Озиқ-овқат хавфсизлиги биринчи даражали масалага айланди

 

Ўзбекистонимиз мана бир ойдан ортиқ вақт давомида жаҳонда кечаётган пандемия сабаб карантин ҳолатида қолмоқда. Асосий тармоқлар фаолият кўрсатмаяпти, кунлик ҳақ эвазига яшайдиган кўплаб фуқароларимиз даромадсиз қолмоқда. Айниқса, хизмат кўрсатиш ва туризм соҳаси, енгил саноат ва бошқа соҳалар жиддий зарар кўрмоқда. Иқтисодиётимизда кўплаб йўқотишлар кузатилмоқда. Халқимизни пандемия келтириб чиқарадиган офатлардан эсон-омон олиб ўтиш учун шунча йўқотишларга кўз юмилмоқда.

Давлат раҳбарининг карантин эълон қилингандан буён иқтисодимизга етиши мумкин бўлган салбий таъсирларни юмшатишга қаратилган қатор фармон ва қарорлари қабул қилинганини гувоҳи бўлдик. Албатта, буларнинг барчаси аҳоли саломатлигини асраш билан бир қаторда иқтисодий қийинчиликларни бартараф қилишга, халқимиз ҳаётида бу қийинчиликларни билдирмаслик учун хизмат қилади.

Пандемия сабаб, енгил саноат, хизмат кўрсатиш, қурилиш, туризм, савдо-сотиқ, электротехника ишлаб чиқарувчилари ва бошқа соҳалар катта зарар кўрди. Лекин қишлоқ ҳўжалиги соҳаси тўхтаб қолиши керак эмас. Бу соҳа зарар кўрмаслиги керак. Аҳолини асосий озуқа билан таъминлайдиган соҳа ҳам қишлоқ ҳўжалигидир.

Пандемия шароитида ушбу соҳани янада ривожлантиришга қаратилган “Коронавирус пандемияси даврида озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, мавжуд ресурслардан оқилона фойдаланиш, қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Президенти қарори лойиҳаси тайёрланибди. Мазкур қарор ҳозирги вазиятда ўта муҳим.

Нимага? Чунки, ҳозирги вазиятни оладиган бўлсак, жаҳонда иқтисодиёт жиддий талофатларга учрамоқда. Ҳозирги шароитда ўша машҳур электроника кашфиётларию, қимматбаҳо заргарлик маҳсулотлари ёки ўз брендига эга бўлган замонавий кийимлар ҳам уйда ўтирган ва биринчи навбатда озуқага эҳтиёжи катта бўлган инсонларни заррача қизиқтирмайди.

Бугунги шароитда ҳамма биринчи навбатда озиқ-овқатга эҳтиёж сезади. Бизнинг қуёшли юртимизда етиштирган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари чет давлатлар бозорларида анча харидоргир. Демак, ҳозир асосий сармоя шу соҳага қаратилиши керак. Қишлоқ хўжалигида озиқ-овқат маҳсулотларини сифатли етиштириш ва уни юқори нархларда сотишга эътибор қаратилиши лозим. Қарор лойиҳасида назарда тутилаётган вазифалар ана шу мақсадларга хизмат қилади.

Фикримча, мамлакатимизда қишлоқ хўжалиги, боғдорчилик маҳсулотлари экспортини самарали ташкил этишга алоҳида эътибор қаратиш керак. Айниқса, шу билан шуғулланувчи корхоналар фаолиятини кучайтириш муҳим аҳамиятга эга. Экспорт билан шуғулланувчи корхоналарни кўпайтириш ва рақобатни ошириш лозим. Шунда энг кўп меҳнат қиладиган деҳқонларга ҳам яхши фойда қолади.

Акмал Турсунбоев,

ЎзХДП Марказий Кенгаши бўлим бошлиғи

← Рўйхатга қайтиш