Риштонлик уруш фахрийси: биз кўрган кунларни сизлар ҳеч қачон кўрманглар болаларим!

 

Ўзбекистон ХДП Фарғона вилоят кенгаши раиси в.в.б, Халқ депутатлари Фарғона вилоят Кенгашидаги ЎзХДП депутатлик гуруҳи раҳбари Зокиржон Зохидов томонидан Риштон туманида истиқомат қиладиган иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Абдулҳай Азизов хонадонига ташриф буюрди. Абдулҳай бобо кўрган кечирганлари, ҳаёт йўли ҳақида тўлқинланиб сўзлаб берар экан, унинг ҳаёти бир ўрнак бўладиган мактабдир.

1941 йилда ўрта мактабни тугатган, ўқитувчилар етишмаслиги сабабли, мактабга ишга юборилди. Абдулҳай бобонинг меҳнат фаолияти уруш даврига тўғри келди. Эндигина педагоглик фаолиятини бошлаган ва бу касбнинг машаққатли томонларини ўрганаётган бир пайтда уруш бошланди.

17 ёшида Абдулҳай бобонинг қалбида душманга нисбатан нафрат, ўч олиш туйғуси уйғонди, ҳаёт-мамот жангига отланди. Марказий фронтда хизмат қилди. Кўплаб шаҳарларнинг озод қилинишида қатнашди. Шавқатсиз жангларнинг бирида ярадор бўлди. III гуруҳ ногирони бўлиб, ўнг қўлидан яраланган ҳолда уйига қайтган.

Шундай бўлсада, чекка қишлоқлардаги мактабларда дарс бера бошлади. Мамлакат тараққиёти учун тиним билмай меҳнат қилди. Ўзбекистон Республикасининг “Жасорат” медали билан тақдирланган.

Турмуш ўртоғи Саломат хола Азизова билан 8 нафар фарзандни тарбиялаб, вояга етказишди. Уларнинг бири тадбиркор, бири хунарманд, бошқаси педагог сифатида туман равнақи учун меҳнат қилмоқдалар.

96 ёшни қаршилаган Абдулҳай бобо бугунги синовли кунлар ҳақида гапирар экан, Ўзбекистон халқига сиҳат-саломатлик, ёруғ кунларни, дастурхонига қут-барака тилаб, дуо қилди.

Биз кўрган кунларни сизлар кўрманглар, болаларим. Уруш пайтлари жангга кирган ҳам, уйида қолганга ҳам минг азоб эди. Ахир урушдан қанчадан-қанча ватандошларимиз қайтмади. Юртимиз ҳамиша тинч, халқимиз омон бўлсин, – дейди бобо.

Абдулҳай бобо Азизовнинг умр йўли барча ёшлар учун ибратлидир.

 

Халқ демократик партияси

Ахборот хизмати.

← Рўйхатга қайтиш