Яхшиликнинг мукофоти фақат яхшиликдир

 

Юртимизга барчамиз учун муқаддас бўлган Рамазон ойи кириб келди. Бироқ бу йилги Рамазон ойи олдинги йиллардагидан буткул фарқ қилмоқда.

Жаҳоннинг деярли барча мамлакатларига кириб борган COVID-19, яъни коронавирус пандемияси мамлакатимизни ҳам четлаб ўтмади. Шу сабабли барча давлатларда бўлгани каби юртимизда ҳам бу касалликнинг тарқалиб кетмаслигининг олдини олиш мақсадида карантин чора-тадбирлари кўрилди.

Бугунги пандемия шароитида ишсизлар, ёрдам ва кўмакка муҳтож аҳоли сони ортиши, табиий. Ҳозирги вақтда жаҳонда иқтисодий жиҳатдан тараққий этган давлатларда ҳам шундай ҳол юз бермоқда. Оқибатда бу мамлакатлар иқтисодиётига ва аҳоли яшаш тарзига жиддий зарар етказаяпти.

Мамлакатимизда шундай мураккаб шароитда эҳтиёжманд ва муҳтож оилаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бундан ташқари, карантин даврининг илк кунлариданоқ “Меҳр-шафқат ва саломатлик” жамоат фонди ва “Ҳомийлик хайрияларини мувофиқлаштириш марказлари”га саховатпеша инсонлар, савобталаб тадбиркорлар томонидан катта миқдордаги маблағлар ўтказиб берилди ва бу эзгу ишлар изчиллик билан давом этаётгани қувонарли ҳол.

Аслини олганда, инсонийлик, бағрикенглик, саховат ва меҳр-оқибат каби улуғ тушунчалар ва қадриятлар танти халқимизнинг қон-қонига сингиб кетган. Ёнимиздаги қўшни уйда тинчлик бўлмаса ёки улар ёрдамга муҳтож бўлиб турса, бефарқ қараб туролмаймиз, ёрдам қўлини чўзишга интилиб келган халқмиз. Айниқса, бу каби эзгу қадриятлар бугунги оғир ва синовли кунларда, қолаверса, муборак Рўзаи Рамазон ойида янада яққол кўзга ташланмоқда.

Бу ойда эҳтиёжманд ва муҳтож оилаларга ёрдам қўлини чўзиш ҳам қарз, ҳам фарздир. Шундай экан, эҳсон ва хайрияларни, қолаверса, ифторликларга сарф этиладиган маблағ ва озиқ-овқатларни эҳтиёжманд қўни-қўшниларимизга, маҳалладошларимизга тақдим этсак, мақсадга мувофиқ бўлади. Зеро, орамизда саховатли, ҳимматли инсонлар жуда кўп. Шу боис, қўлдан келганча саховат қилишимиз зарур.

Маълумки, Президентимиз жорий йилнинг 20 апрель санасида саноат, қурилиш ва инфратузилма тармоқлари корхоналарининг тўлиқ ишлашини таъминлаш масалалари бўйича видеоселекторда “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракатини йўлга қўйиш ташаббусини илгари суриб, унинг доирасида тадбиркорлар имкониятидан келиб чиқиб ўз ҳудудларидаги ёрдамга муҳтож аҳолига ёрдам кўрсатиши мувофиқлигини таъкидлаган эди.

Қашқадарё вилоятида ҳам ушбу умумхалқ ҳаракати кенг жамоатчилик томонидан қўллаб-қувватланди. Натижада, тарбиркорлар ичидан саховатпеша инсонлар сафи кенгайиб бормоқда.

Бу жараёнда, хусусан, “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракатининг меҳр-муруввати барча эҳтиёжманд ва ёрдамга муҳтож оилаларга кириб бориши йўлида Ўзбекситон Халқ демократик партияси, партиямизнинг бошланғич ташкилотлари, барча даражадаги депутатлар четда турмай, фаоллик кўрсатишмоқда. Нега деганда, ЎзХДП дастурий мақсадларидан келиб чиқиб, саховатпеша ҳомийлар ҳамкорлигида минглаб қийин аҳволга тушиб қолган, кам таъминланган юртдошларимизга кўмак кўрсатилаяпти. Маҳаллий кенгаш депутатлари эса мунтазам равишда уларнинг ҳолидан хабар олмоқда.

Ўзбекистон ХДП фаоллари партия электорати бўлган ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламини қўллаб-қувватлаш, вақтинча ишламаётган, ногиронлиги бўлган шахслар, ёлғиз қариялар, кўп фарзандли оилалар, боқувчиси бўлмаган оилалар билан мунтазам алоқа ўрнатиб, уларни манзилли асосда озиқ-овқат ва дори-дармон билан таъминлашша муносиб ҳисса қўшишмоқда.

Президентимиз “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати давлатимиз ва халқимиз қудратининг амалий намоёнига айланишига ишонаман”, дея таъкидлади. Ҳақиқатан ҳам, халқимиз бошидан не-не урушларни, очарчиликларни ўтказмаган, дейсиз. Бироқ ҳеч вақт қўни-қўшнисини ташлаб қўйган халқ эмас. Шундай экан, бугун жонажон Ватанимиз, халқимиз ёрдамимизга, бир-биримизга саховатли бўлишимизга муҳтож бўлиб турган экан, албатта бунга елкадош ва ҳамжиҳат бўлишимиз зарур. Бу муборак ойда барча ниятлар ижобат бўлади.

 

Назира ЎРОҚОВА,

Халқ депутатлари Қарши шаҳар Кенгаши депутати, ЎзХДП гуруҳи аъзоси.

Теглар

Депутат
← Рўйхатга қайтиш