиммату эҳсонли кишиларнинг хулқ-ахлоқ либоси бўлгай, бу улуғворлик, виқор тўни чарх атласидан, яъни илоҳ қудратидан тикилгандир. Кимки ҳиммату саховатда камтар бўлса ҳам, қадрли, обрў-эътибор ва шукуҳга эга бўлади.

Ҳимматсиз, ношукур, разил ва бадбин кимсаларнинг ҳар доим ғаму аламлари зиёда бўлади, аксинча, кимки, олийҳиммат ва саховатпеша бўлса, уларнинг ҳам-андуҳ дарахтлари таназзулга учрайди ва шоду хуррамлик баҳори улар кўнглини шод этади.


Мол базд ила суд агар тиласанг,

Оқибат чун ўлум эрур мавжуд,

Асрағон қолур, улки базл эттинг

Санга ҳамроҳ борур онинг суд.


Яъни, мол-пул сарфлаб, фойда топишни истасанг, шуни бил: модомики ўлим ҳақ экан, асраганинг қолиб, сарфлаганинг сенга ҳамроҳ бўлади, мана шуниси ҳақиқий фойдага қолади.


Дўстлашинг ҳадялар беришиб,

Баҳра топқон хирад атийясидин.

Худ жаҳонда атийяе борму,

Яхшироқ дўстлуқ ҳадиясидин.


Яъни, ақл туҳфасидан баҳра топиб, ҳадялар бериб, дўстлашинглар. Зотан, дунёда дўстлик ҳадиясидан яхшироқ бирор ҳадя борми?!

Келинглар, азиз ҳамюртлар, фойдамизни кўзлаб, халқимиз, яқинларимиз, келажагимиз ва яхши кунларимиз қайтиши учун эзгу ташаббус атрофида жипслашайлик, бир-биримиз билан дўст тутиниб, бир ёқадан бош чиқариб, савоб ишларни кўпайтирайлик. Ҳазрат Алишер Навоий панд-насиҳатларига амал қилиб, ҳимматли, саховатли кишилар кўпайишига сабабчи бўлайлик.

Юртимизда саховатпеша инсонлар жуда кўпчиликни ташкил этади. Бундайлар сафи кенгаяверсин. Яқин кунларда бошланадиган Рамазон - меҳр саховат ойи савоб, саховат ва ҳимматга бой ой бўлсин!


Гулшан Асатова

← Рўйхатга қайтиш