ҲАР ДАРДНИНГ ДАВОСИ БОР: Ўзбек халқ табобати

 

Одам ер юзида ҳаёт кечириши бошлаган дастлабки кунлардан башлаб ўз саломатлиги учун қайғурган. Халқ табобати асрлар оша инсоният тажрибасидан ўтиб, сайқаллашиб келган беназир табобатдир. То шу кунгача халқ орасида ҳам ёзма, ҳам оғзаки тарзда мавжуд бўлиб келган табобатнинг тавсиялари ўзининг беназирлиги билан ҳам халқнинг диққат марказида бўлиб келди.

Боиси, инсон саломатлини асрашда яхши самара бериб келаётганлигида деб биламан. Шу маънода, замонавий тиббиёт билан табобатни уйғунлаштирган холда ҳамкорликда ишни олиб бориш лозим деб биламан. Нимага, чунки, кимёвий препаратлар касалликларни даволашнинг ягона воситаси эмас. Буни ҳеч ким инкор қилолмайди. Шу боисдан, аҳоли саломатлигини асрашда табобатни илм нуқтаий назардан ўрганиш керак. Бунда дунё тиббиётига улкан ҳисса қўшган шифокор, олим ва файласуф Абу Али ибн Синонинг башариятга қолдирган бой илмий-амалий меросни чуқур ўрганиш, уни замонавий билимлар билан бойитиб халқимиз соғлигини мустаҳкамлаш йўлида қўллаш лозим.

Ибн Сино томонидан ёзиб қолдирилган тўрт юз элликдан ортиқ китобларда халқ табобати, ўсимликлар дунёси ва уларнинг дориворлиги ҳақида аниқ натижаларга қаратилган илмий маълумотлар берилган. Бу тавсияларнинг бугунги кунда ҳам аҳамияти юқоридир. Айтилишича, Абу Райҳон Беруний ва Али Абу ибн Ибн Сино замондош бўлиб, тақдир тақозоси билан улар маълум муддат ўрта асрларда мавжуд бўлган Ғазнавийлар давлатининг пойтахти Ғазна шаҳрида ва Ҳинд ерларида ҳам яшашга тўғри келган. Шундан бўлса керак Беруний ижодининг ажралмас қисми бўлган “Ҳиндистон” асри айнан шу ўлкада ёзилган, ушбу манбада ҳинд ери ва аҳолиси ҳақида тўлиқ маълумот берилган.

Маълумотлар қаторида ушбу ўлканинг ўсимлик дунёси ва табаиати ҳақида ҳам сўз юритилади. Ибн Сино эса ўз китобларида айнан ўша ўсимликлардан қандай дорилар тайёрлаш мумкинлиги ҳақида керакли маълумотлар беради. Бугунги ҳинд олимлари ва доришунослари ҳамкорликда бир қатор лойиҳаларни юқорида айтган манбаларимиз асосида амалга оширган бўлиб, дори-дармон тайёрлаш ва уни экспорт қилиш бўйича дунё давлатлари орасида етакчи ўринни эгалламоқда.

Халқ табобати 5 минг йилдан буён аҳоли саломатлигини яхшилашга хизмат қилиб келмоқда. Ривожланган давлатларда аҳолига саломатлигини асраш ва тиклашда халқ табобатидан самарали фойдаланиб келмоқда. Масалан, Хитой, Япония, Корея каби ўнлаб мамлакатларда халқ табобатига давлат мақоми берилган. Хитойда тиббий хизматнинг 40 фоизидан ортиғи табиблар томонидан кўрсатилади.

Сир эмаски, аксарият табиблар доривор ўсимликларни шифо учун тавсия қилади. Улар касалликни даволовчи восита сифатида қўллаб келади. Аслида зиминимизда минг дардга даво доривор ўсимликлар жуда кўп. Фақатгина уларни илмий ўрганиб, табобатда фойдаланиш оқсоқликлар бор. Ушбу доривор ўсимликларнинг 10-15 фоизигина шифо учун фойдали эканлиги аниқланган.

Дунё халқлари аҳолисининг 50 дан 80% гача халқ табобати хизматидан фойдаланиб келмоқда. Улар табобатда биз билмаган доривор ўсимликларнинг шифо учун фойдалигини аниқлаб, амалиётга татбиқ этиб келмоқда.

Яқинда интернетда бир маълумотга кўзим тушди. Европа аҳоли қариши муаммосига дуч келаётган экан. Бу эса сурункали касалликлар ўсиб боришига тасир қилмоқда. Бундай вазиятда даволаш харажатларини камайтириш ва самарадорликни ошириш имкониятига эга бўлган халқ табобатигина давлатга кўмаклашиши мумкин бўлар экан. Қайсидир маънода тўғри бўлиши ммумкин. Чунки, инсон кексайганда қувват кетади. Бунинг учун кимёвий препаратдан кўра, тетиклаштирувчи доривор ўсимликлар самара беради.

Юртимизда аҳоли саломатлигини таъминлаш, тиббий-санитар ёрдам кўрсатиш, турли хил, айниқса сурункали касалликлар профилактикасида ва уларни даволашда сифат, хавфсизлик ва самарадорлик жиҳатидан амалда синалган халқ табобатига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ўтган давр ичида кўрилган чора-тадбирлар натижасида халқ табиблари томонидан хизматлар кўрсатиш соҳасида ҳуқуқий база шакллантирилди, Ўзбекистон халқ табобати ассоциацияси ташкил этилди, халқ табобатининг усуллари ва ютуқларини самарали ва хавфсиз тарзда қўллаш учун биринчи навбатдаги шарт-шароитлар яратилди, уни ривожлантиришнинг асосий мақсадлари ва йўналишлари белгилаб берилди.

Президентимизнинг “Ўзбекистон Республикасида халқ табобатини ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ўз вақтида қабул қилиниб, соҳани ривожлантиришга хизмат қиладиган муҳим ҳужжатдир.

Ҳужжатда белгилаб берилганидек, республика халқ табобати илмий-амалий марказининг ташкил бўлиши, унинг асосий йўналишларини ривожлантиришга ҳамда халқ саломатлиги йўлида меҳнат қилиб изланиб келаётган табибларимизни қўллаб-қувватлашга қаратилган. Шу билан соҳани ривожлантиришда катта имкониятлар яратиб беради. Тан олишимиз керак, халқ табобатини замонавий соғлиқни сақлаш тизимига изчил интеграциялаш, ушбу йўналишда малакали мутахассислар ва бошқа тиббиёт ходимларини тайёрлаш, малакасини ошириш зарурати барибир долзарб масалалигича қолиб келмоқда. Қарорда айни муаммолар ечимлари учун аниқ ва тизимли вазифалар белгиланди, уларнинг ижроси, албатта, оғриқли нуқталарни, мазкур йўналишдаги муаммоларни бартараф этилишига хизмат қилади.

Ушбу қарорнинг яна бир аҳамиятли жиҳати, Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилотининг экспертларини жалб қилган ҳолда Ўзбекистон халқ табобати ассоциацияси, “Табобат” академияси ва бошқа манфаатдор ташкилотларга ҳамкорликда “2021-2025 йилларда Ўзбекистонда халқ табобатини ривожлантириш концепцияси” лойиҳасини ишлаб чиқиш белгиланганлиги ҳамда унинг ҳаётга тадбиқ этилиши соҳадаги кўплаб муаммоларни ҳал қилишда муҳим аҳамиятга эга.

Қарорда табоботчиларимиз Хитой, Корея, Япония, Ҳиндистон, Вьетнам, Франция, Россия ва бошқа мамлакатларнинг халқ табобатини ривожлантириш борасидаги илғор институционал тажрибаси жойига бориб кенг ўрганиш бўйича вазифалар белгиланган. Ўтказилган таҳлиллар ва тадқиқотлар асосида халқ табобати воситалари ва усулларининг сифати ҳамда хавфсизлигини тартибга солишнинг институционал механизмларини ишлаб чиқилади.

Жорий йилнинг 1 май кунидан бошлаб давлат муассасаси шаклидаги юридик шахс мақомига эга Республика халқ табобати илмий-амалий маркази ўз фаолиятини бошлайди. Ушбу марказда ўзбек халқ табобатининг тарихий анъаналари ва ўзига хос меросидан фойдаланган ҳолда касалликларни профилактика қилиш, ташхис қўйиш ва даволаш, шунингдек, бошқа тиббий хизматлар кўрсатишнинг самарадорлигини таҳлил қилиш ва ўрганиш ишлари олиб боралиди. Бундан ташқари халқ табобати бўйича мутахассисларни, тиббиёт ходимларини ва тиббий маълумотга эга бўлмаган шахсларни Ҳудудий марказларда тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини оширишни ташкил этилади.

Хуллас, ушбу қарор халқ табобатининг ролини ошириш борасидаги муаммоларни ўрганиш ва таклифлар тайёрлаш юзасидан илмий-тадқиқот муассасалари, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, шунингдек, бошқа ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорлик қилиш ишлари йўлга қўйишга ҳамда аҳоли саломатлигини таъминлашга хизмат қилади.

 

Қизилгул Қосимова,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

ЎзХДП фракцияси ҳамда Фуқароларнинг соғлиғини сақлаш масалалари қўмитаси аъзоси

Теглар

Депутат Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш