Яхшиликни ҳеч ким, ҳеч қачон унутмайди

 

Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати мамлакатимиз ҳудудларида оммалашаётгани ҳақида кўплаб хабарларни эшитиб, хурсанд бўляпман, тўғриси. Қўллаб-қувватлаш, ёрдам бериш ҳисси Рамазон кунларида янада кенгроқ ёйилади, деб умид қиламиз, албатта.

Ҳар бир туман, шаҳарда эҳтиёжманд бўлиб қолган оилаларни аниқлаб, уларга тезкор ёрдам кўрсатишни йўлга қўйиш маҳаллий ҳокимият, мутасадди идоралар ва депутатлар ҳамкорлиги қай даражадалигига ҳам боғлиқ, деб ўйлайман.

Фарғона туманида 227,27 мингдан ортиқ аҳоли истиқомат қилади. Маълумотларга кўра, туманда пандемияга қадар 197 та камбағал оила бўлган бўлса, ҳозирги шароитда эҳтиёжманд оилалар сони 2080 тани ташкил этиб, улардаги оила аъзолари сони 8425 нафардан иборат. Туманда 1328 та юридик мақомга эга тадбиркорлик субъектлари фаолият олиб бормоқда.

Шу рақамлардан келиб чиқсак, ҳар бир тадбиркор кўпи билан икки ёки уч маҳалладошини иш билан таъминлаши ёки мана шундай оғир дамларда қўллаб-қувватлаши зарур бўлмоқда.

Бугунги синовли кунларда туманда фаолият юритаётган йирик тадбиркорлик субъектлари, дехқон-фермер хўжаликлари вақтинча ишсиз, эхтиёжманд оила вакилларини иш билан ва оилаларини етарлича озиқ-овқат билан таъминлаш ташаббуси билан чиқмоқдалар.

Ҳадиси шарифда шундай сўзлар бор: “ҳақиқий мўъмин жаннатга киргунча яхшилик қилишдан тўймайди”. Яхшиликни эса ҳеч ким, ҳеч қачон унутмайди.


Дилбар Мамаджанова,

Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

ЎзХДП фракцияси аъзоси.

Теглар

Депутат Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш