Форишда озиқ-овқат хавфсизлиги масаласи қандай ҳал этиляпти?

 

Халқаро экспертларнинг фикрига кўра, пандемия оқибатида очарчиликдан қийналаётган аҳоли сони икки баравар ошиб, 1 миллиард 600 млн. кишига етиши тахмин қилинмоқда. Бундай вазиятда ҳар бир мамлакат озиқ-овқат хавфсизлиги ҳақида ўйлаши табиий.

Мамлакатимизда ички талабни тўлиқ таъминлаш билан бирга, экспортни ошириш учун катта имкониятлар мавжуд. Сўнгги уч йилда мамлакатимизда қишлоқ хўжалиги соҳасида манфаатдорликни ошириш, оддий қилиб айтганда оилалар, деҳқон ва фермерларни бой қилиш учун кўплаб масалалар ҳал қилиб берилди. Энди мутасадди раҳбарлар, миришкорлар ҳам ҳосил ва даромадни кўпайтириш учун янгича ишлаши зарур.

Бу йил қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат соҳаси вакиллари учун катта синов ва кенг имкониятлар йили бўлади. Пандемия ва карантин қанча давом этишидан қатъи назар, аҳолининг озиқ-овқатга бўлган эҳтиёжи камаймайди. Шу боис Президентимиз қишлоқ хўжалик тармоқларини янада ривожлантириш, озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини икки баробар ошириш вазифасини қўймоқда.

Ҳозирги глобал инқироз ва пандемия шароитида аҳоли бандлиги ва даромадини таъминлаш, иқтисодий барқарорликни сақлашда қишлоқ хўжалиги энг кўп имкониятга эга соҳа ҳисобланади.

Бу борадаги рақамлар, амалий ишлар ва режаларни Жиззах вилояти Фориш тумани мисолида таҳлилдан ўтказамиз.

Жорий йил ҳудудда аҳолининг озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган талабини тўла қондириш, шунингдек, туман аҳолиси истеъмолидан ортган маҳсулотларни республика ички бозорига, қайта ишлаш корхоналарига ҳамда экспортга йўналтириш мақсадида, маҳсулотлар етиштиришнинг аниқ ҳажмлари қишлоқ хўжалик корхоналари, деҳқон ва аҳоли томорқа хўжаликлари кесимида белгилаб олинди.

Жумладан, унга кўра жорий йилда 5513,7 тонна мева, 5015 тонна узум, 218,9 тонна картошка, 3763 тонна пиёз, 504 тонна сабзи, 6842 тонна бошқа сабзавотлар, 4637 тонна полиз, 185,5 тонна дуккакли маҳсулотлар, 2649,6 тонна буғдой, 22 199 тонна гўшт, 35 360 тонна сут, 4516 тонна балиқ етиштирилиши кутилмоқда.

Бунинг учун туманда бир қатор чора-тадбирларни амалга ошириш белгилаб олинган. Жумладан, 435 гектар янги боғ, 10 377 гектар токзор ҳамда 15 гектар майдонда иссиқхоналар ташкил этилади. Деҳқон хўжаликлари ва аҳоли хонадонларида 1778 гектар ерда сабзавот, 172 гектар ерда полиз, 276,6 гектар ерда картошка, 2600 гектар ерда узум, 34 гектар ерда дуккакли маҳсулотлар етиштирилиши кўзда тутилмоқда.

Бу йил туманда қишлоқ хўжалик маҳсулотларини сақлаш ва қайта ишлаш бўйича қуввати 300 минг тонна бўлган 1 та мева-сабзавот маҳсулотларини қайта ишлаш корхонаси, қуввати 120 тонна бўлган 1 та совутгич, қуввати 310 тонна бўлган 5 та омборхона ишга туширилади.

Маълумки, қишлоқ шароитида деярли ҳар бир оиланинг томорқаси бор. Излаган имкон топар деганларидек, мўжазгина ердан йилига 10-15 миллионлаб даромад олаётган оилалар кўплаб топилади.

Жорий йилда деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари томонидан 1748 гектар ернинг 1216 гектарига сабзавот, 156 гектарига полиз маҳсулотлари, 210,5 гектар ерга картошка, 34 гектар ерга дуккакли маҳсулотлар ҳамда 132 гектар ерга бошқа турдаги қишлоқ хўжалик маҳсулотлари экиш режалаштирилган. Ушбу майдонларга экилган экинлардан 37,9 минг тонна маҳсулот етиштириш кўзда тутилмоқда.

Қишлоқ хўжалик маҳсулотлари етиштириш, уларни сақлаш, қайта ишлаш ва экспорт ҳажмини ошириш, ички бозорлардаги нарх-навони барқарорлигини сақлаш бўйича туманда ишчи гуруҳи ташкил этилган. Ушбу ишчи гуруҳ таркибига маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш туман бўлими, фермерлар кенгаши, қишлоқ хўжалиги бўлими, солиқ, бандликни таъминлаш, ер ресурслари давлат кадастр бўлими вакиллари бириктирилган.

Ишчи гуруҳ томонидан хонадонма-хонада кирилиб, томорқа ер участкалари майдонлари, тупроқ иқлим шароити ва сув таъминотидан келиб чиқиб, экин турлари, мевали дарахтлар ва чорва моллари ҳамда паррандалар боқиш, иссиқхоналар барпо этиш ҳолатлари ўрганиб чиқиляпти.

Бундан ташқари 386 нафар имконияти чекланган ва кам таъминланган оилалар томорқа ер эгалари, шунингдек, иш билан банд бўлмаган аҳоли рўйхати шакллантирилиб, уларни қўллаб-қувватлаш бўйича 88 та кўмаклашувчи ташаббускор фермер хўжаликлари бириктирилди. Ҳозирга қадар 8 гектар майдонда енгил конструкцияли иссиқхоналар ташкил этилди.

Томорқада ишларни самарали ташкил қилишда бир қатор тамойиллар муҳим. Аввало ихтисослашув, яъни экинлар ҳудудлар иқлим-тупроқ шароити, деҳқонлар тажрибасидан келиб чиқиб, “Бир маҳалла – бир маҳсулот” тамойили асосида экилиши мақсадга мувофиқдир.

Иккинчидан, самарадорлик, бунда уруғ ва кўчатларни тўғри танлаш, агротехник ишловларини ўз вақтида ташкил этиш лозим. Акс ҳолда, ернинг умри зое кетиши мумкин.

Учинчидан, истеъмол муддатини узайтириш, бу етиштириладиган мева-сабзавот маҳсулотларини қуритиш, қайта ишлаш орқали нобуд бўлишига йўл қўймаслик, дегани. Бунинг натижасида юқори қўшимча қиймат яратилади.

Бундай чоралар, табиийки, бугун долзарб бўлиб турган озиқ-овқат хавфсизлиги масалаларини ҳал этишда, пандемияни талофатларсиз енгиб ўтишда қўл келади, албатта.


Ўрол Ўрозбоев,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

ЎзХДП фракцияси ҳамда Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси аъзоси.

Теглар

Депутат Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш