Жавобгарликни кучайтиришга оид яна бир қонун керакмиди?

 

Олий Мажлис Қонунчилик палатасида «Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартишлар киритиш хақида»ги қонуни лойиҳаси иккинчи ўқишда қабул қилинди. Ушбу ҳужжат дори воситаларининг ноқонуний айланиши бўйича жавобгарликни назарда тутади.

Жавобгарликни кучайтиришга оид яна бир қонун керакмиди, деган савол туғилиши табиий. Бу қонун керак эди. Нима учун? Тушунтиришга ҳаракат қиламан.

Бугунги кунда 10 мингдан ортиқ дорилар мавжуд бўлиб, шулардан 1800 таси рецептсиз берилиши мумкин. Айрим фуқораларимиз бирор жойи безовта қилса, тўғридан-тўғри дорихонага бориб, керакли дориларни рецептсиз олишга ўрганган. Қайси дори олишни рекламалардан ёки аптекадаги провизорларнинг тавсияси билан ҳал қилишади. Аммо мутахассис тавсия этмаган дори-дармонлар ҳеч қандай фойда бермаслиги, ҳатто захарлаши мумкин.

Яна бир нарса, сўнгги пайтларда айрим фуқаролар, айниқса, ёшлар ўртасида кучли таъсир этувчи моддаларни нотиббий мақсадларда истеъмол қилиш ҳолатлари кузатилаётгани ташвиш ҳолат.

Даволаш-профилактика муассасаларида дори воситаларини тайинлаш ҳамда беморнинг дори воситаларини қабул қилиш, сақлаш ва қўллаш тартиби, шунингдек, дорихона муассасалари томонидан аҳолига дори воситаларини рецепт асосида бериш тўғрисида Соғлиқни сақлаш вазирининг 2010 йил 18 июнь кунидаги 191-сон буйруғи билан тасдиқланган Низоми мавжуд. Лекин бу ҳужжатга амал қилинаётгани йўқ.

Ана шу сабаб ва Президентимизнинг 2019 йил 6 сентябрдаги “Дори воситалари ноқонуний айланишининг олдини олиш чораларини кучайтириш тўғрисида”ги қарори жавобгарлик кучайтиришга қаратилган қонун чиқаришга асос бўлди.

Дори воситаларининг ноқонуний айланишига йўл қўймаслик, кучли таъсир қилувчи моддалар ножоиз қўлланилишининг олдини олиш чораларини кучайтириш учун тартиб-қоидалар қатъийлаштирилади.

Энди нима ўзгаради? Шифокор рецепти бўйича бериладиган дори воситалари ва тиббий буюмлар, жумладан, кучли таъсир қилувчи моддалар рўйхатига киритилган дори воситаларининг ноқонуний чакана савдосига таъқиқ қўйилади.

Бундан кейин кучли таъсир қилувчи моддалар рўйхатига ўзгартириш ва қўшимчалар Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Наркотик моддаларни назорат қилиш миллий ахборот-таҳлил маркази қошида ташкил этиладиган идоралараро эксперт гуруҳи таклифлари асосида киритиб борилади.

Шу билан бирга, Соғлиқни сақлаш вазирлиги Ички ишлар вазирлиги, бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда дори воситаларининг нотиббий мақсадларда истеъмол қилиниши устидан доимий мониторинг олиб боради ва зарур ҳолларда эксперт гуруҳига тегишли таклиф ва тавсияларни киритиш чоралари кўрилади.


Қизилгул Қосимова,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

Фуқароларнинг соғлиғини сақлаш масалалари қўмитаси ҳамда

Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзоси.

Теглар

Депутат Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш