Саховат ва кўмак инсон зийнати

 

Бугун биз тарихий даврнинг янги босқичида - халқимиз ўз олдига эзгу ва улуғ мақсадлар қўйиб, тинч-осойишта ҳаёт кечираётган, авваламбор ўз куч ва имкониятларига таяниб, оғир ва синовли кунларда ҳамжиҳатликни маҳкам ушлаб, яна тараққиёт сари одимлаб бораётган даврда яшаяпмиз.

Аслида ҳам шундай, инсонийлик, бағрикенглик, саҳоват ва меҳр тушунчалари халқимизнинг ўзига хос миллий қадриятларига айланиб бўлган, улар минг йиллар давомида шаклланганига ўтмиш гувоҳдир.

Қийналганларга кўмак бериш, ёши улуғларга иззат кўрсатиш, ҳаётдаги ҳар турли вазият ва ҳолатлардан келиб чиқиб жамиятда ўз ўрнини топишга қийналаётганларга ёрдам қўлини узатиш халқимизнинг ҳаёт фалсафасига айланиб бўлгани ҳам рост...

Биз янги Ўзбекистонни, айнан азалий қадриятларимизга суяниб, шу билан бирга, жамиятимизда шаклланаётган мустаҳкам ҳамжиҳатлик билан, давлат, жамият ва халқ ўртасидаги ўзаро мустаҳкам ҳамкорлик, қўллаб-қувватлаш каби олийжаноб интилишлар асосида, халқимиз асрлар давомида орзиқиб кутган фаровон ҳаётни барпо этмоқдамиз. Бу йўлдаги ишларимизда эришган дастлабки ютуқларимизни яқин ва узоқдаги ҳамкор давлат ва дўст халқларимизнинг вакиллари ҳам эътироф этмоқда.

Бинобарин, шарқ халқлари ва юртимиз аҳлига мансуб шундай белги-аломатлар ҳақида гапирганда, уларнинг тарихий-ижтимоий заминига алоҳида эътибор қаратиш лозим, деб ўйлайман. Тарихдан маълумки, Ўрта Осиё ҳудудида аҳоли азалдан водийларда, катта сув манбалари - дарё ва анҳорлар бўйида яшаб келади. Атрофи чўл ва саҳролар билан ўралган, табиати, иқлими ғоят мураккаб бўлган минтақа шароитининг ўзи ана шу элат ва миллатларнинг минг йиллар давомида бир-бирига мослашиб, яқин елкадош бўлиб, бир-бирининг оғирини енгил қилиб яшашини тақозо этиб келади.

Чиндан ҳам, бу заминда истиқомат қиладиган одамларнинг тарқоқ бўлиб яшашга имкони йўқ, табиатнинг ўзи, ҳаётнинг ўзи уларни шу руҳда тарбиялаган. Турмуш ва тафаккур тарзимизнинг ажралмас қисмига айланиб кетган мана шундай азалий тушунчалар минтақамизда яшаб ўтган улуғ алломалар, мутафаккир зотларнинг қолдирган бебаҳо меросида ҳам ўзининг ёрқин ифодасини топган. Мисол учун, Алишер Навоий бобомиз бўладими, Бобур ва бошқа бир катор улуғ зотларнинг ижодида икки дарё оралиғидаги халқлар, балки бутун башарият фарзандларини доимо меҳр-оқибатли, сахаватли ва дўст-биродар бўлиб яшашга даъват этгани бежиз эмас, албатта.

Ота-боболаримиз неча асрлар мобайнида шу бепоён минтақада қандай ҳамжиҳат бўлиб, қандай қадриятлар асосида яшаб келган бўлса, бугун ҳам, таъбир жоиз бўлса, тарих ва ҳаёт гардиши, табиатнинг ўзи бизни, бутун халқимизни айнан ана шундай меҳр-оқибат ва ҳамкорлик руҳида ҳаёт кечиришга даъват этмоқда.

Айниқса, бугунги синовли даврда саховатли инсонлар кўпайиб, ижтимоий ҳимояга муҳтож инсонларга кўмак берса, меҳр-оқибат кўрсатса, албатта, унинг қилган савоби жуда катта. Ҳатто, муқаддас қаъбани зиёрат қилганчалик савоб ёзилади. Муқаддас динимиз моҳиятида ҳам меҳр оқибатли бўлиш, саховат ва мурувват кўрсатиш каби эзгу мақсадлар мужассам. Аслида ислом динида энг улуғланадиган одатлар ҳам шундан иборатдир.

Шундай экан саноқли кундан сўнг мамлакатимиз ва бутун мусулмон дунёси учун энг муқаддас ой рамазон ойини кутиб олади.

Айнан шундай улуғ кунларда, давлатимиз раҳбарияти томонидан кенг жамоатчилик, халқимиз олдига навбатдаги ҳайрли ташаббусни илгари сурилган халқимиз учун унитилмас янгилик бўлди.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 20 апрель куни саноат, қурилиш ва инфратузилма тармоқлари корхоналарининг тўлиқ ишлашини таъминлаш масалалари бўйича видеоселектор йиғилишида чин инсонийлик ишига қаратилган хайрли ташаббусни илгари сурди. Ушбу ташаббус халқимиз кенг жамоатчилигимиз, ёшларимиз томонидан бир овоздан қўллаб-қувватланди.

Йиғилишда, давлатимиз раҳбари Ўзбекистон ХДП электорати бўлган ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламини қўллаб-қувватлаш масаласига алоҳида тўхталиб ўтиб, вақтинча ишламаётган ва ёрдамга муҳтож оилаларни аниқлаб, уларни манзилли асосда озиқ-овқат ва дори-дармон билан таъминлаш кўламини янада кенгайтириш кераклиги таъкидлади.

Ҳақиқатдан ҳам ҳозирги пандемия пайтида ишсизлар, ёрдам ва кўмакка муҳтож аҳоли сони ортиши табиий ҳол ҳисобланади. Чунки, дунёда энг иқтисодий ривожланган давлатларда ҳам ҳудди шундай ҳолат юз бермоқда. Шу ҳақиқатдан келиб чиқиб, юртимизда ҳамда жаҳондаги турли мамлакатларда касалликка қарши курашиш баробарида иш жойларини сақлаб қолиш ва иқтисодиётни кескин таназзулга учрамаслиги учун бор имкониятларни ишга солинмоқда.

Бу борада мамлакатимизда олиб борилаётган чора-тадбирлар эса алоҳида аҳамият касб этмоқда. Чунки, бизда йиллар давомида шаклланган давлатчилик тарихимиз ва чин инсонийлик туғуларини ўзида жо қилган доимо олдинга қараб интилган меҳнаткаш ва дину диёнати мустаҳкам бўлган халқимиз бор.

Шу боис йиғилишда Президентимиз халқимизнинг тарихий ва маънавий қадриятларини, меҳр-саховат, оқибат ва ҳиммат каби юксак фазилатларини инобатга олган ҳолда, “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракатини йўлга қўйиш ташаббусини илгари сурди. Бутун халқимиз ушбу ҳаракат атрофида бирлашиб, давлатимиз ваа халқимизнинг қудратини намоён қилиши шубҳасиз.

Муҳтарам Юртбошимиз хақимиз бошига келган синовли кунларда, эҳтиёжманд ва муҳтож оилаларга ёрдам кўрсатиш ҳам қарз, ҳам фарз эканлигини таъминдалаб, муқаддас ойда ҳар бир тадбиркор ўзи фаолият юритаётган ҳудудда ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолини, аввало маҳалладошлари, қўни-қўшниларини фаол қўллаб-қувватлашга даъват қилдилар.

Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати давлатимиз ва халқимиз қудратининг амалий намоёнига айланишига ишонаман. Бунинг натижасида Рамазон ойида амалга ошириладиган эҳсон ва хайриялар манзилли бўлади, ифторликларга сарфланадиган маблағлар ва озиқ-овқат маҳсулотлари аҳолининг кам таъминланган қатламларига йўналтирилади. Имкониятидан келиб чиқиб, қайсидир тадбиркор бир ойда мисол учун 10 та, бошқа бири эса 20 та оилага кўмаклашиши, энг муҳими муҳтож оилалар аъзоларини ишга жалб қилиши мумкин. Давлат томонидан ўз навбатида бундай тадбиркорларга солиқ, лизинг, кредит тўловлари, зарур ресурслар билан таъминлаш бўйича турли имтиёз ва преференциялар берилади. Яъни, бу аҳолига давлат томонидан тадбиркорлик субъектлари орқали кўрсатиладиган саховат ва кўмак бўлади.

Қадрли ва муҳтарам юртдошлар!

Саноқли кунлардан сўнг, юртимиз ва бутун мусулмон дунёсига меҳр-оқибат, эзгулик ва саховат айёми – муборак Рамазон ойи кириб келади.

Бу қутлуғ байрамда ҳаммамиз аввало шундай файзли ва барокатли кунларга етказгани учун Оллоҳ таолога чексиз шукроналар айтамиз.

Оила, маҳалла ва жамиятнинг барча аъзолари борки, ўзаро меҳр ва эътибор кўрсатиш, кўмакка муҳтож, эҳтиёжманд кишиларга беғараз ёрдам бериш, яхшилик, сабру-қаноат каби эзгу фазилатларимизни янада намоён қилишимиз лозимдек.

Ҳар бир мўмин мусулмон борки, минг ойдан азизроқ бўлган қадр кечаси яширинган ушбу муборак ойда амалга оширишимиз лозим бўлган ибодатлар ва хайрия ишларимизни чуқур ҳис этмоқдамиз.

Айниқса бугунги кунда бутун инсоният ҳаётига таҳдид солиб, уларни моддий ночорликни келтириб чиқариши мумкин бўлган эпидемик ҳолатнинг мураккаблашган бир даврига гувоҳ бўлиб турибмиз.

Шу кунларда, барчамиз дилимизга тугиб қўйган, ўтган аждодларимиз ҳақига дуо қиламиз деб ифторлик маросимларимиз бўйича Ўзбекистон мусулмонлари идораси берган тавсияларига қатъий амал қилишимиз ҳар қачонгидан кўра муҳим бўлмоқда.

Шу онда амин бўлиб айтиш мумкинки, халқимиз кечиримлилик, бағрикенглик ва меҳр-шафқат фазилатларининг яна бир яққол намоён қилиш учун яратганнинг ўзим бизга имконият бермоқда.

Муборак ҳадисларда айтилганидек, икки дунё саодатини ўйлаб яшаган инсон, халқ ҳеч қачон кам бўлмайди.

Эл-юртимизнинг шу муборак ойда қилган ибодатлари, эзгу ниятлари ижобат бўлсин!

Жонажон Ватанимиз, хонадонларимизда тинчлик, аҳиллик, файзу барака бардавом бўлсин!


Қизилгул ҚОСИМОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

Фуқароларнинг соғлиғини сақлаш масалалари қўмитаси аъзоси.

Теглар

Депутат Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш