Деҳқонларга рағбат билан бирга, кўмак ҳам керак

 

Инсониятга табиат ўз неъматларини тўла атаб қўйгани айни ҳақиқат. Фақатгина фойдали меҳнат қилиб, бу неъматлардан самарали фойдаланган ҳолда ҳаётимизни тўқин сочин ва фаровон қилишимиз мумкин.

Мулоҳаза қилиб кўрадиган бўлсак, куннинг уч маҳалида ва заруриятга қараб ўз хохишимиз билан ҳар вақтда дастурхон атрофида йиғиламиз ва берилган озиқ-овқат, таом ва мевалар билан овқатланамиз. Бир қарашда оддий ва кундалик ҳаётдек кўринган бу ҳолатнинг энг таг замирида аввало деҳқоннинг машаққатли, бироқ энг фойдали бўлган ҳаракати туришини ҳар доим ҳам бирдек ҳис қилмаслигимиз мумкин.

Болалигимиздан бошлаб полиз экинлари, айниқса, қовун ва тарвузларни исътемол қилганмиздан сўнг, шу даврадан ўтирган энг ёши улуғ инсоннинг дуога қўл очиб “бобо деҳқон ҳақига дуо қиламиз”, деган сўзларини кўп бор эшитганмиз.

Авесто” китобида ёзилганидек, деҳқончилик ва бу машғулот билан шуғулланувчилар ниҳоят даража улуғланган. Бу борада, Кайковуснинг “Қобусномаси”да, Юсуф Хос Хожибнинг “Қутадғу билиг” асарларида деҳқонлар ҳақида кўп ижобий таърифлар берилиб, уларнинг меҳнатини қадрлашга даъват қилинган.

Хусусан, Алишер Навоий деҳқонларга алоҳида ҳурмат билан қарагани, уларга атаб “Маҳбуб ул-қулуб” асарининг ўттиз биринчи фаслини деҳқонлар зикрига атаган. Навоийнинг ўзлари ҳам боғлар барпо этгани, минглаб ўлчамдаги ерларда деҳқончиликни йўлга қўйгани ҳақида тарихий хужжатлар маълумот беради.

Яқин ўтмишимизда ҳам бунга оид кўплаб мисолларни келтириб ўтишимиз мумкин. Масалан, Абдулла Қодирий ҳам ўзига тегишли бўлган дала ерида боғдорчилик қилгани кўпчиликка маълум.

Бугун томорқаси бор ҳар бир инсон ундан самарали фойдаланиши лозимлиги ҳақида тушунтириш ишлари олиб борилмоқда. Шу қаторда ўз деҳқон хўжалигига эга бўлган аҳолининг асосий қисми томорқа ерларидан самарали фойдаланиш, экин экиш ишларини бошлаб юборгани ҳам рост.

Ҳозирги мураккаб шароитда айнан мева-сабзавот, озиқ-овқат ҳамда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш қувватини оширган ҳолда, ички тақчилликнинг олдини олиш, экспортни кўпайтириш, аҳоли даромадларини ошириш чоралари кўрилмоқда.

Бундай шароитда барча давлат ташкилотлари, илмий тадқиқот муассасалари ва деҳқончилик билан шуғулланадиган аҳоли қатлами ўртасида ҳамжиҳатлик, узвий алоқа зарур.

Бугун далага, томорқасига чиқиб меҳнат қилаётган деҳқонга қандай ёрдам керак? Бу саволга ҳар бир ҳудудда реал ҳолатдан келиб чиқиб, жавоб топилиши лозим, деб ўйлайман.

Томорқалар ва қишлоқ хўжалигида фойдаланса бўладиган ерлардан самарали фойдаланишда ёшларнинг имкониятлари катта, деб ўйлайман. Статистика маълумотларида берилаётганидек, мамлакатда 15 фоиздан ортиқ ёшларимиз доимий иш ўринларига эга эмас, хориж давлатларига мавсумий ишлаш учун кетаётган ёшларнинг асосий қисми бу йил уйида қолишига тўғри келмоқда.

Шундай экан, аҳоли, айниқса, иштиёқманд ёшлар учун ер ажратиб бериш тизимини янада яхшилаш лозим.

Деҳқон етиштирган маҳсулотини сотишни уйлайди. Бунинг учун эса савдога масъул бўлган ташкилот ва идоралар ўзларига берилган ваколатларини тўла ва тўғри ишга солиши муҳим. Бозорларга харид қилиш учун борганимизда аксарият ҳолларда халқ тили билан айтганда “олиб-сотарга” дуч келамиз. Баъзи ҳолларда деҳқонни учратиб қолсак, хурсанд бўламиз. Чунки у бизга таклиф қилган маҳсулот нархи арзонроқ бўлади.

Энди савол туғилади, бутун мамлакатимиз бўйлаб беш юздан ортиқ деҳқон бозорларида истовчи деҳқонлар учун алоҳида жой қилиб беришга нима ҳалақит қилаяпти.

Шу ҳақда фикр юритганда, ўтган асрнинг бошларида Япониядаги “шоли воқеаси” эса тушади. Ўшанда деҳқонлардан арзон гаровга шоли олиб қиммат нархга аҳолига таклиф қилган чайқовчилар бўйича халқ ҳукуматдан ёрдам сўраган. Натижада ҳукумат чайқовчилар фаолиятини қонунийлаштирган ҳолда, деҳқон ва аҳоли ўратасида ўзаро савдо қилиш учун етарли шароит яратиб берган. Бу қишлоқ хўжалик соҳаси, айниқса, шоликорлар учун жуда катта аҳамиятга эга бўлган. Бу чора орқали қисқа вақт ичида соҳа ривожланиб кетган.

Иккинчи томондан, мамлакатимизда етиштирилаётган қишлоқ хўжалик маҳсулотлари экспортига алоҳида эътибор бериш лозим. Деҳқонларимиз етиштирган пиёз дунёнинг кўплаб давлатларида, ҳаттоки АҚШ бозорларигача етказиб берилаётгани кувонарли, албатта. Лекин бугун қишлоқ хўжалик маҳсулотларимизга жаҳон давлатлари бозорларидаги харидорлар, уларга етказиб беришда давлат ва хусусий ташкилотлар ҳамда деҳқонлар ўртасида мустаҳкам алоқа, фойдали тизимларни янада мустаҳкамлаш зарурдек. Иқтисодиёти қишлоқ хўжали орқали ҳам ривожланган Голландия, Исроил, Туркия каби мамлакатлар тажрибаси бизга ҳам асқотиши мумкин.

Кейинги масала. Мамлакатимизда қишлоқ хўжалик соҳасида бир қатор таянч олий таълим муассасалари ва илмий тадқиқот ишларини олиб борадиган институтлар бўлиб, уларда минглаб малакали олимлар фаолият олиб боради. Шу кунларда айни олимлар ва деҳқонлар ўртасида ўзаро тажриба алмашиш шароитини яратиш керак.

Яна бир масала. Деҳқонларимиз, айниқса, ёшларимиз ўз меҳнатлари билан топган дароматлари орқали кичик ва ўрта бизнесни бошлашлари учун ҳам имкониятлар яратиб берилиши лозим. Бу борада барча давлат ташкилотлари, халқ вакиллари ва кенг жамоатчилик бир ёқадан бош чиқариб, ҳаракатланадиган вақт келди.


Равшан Хомитов,

Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши сектор мудири.


← Рўйхатга қайтиш