Сайловолди муҳим масалалар муҳокама этилди

Мамлакатимиз муҳим сиёсий жараён остонасида турибди. Партиямиз ташкилотларида сайловга тайёргарлик кўриш билан боғлиқ ишлар кўлами кенгайиб бормоқда. Барча чора-тадбирлардан кўзланган мақсад битта – сайловда муваффақиятли иштирок этиш.

Партиялар сиёсий жараёнларнинг фаол иштирокчиси сифатида нафақат вакиллик ҳокимияти, балки ижро ҳокимияти шаклланиши ва унинг фаолияти устидан парламент назоратини ташкил этишда катта куч ҳисобланади. Бу жараён табиийки, сайловлар воситасида амалга оширилади. Шу сабабли ҳам биз олдимизда турган сайловлар орқали партиямизнинг мамлакат ҳаётидаги ўрнини янада мустаҳкамлаб олишимиз зарур.

ЎзХДП Сурхондарё вилоят партия ташкилоти конференциясида сўзга чиққанлар шуни алоҳида таъкидлашди.

Унда асосий эътибор шунчаки ҳисобот беришга эмас, жойлардаги муаммолар, уларнинг ечимига доир таклифларни партиянинг тайёрланаётган янги Сайловолди Дастурига киритиш кераклигига қаратилди.

 

Мавжуда Ҳасанова, ЎзХДП Сурхондарё вилоят кенгаши раиси:

– Сайловдан сайловгача бўлган даврда депутатларимиз доимий комиссиялар ҳамда сессияларда фаол қатнашиб келмоқда. Улар ташаббуси билан Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг 2015-2019 йилларга мўлжалланган Амалий ҳаракт дастурига киритилган, электорат манфаатларига бевосита дахлдор бўлган 150 та масала ўрганилди, шуларнинг 134 таси доимий комиссияларда 136 таси маҳаллий Кенгашлар сессиялари кун тартибига киритилди. Натижада жойларда кўтарилган кўпгина масалалар ҳал этилди, қонунлар ижросини таъминлаш устидан депутатлик назорати кучайтирилди.

Ўзбекистон Халқ демократик партияси Сурхондарё вилоят ташкилотига 2019 йил 1 август ҳолатига 38992 нафар партия аъзоси бирлашган. Ўзбекистон ХДП Сурхондарё вилоят кенгашида 1 та шаҳар, 13 та туман бўлиб унинг таркибида 668 та бошланғич партия ташкилоти бор. Ҳисобот даврида партия сафига 12199 нафар янги партия аъзолари қабул қилинди Ҳисобот даврида вилоят партия кенгаши томонидан 160дан ортиқ сиёсий ўқув-семинар ўтказилди. Партиянинг туман ва шаҳар кенгашлари томонидан эса 800 маротаба машғулотлар ташкил этилди. Бошланғич партия ташкилотларида 1200 дан ортиқ сиёсий ўқув семинарлар бўлиб ўтди.Сайлов кампанияси даврида булар ҳақида сайловчиларга батафсил маълумот бериш зарур.

Вилоят партия кенгаши раиси партия фаолиятига дахлдор барча йўналишлар бўйича олиб борилган ишларни аниқ мисоллар асосида таҳлил этди. Маҳаллий партия кенгашлари қошида ташкил этилган Жамоатчилик қабулхоналарида мурожаатлар билан ишлаш тизими ва унинг самараси, хотин-қизлар ва ёшлар манфаатини ҳимоя қилишга доир фаолияти юзасидан ахборот берилди.

 

Меҳрожиддин Дархонов, ЎзХДП Марказий Кенгаши раиси ўринбосари:

— Партия ўзи илгари сураётган позицияни мустаҳкам туриб ҳимоя қилса, одамлар бу партиянинг айтаётган сўзига қулоқ солади, ишонади, ортидан эргашади. Бугун биз партиямизнинг ҳудудий ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурларининг бажарилиши ва электорат манфаатларини ҳимоя қилишдаги иштирокини сарҳисоб қилиб, бу борадаги позициямизни янгилаб олишимиз керак.

Ҳаммамиз яхши биламизки, сайлов кампанияси давомида ҳар бир партиянинг янги фаоллар қатлами юзага келади. Дастурлари, позицияси янгиланади. Биз ҳам сайлов кампанияси даврида партиямизнинг фаоллар қатламини шакллантиришга, ҳар томонлама муносиб номзодларни кўрсатишга жиддий масъулият билан ёндашишимиз зарур. Чунки бу ишлар сайловдан кейин партиямиз мавқеи қандай бўлишини белгилаб беради.

Яна бир гап. фуқароларнинг партиямиз номзодларига овоз бериши сайловолди платформасининг жозибадорлиги, халқчиллиги ва аниқлиги, шунингдек, тарғибот тадбирлари самараси билан ўлчанади. Демак, ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожига тўсиқ бўлаётган муаммоларни аниқлаш, шу бўйича янги Сайловолди дастурига таклифлар беришимиз талаб этилади. Бунда партиямизнинг ҳар бир фаоли, депутатлар ва аъзоларимизнинг фикр-мулоҳазалари биз учун муҳимдир...

Таъкидландики, партиянинг янги дастури ва Сайловолди дастури лойиҳасида аҳолининг ижтимоий ҳимоясини таъминлаш билан боғлиқ муҳим вазифалар белгиланган. Партия фикрича, мамлакатнинг ўсиб бораётган иқтисодий салоҳияти аҳолининг кам таъминланган қатламлари турмуш даражасини яхшилаш учун ҳам хизмат қилиши керак. Бу ижтимоий барқарорликни таъминлаш, ижтимоий-иқтисодий ривожланишнинг муҳим шарти ҳисобланади.

Кун тартибидаги масалалар юзасидан халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутатлари Орзиқул Соатов, Райҳон Раҳимова, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Сурхондарё вилоятидаги Халқ қабулхонаси мутахассиси Сайфиддин Қурбонов сўзга чиқди.

Конференция кун тартибидаги масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди. Конференция якунида бир гуруҳ партия фахрийлари ҳамда фаоллари Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши томонидан фахрий ёрлиқ, Ташаккурнома ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Шу куни Ўзбекистон Халқ демократик партияси Сурхондарё вилоят кенгашининг I ташкилий пленуми бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Халқ демократик партияси Сурхондарё вилоят кенгаши раиси лавозимига, вилоят кенгаши раиси вазифасида ишлаб келаётган Мавжуда Ҳасанова номзоди тавсия қилинди ва тасдиқланди.

 

ЎзХДП Марказий Кенгаши

Ахборот хизмати раҳбари.

← Рўйхатга қайтиш