“Уруш болалигимизни, орзуларимизни ўғирлаган эди...”

 

Ниёз бобо Рўзиев 1925 йил Қашқадарё вилояти Китоб тумани Офтобрўя қишлоғида туғилган. 1942 йилнинг бошларида урушга кетган. 1943 йил баҳорида яраланган ва даволанган. Қисқа вақтдан сўнг яна жанггоҳга кирди. Ўша йилнинг июнь ойларидан бошлаб иккинчи Болтиқбўйи фронтида жанг қилади. 1944 йил октябрь ойида жангда қаттиқ яраланади ва 2 гуруҳ ногирони деб топилиб, урушдан қайтарилади.

Уруш болалигимизни, орзуларимизни ўғирлади. Миллионлаб одамларнинг ёстиғини қуритди, қанчадан-қанча болаларни етим қилди. Одамларимиз ҳам бу пайтларда қийналиб кун кечирар, борини урушдаги яқинларига жўнатарди. У кунларни эслашнинг ўзи оғир, –дейди Ниёз бобо.

Урушдан қайтгач, 1945 йилдан бошлаб ўзи ўқиган 25-мактабда ўқитувчиликни давом эттиради. Малакасини ошириш учун Қарши педагогика билим юртида ўқиб чиқади. 1948 йили мактаб директори этиб тайинланади. Ниёз бобо 40 йилга яқин Китоб туманидаги бир қатор ўрта таълим мактабларида ўқитувчилик қилди. Тажрибали педагог, устоз мураббий сифатида халқ таълими соҳасини жадал ривожлантиришда улкан ҳисса қўшди, кўплаб шогирдларни тарбиялади.

Бугун Ниёз бобо 9 нафар фарзанднинг отаси, 26 нафар набира ва 26 нафар чевараларнинг севикли бобоси бўлиб, кексалик гаштини сурмоқда. Ватан олдидаги хизматлари учун давлат томонидан кўп маротаба мукофотланган ва тақдирланган.

Оила даврасида ўтирганда бугунги доруламон кунларга етишнинг ўзи бўлмаганлигини, тинчликни, ватанни қадрига етиш кераклигини кўп таъкидлайди. Фарзанд ва невараларига насиҳатлар беради. Шунга амал қилиб, бугун улар ҳам кам бўлгани йўқ...

Қарийб 100 ёш остонасида турган иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси, зиёли инсон нуроний отахон сифатида ҳали анча тетик ва бардам.

Эъзоз ва эътибор яхши нарсада. Одамга куч-қувват ва ғайрат беради. Элимиз, маҳалла-куй, ўғил-қизлар ардоғида бўлиш менга бардамлик беради. Шу кунларга етказганига шукр, – дейди Ниёз бобо.


Халқ демократик партияси

Ахборот хизмати.

← Рўйхатга қайтиш