Депутат мингта оилани оталиғига олди

 

Азал-азалдан доно халқимиз доимо синовли кунларда сабр қаноат билан яшаб, ақлу-заковат, меҳру-оқибат, бағрикенглик ва эзгу қадриятларга таянган ҳолда тақдир рўбарў қилган бундай машаққатли кунларни бирдамлик билан енгиб ўтган.

Бугунги кунда ҳам халқимиз ана шундай синовларга юзма-юз келди, яна аждодлардан авлодларга ўтувчи саховат ва мурувват, меҳр ва оқибат сингари қадриятларимиз намоён бўла бошлади. Ёлғиз, ногирон, кўмакка муҳтож фуқароларимизни қўллаб-қувватлаш зарурлигини шу заминда яшовчи ҳар бир инсон дилдан ҳис қилиб, бу ишларга баҳолиқудрат улуш қўшишга ҳаракат қилмоқда. Саховатпеша инсонлар бирдамлик, жипслик, шафқат билан ён-атрофидаги ёрдамга муҳтож инсонларга кўмаклашишни ўзининг инсоний бурчи деб билиб, қалб амри билан бундай ишларни амалга ошираётганлигининг гувоҳи бўлмоқдамиз.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракатини ташкил этиш ғояси халқимизни қувонтириб, барчани ушбу ғоя атрофида якдиллик билан фаолият олиб боришга даъват этди.

Бухоро вилоятида ҳам ушбу умумхалқ ҳаракати кенг жамоатчилик томонидан қўллаб-қувватланиб, тадбиркорлар орасидан саховатпеша инсонлар сафи кенгаймоқда. Халқ депутатлари Бухоро вилоят Кенгашидаги ХДП гуруҳи аъзоси, депутат Фаррух Бекмирзаев ҳам мана шундай саховатпеша тадбиркорлардан. У вилоятимизнинг чегара ҳудуди бўлмиш Қоровулбозор ҳамда Когон туманидаги 1000 та ижтимоий ҳимояга муҳтож оилани ўз оталиғига олди. Ушбу оилаларнинг жисмоний меҳнатга қобилиятли бўлган вакилларини иш билан таъминланмоқда, меҳнат қилиш имконияти чекланган вакилларини эса озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш масъулиятини ҳам Фаррух Бекмирзаев ўз зиммасига олган.

Ҳозирги оғир пайтда аҳолининг ёрдам ва кўмакка муҳтож қатламларини қўллаб-қувватлаш муҳим аҳамият касб этади, – дейди Фаррух Бекмирзаев. – Президентимизнинг жорий йил 22 апрелдаги глобал инқироз ва пандемия шароитида аҳоли бандлиги масаласига бағишлаб ўтказилган видеоселектор йиғилишидаги маърузаси ҳар биримиздан коронавирус инфекциясига қарши курашишда, юзага келган вазиятдан тезроқ чиқиб кетишимизда бир мақсад йўлида жипслашишимизни, бир-биримизга елкадош бўлишимизни тақозо этмоқда. Бунда биз, халқ томонидан сайланган депутатлар янада фаолроқ бўлишимиз шарт!

Шунингдек, саховатпеша тадбиркор муқаддас Рамазони шариф ойида Қоровулбозор тумани деҳқон бозорида ҳар куни ҳар бир кишига 2 тадан нон ва ичимлик суви тарқатиб савоб ишлар бошида бўлаётир.


Халқ демократик партияси

Бухоро вилоят кенгаши.

Теглар

Депутат Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар
← Рўйхатга қайтиш