“Яхши амаллар – яхши ниятдан бошланади”

 

20 апрел куни Президентимиз Ш.Мирзиёев саноат, қурилиш ва инфратузилма тармоқлари корхоналарининг тўлиқ ишлашини таъминлаш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишида “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракатини йўлга қўйиш ташаббуси илгари сурилди.

Халқимиз тарихий ва маънавий қадриятларини, меҳр-саҳоват, оқибат ва ҳиммат каби юксак фазилатларга эга халқ. Яқин кунларда муқаддас Рамазон ойи кириб келади, бу ойда эхтиёжманд оилаларга ёрдам бериш азалий қадриятимиздан биридир.

Чортоқ туманида 185 мингдан ортиқ аҳоли 47 мингдан ортиқ оилада истиқомат қилади, шулардан 6 минг оила яъни 26 мингдан ортиқ аҳоли кам даромадли оилалар ҳисобланади. Бу оилаларнинг имкониятларини таҳлил қиладиган бўлсак, 1221 нафари ногирон, 8596 нафари вояга етмаган, 716 нафари боқувчисини йўқотган олилалар, 150 нафари ёлғиз кексалар ҳисобланади. Жаъми кам таъминланган аҳолининг 11983 нафари меҳнатга лаёқатли, шундан 8200 нафари ишсиз.

Карантин даврида республикамизнинг барча ҳудудларида бўлгани каби туманимизда ҳам 2786 та оилага моддий ва маънавий кўмак берилган.

Тадбиркорлар ва саховатпеша фуқаролар томонидан қарийб 1 млрд. сўмга яқин озиқ-овқат махсулотлари ижтимоий кўмакка муҳтож оилаларга етказиб берилди. Нафақат озиқ-овқат маҳсулотларини етказиб бериш, янги иш ўринларини яратиш, ижтимоий кўмакка муҳтож оилаларни қўллаб-қувватлаш бўйича бир қатор ишлар амалга оширилди. Жумладан, 850 гектарга яқин фойдаланилмай келинган адирликларга сув келтирилди, умуман сувсиз майдонга сув олиб келиб 45 гектар интенсив ёнғоқзор ташкил этилди, “Соҳибкор” МФЙ ҳудудида 50 та ёш оилага замонавий иссиқхона барпо этилди.

Бу каби ижобий ишлар билан бир қаторда айрим муаммоли масалаларга эътиборни кучайтириш керак.

Биринчидан, аввало кимга ёрдам қилишимизни манзилли руйхатларини шакллантириш, ногиронлар, боқувчисини йўқотган ёлғиз аёллар, якка ёлғиз кексалар, кўп болали оилаларни барчаси ижтимоий кўмак етиб бориши учун эҳсонларни манзилли етказилишини давом эттириш керак. Муҳтожларнинг аксарият қисми мурожаат қилишлари мумкин бўлган штаб телефон рақамларини билмасликлари маълум бўляпти.

Иккинчидан, карантин туфайли кунлик ишловчилар муаммога учрашмоқда. Шунинг учун ҳозирда қишлоқ хўжалигида иш қизғин, меҳнатга лаёқатли аҳолимизни иш билан таъминланиши учун кўмаклашиш зарур. Айниқса, фермер дала майдонига етиб олишлари учун транспортдаги чекловлар тўсқинлик қилмаслиги керак.

Учинчидан, саховат ва кўмакка қурби етадиган тадбиркорлар, фермерларимизга давлат томонидан лизинг, солиқ, кредит тўловлари, зарур ресурслар билан таъминлаш бўйича имтиёз ва преференсиялар берилишини тушунтириш ҳамда имтиёзлардан фойдаланишларига шароит яратиш зарур. Ушбу ташаббуслар савдо-саноат палатасининг жойлардаги бўлимлари, банклар, ижтимоий муҳофаза идоралари ҳамкорлигида амалга оширилишини инобатга олиб, маҳалла фуқаролари йиғини ходимлари ҳамкорликда фаолият олиб боришини ташкил этишга кўмаклашиш керак. Бундай вазиятда биз, депутатлар томошабин бўлишга ҳаққимиз йўқ.

Шу ўринда бир воқеа ёдимга тушди. 2012 йил 53-давлат ихтисослашган умумий мактабида директор бўлиб ишлардим. Рамазон ойи ёзги таътил кунларига тўғри келди, мактабнинг ўқув биноси капитал таъмирланган, янги ўқув йилига тайёр ҳолатга келтириш ишлари якунланган кунлар эди.

Мактабнинг ташқари ҳовлисидаги асфальт кўчиб кетган, мактаб биносигача бўлган майдон таъмирталаб аҳволга келиб қолган, ҳожатхона эса умуман яроқсиз эди. Шунда собиқ битирувчилар ҳамда ҳудуддаги тадбиркорларга, Рамазондаги фидя ва закотларини мактаб учун беришларини сўраб мурожаат қилдик. Мактаб улуғ даргоҳлигини инобатга олиб, 1.8 гектар майдонни асфальтлаш ишларини ҳамда янги ҳожатхонани мана шу тадбиркор ота-оналаримиз, собиқ битирувчилар ёрдами билан амалга оширгандик.

Биргина Чортоқ туманини таҳлил қиладиган бўлсак, 600 та фермер хўжалиги, 789 та МЧЖ, 1827 якка тартибдаги тадбиркор ҳамда бошқа “Саховат ва кўмак” умумиллий ҳаракатига ўз ҳиссасини қўша оладиган саховатпеша фуқароларимиз мавжуд. Буларнинг барчасини ушбу синовли кунларда бир ғоя остида бирлашишга, муҳтожларга ёрдамлашишга ундаяпмиз. Бу жараёнда депутатларнинг тарғиботи, тушунтириши муҳим аҳамият касб этади.

Умуман, Президентимиз илгари сурган ташаббус биз депутатларга катта масъулият юклайди. Ижтимоий кўмакка муҳтож оилалар ЎзХДП электорати бўлгани сабабли ҳам бу ташаббусни тарғиб қилиш ва ҳаётга тадбиқ этиш бурчимиздир.

Карантин бошлангандан бери депутатларимиз томонидан кўплаб хайрия акциялари ташкил этилди, эхтиёжманд оилалар ҳолидан хабар олинди. Карантин 10 майга қадар узайтирилди, албатта, бу муддатда барчамиз янада жипслашиб, эзгу ташаббусга ҳиссамизни қўшамиз.

Шояд, имом ал Бухорий айтганларидек, “Яхши амаллар – яхши ниятдан бошланади!”. Ниятимиз аниқ – халқимиз ушбу синовли кунлардан беталофат ўтиб олишига ёрдам бериш.


Шоҳиста Турғунова,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

Ўз ХДП фракцияси аъзоси

Теглар

Депутат Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш