Саховат изсиз кетмайди

 

Бутун дунёни ташвишга солиб турган коронавирус пандемияси нафақат одамларнинг ҳаётини, соғлиғини хавф-хатарга қўйди, балки турмуш шароитини ҳам оғир аҳволга солмоқда.

Мамлакатимизда ўз вақтида кўрилган чора-тадбирлар туфайли кўплаб ҳудудлар бу хавфдан сақлаб қолинди. Шунга қарамай, аксарият туманларда корхоналарнинг ўз ишини тўхтатгани ёки тўлиқ қувват билан ишламаётгани, ҳудудлар иқтисодиёти ва ижтимоий соҳаларга, одамлар ҳаётига салбий таъсир қилмоқда.

Албатта, бутун дунёда бўлгани каби Ўзбекистонни ҳам четлаб ўтмаётган бу жараёнда, жуда кўп синовларни бошидан ўтказган халқимиз, ўз юксак маънавияти, бағрикенглиги ва меҳр-оқибатига суянмоқда.

Шу боис Президентимиз куни-кеча саноат, қурилиш инфратузилма тармоқлари корхоналарининг тўлиқ ишлашини таъминлаш масалалари бўйича ўтказилган видеоселекторда, халқимизнинг тарихий ва маданий қадриятларини, меҳр-саховат, оқибат, ҳиммат каби юксак фазилатларини инобатга олган ҳолда, “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракатини йўлга қўйиш ташаббусини илгари сурди.

Ҳадемай ҳаётимизга покланиш, мурувват ойи – Рамазон кириб келади. Шу муқаддас ой арафасида ҳар бир тадбиркор, ўз ҳудудида истиқомат қилаётган ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолини, маҳалладошлари, қўни-қўшнисини фаол қўллаб-қувватлаб, умумхалқ савобига шерик бўлади, элдан дуо олади. Бу галги Рамазон ойида амалга ошириладиган эҳсон ва хайриялар манзилли бўлади, ифторликка сарфланадиган озиқ-овқатлар, аҳолининг кам таъминланган қатламига йўналтирилади.

Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати давомида, масалан, имкониятидан келиб чиқиб, тадбиркор 10-20 та оилага кўмаклашиши, энг муҳими, муҳтож оила аъзоларини ишга жалб қилиши мумкин. Ўз ўрнида давлат томонидан бу тадбиркорларга лизинг, кредит, солиқ тўловлари, зарур ресурслар билан таъминлаш бўйича имтиёз ва преференциялар берилади. Яъни, бу аҳолига давлат томонидан бериладиган саховат ва кўмак бўлади.

Ушбу жараёнда йирик корхоналар, фермерлар ва кластерлар ихтиёрий қатнашиши ҳам муҳим аҳамият касб этади. Ушбу ташаббус савдо-саноат палатасининг жойлардаги бўлимлари, банклар, ижтимоий муҳофаза идоралари томонидан амалга оширилади.

Давлатимиз раҳбари қайси соҳа ҳақида фикр юритиб, қандай қарорга келмасин, бу ишлар аввало оддий одамларга нима беради, деган нуқтаи назар билан иш тутади. Бу юксак эътибор, ҳар биримизга, хусусан, биз депутатларга ҳам ўз фаолиятимиз давомида сайловчиларимизнинг оиласи, оиласидаги ҳар бир инсон учун қандай ёрдам қилаяпмиз, деган масалани кўндаланг қўяди. Бугун вазиятга қараб карантин чекловларини босқичма-босқич юмшатиб бориш билан бир вақтда “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракатининг иш бошлаши нур устига аъло нурдир.

Мен ушбу топшириқ берилган заҳоти, ўз сайлов округимдаги ижтимоий-иқтисодий вазиятни яна бир бор таҳлил қилдим. Чунки сайловчиларим билан доимий алоқада бўлиб турганим менга бу борада ёрдам берди.

Ҳозирги кунда Узун туманида 172400 нафар аҳоли истиқомат қилади. Туманда оилалар сони 39315 тани ташкил этади, 14704 нафардан ошиқ аҳоли тадбиркорликнинг турли соҳалари – савдо-сотиқ, паррандачилик, чорвачилик, асаларичилик билан шуғулланувчилардир. Ҳудудда 360 дан ортиқ оилавий тадбиркор бор.

Ижтимоий муҳофазага муҳтож оилалар сони 547 тани, кам таъминланган, моддий ёрдам олувчи оилалар 307 та, 14 ёшгача нафақа олувчилар 1957 та, 2 ёшгача нафақа олувчилар сони 1666 нафарни ташкил этади, ногиронлик нафақасини олувчилар сони 1758 нафар.

Ҳозирги карантин билан боғлиқ вазиятдан келиб чиқиб, туманда 2000 дан ортиқ оилага 100 дан ортиқ тадбиркор бириктирилган. Шунингдек, қўшимча 415 та эҳтиёжманд оилага озиқ-овқат маҳсулотлари тарқатилган.

Бу ерда бошқа бир долзарб масала ҳам бор. Тадбиркорлик субъектлари, фермерлар, кластерлар туманда банд бўлмаган фуқароларни иш билан таъминлаш, мавжуд ва мавсумий иш ўринларини сақлаб қолиш вазифасига эътиборли бўлиши зарур. Бугун туманда пахтачилик ва ғаллачиликка ихтисослашган фермер хўжаликларидан ташқари 18 та балиқчилик, 2 та асаларичилик фермер хўжаликлари ҳамда 4 та кластер фаолият юритмоқда.

Дастлабки таҳлиллар “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракатини самарали йўлга қўйиш учун Узун туманида имкониятлар етарли эканини кўрсатмоқда. Бу борадаги ишларни янада тизимлаштириш мақсадида мутасадди ташкилотлар ҳамкорликда иш олиб бориши, мазкур жараёнда биз, депутатлар ҳам фаол қатнашишимиз зарур.

Энди ҳар куни маҳаллий ҳокимият, мутасадди идоралар, маҳаллий Кенгаш депутатлари билан боғланиб, муҳтожларга ёрдам бериш ишларини ташкил этишни режалаштирдик.

Пайғамбаримиз ўз ҳадису-шарифларида “Ўзи тўқ бўла туриб, қўшнисини оч қўйган инсон биздан эмас”, деб марҳамат қилганлар. Ёрдам беришга имконияти бор юртдошларимиз муқаддас Рамазон ойида эзгу амалларга яқин бўлади, деб умид қиламиз.


Мавжуда ҲАСАНОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

ЎзХДП фракцияси аъзоси

Теглар

Депутат Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш