Синовни тафаккур ва қатъият билан енгамиз

 

Халқимиз азал-азалдан оғир ва синовли дамларда юксак даражада қатъият ва сабр-бардош намунасини кўрсатиб келган.

Ана шундай сабр, қатъият ва матонат бугун янада ёрқин намоён бўладиган дамлар.

Давлатимиз оғир ва синовли, мураккаб вазиятда пандемияга қарши курашиш ва хавф оқибатларини бартараф этиш билан боғлиқ саъй-ҳаракатларга тезкорлик билан киришди.

Давлатимиз раҳбарининг оқилона сиёсати ва ташаббуси билан чартер рейслар орқали хорижий давлатлардаги фуқароларимиз юртимизга келтирилгани, карантин масканлари ташкил этилгани фикримиз далили.

Карантин масканларида, шунингдек, даволаш-профилактика муассасаларида кузатувга олинганларга, инфекция аниқланган беморларга, даволаш-профилактика чора-тадбирларини кўраётган тиббиёт ходимларига барча зарур ва қулай шарт-шароитлар яратиб берилди.

Бундай саъй-ҳаракатлар айни пайтда ҳам узвий ва изчил давом эттирилмоқда ва бир зум бўлса-да, сусайтирилгани йўқ.

Президентимиз раҳбарлигида ўтказилаётган видеоселектор йиғилишларида барча вазирлик ва идоралар, давлат қўмиталари, ҳокимликлар ва дахлдор тизимларга хавфни бартараф этиш борасидаги энг муҳим ва устувор вазифалар, топшириқлар берилиб, амалий ижроси доимий эътиборга олинмоқда.

Самара эса ўз-ўзидан касалликдан бутунлай тузалаётганлар сони ортиб бораётганида, карантин шароитида кузатувга олинган ҳамюртларимиз ўз уйларига, оилалари ва яқинлари бағрига қайтаётганида намоён бўлмоқда.

Шу ўринда Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан қайд этилган рақам ва далилларга эътибор қаратиб ўтиш жоиз. Яъни, юртимизда коронавирус инфекциясига чалиниб, даволанаётган ўрта аҳволдаги ҳар бир бемор учун 32 миллион сўмдан, оғир аҳволдаги, жонлантириш бўлимидаги ҳар бир беморга ўртача 64 миллион сўм маблағ сарфланмоқда.

Карантинда бўлиб турган фкқароларнинг ҳар бири учун 14 кунлик карантин даврида 2,4 миллион сўмдан, коронавирусдан тузалиб, реабилитацияга олинган ҳар бир беморнинг тикланиши учун 2,8 миллион сўмдан маблағ йўналтирилмоқда.

Биргина шу рақамларнинг ўзиёқ давлатимиз бугунги оғир ва мураккаб вазиятда қанчалар инсонпарварлик кўрсатиб, ҳар бир юртдошимиз ҳаёти ва саломатлиги ҳақида жиддий қайғураётганини кўрсатиб турибди.

Шундай экан, хавфсизлик қоидаларига қатъий риоя қилиш, карантин қоидаларини бузмаслик, дезинфекция талаблари ва соғлом турмуш тарзини ҳаёт мезони билиб, синовли даврда уйда бўлишимиз, зарурат бўлмаганда кўчага чиқмаслигимиз зарур.

Вирусдан халос бўлаётганлар сони кун сайин ошаётгани ҳаммамизга куч бериши, Рамазон кунларида руҳий тарбияга алоҳида эътибор қаратишимиз зарур.


Анвархон ТЕМИРОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

ЎзХДП фракцияси аъзоси

Теглар

Депутат Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш