Оғир ва синовли кунларда бир-бирига елкадош бўладиган халқмиз. Уруш пайтида ҳам биз битта бирлашган халқ эдик. Бизнинг ғамимиз ҳам, хурсандчилигимиз ҳам битта, умумий эди. Уруш ҳаммани жисплаштирди. 1,5 миллион нафар жангчи - ўзбеклар фронтга кетишди, уларнинг 500 минг нафари уйга қайтмади, 640 минг нафар ўзбек яраланди. Ҳозир уларнинг кўпчилиги йўқлигини яхши биламиз. Бироқ мен ана шундай уруш ветеранларидан бирини топдим ва у ҳақида мақола ёзиб чиқариш учун бу қаҳрамон билан суҳбатлашишга қарор қилдим. Ана шу тарзда ушбу мақола туфайли менинг ҳаётга бўлган қарашимни ўзгартириб юборган инсон билан танишдим.
Режеп Курбанметов 1925 йилда Хўжайли шаҳрида туғилган. Бу инсон жуда оддий яшайди, лекин ўзини Ер юзидаги энг бахтли ва бой одам деб ҳисоблайди. Қаҳрамонимиз 10 нафар фарзанд (5 ўғил, 5 қиз) нинг отаси, 45 нафар набира ва 75 нафар эваранинг бобоси! Президентимиз 2017 йилда унга Тахиатош шаҳридан шинам хонадонни совға қилган.
Режеп бобо ўша даҳшатли уруш ҳақида сўзлаб берди. Унинг ҳикояси автобиографик бўлса-да, улар орасида унинг омон қолиб, уйига қайтишига ёрдам берган унинг ҳаётга бўлган улкан қизиқишини, Ватани, халқи, онаси, ака-укалари ва опа-сингиллари олдидаги масъулият ҳиссини илғаш мумкин.
Режеп бобо 1943 йилнинг март ойида фронтга кетади. Аввалига ўқишда қийин бўлганини айтади, чунки у рус тилини билмайдиган оддий овул йигити эди. Қўмондонлик махфий равишда янги олинган аскарларни жуфт-жуфт қилиб тақсимлайди, Андрей исмли йигит у билан бирга тушади. Шундай қилиб, Режеп бобо уруш қийинчиликларига қарамасдан, ўзининг машаққатли хизмати давомида рус тилини ўрганади.
Режеп Курбанметов Днепрдан кечиб ўтишда қатнашган, оёғидан яраланган. Бобонинг айтишича, шифокорлар унинг оёғини кесиб ташлашмоқчи бўлишган. Бироқ шифокорларга ялиниб, ёлворади. Ёш йигитга уларнинг раҳми келади, уни даволанишга юборишади.
Режеп бобо ғалабани йўлда қарши олган. 1945 йилнинг 8 майида поезд тўхтаганда, ҳамма бир-бирини қучоқлаб, йиғлаганини яхши хотирлайди.
Бироқ Режеп бобо учун уруш тугамаган эди. У хизмат қилган ҳарбий қисмни Узоқ Шарққа юборишади. Энди Совет- Япон уруши бошланган эди. Режеп бобо Владивостокда пайтида ҳарбий ҳаракатлар тугайди. Шу ерда унга отаси оламдан ўтганлиги ҳақидаги совуқ хабарни етказишади. Режеп бобо қўрқмасдан, уни заҳирага бўшатишларини сўраб қўмондонликка мурожаат қилади.
Шу тарзда қилиб қаҳрамонимиз уйига қайтади. У ишлай бошлайди, хўжаликни кўтариши, укалари ва сингилларини оёққа турғизиши керак эди. Режеп бобо 1984 йилгача тракторчиларнинг бригада бошлиғи бўлиб ишлайди.
Укалари ва синггиллари улғайишади, у ҳам оила қуради, яна югур-югур, оила ташвишлари бошланади.
Режеп бобо табиатан ҳазилкаш ва очиқ одам эди. Унинг нутқи шиддатли Амударё сувлари каби мавж уради, унда қорақалпоқ, рус, туркман ва ўзбек сўзлари жумбоқли тарзда боғланади. Бироқ унинг нутқи равон, оддий ва кишига ишонч бағишлайди. 95 ёшида ҳам орзу қилишдан тўхтамайди.
Мен билан кўнгилдаги орзуси ҳақида ўртоқлашар экан, шундай дейди: «Инсон орзу қилса, нимагадир интилиб яшасагина у ҳаётдир».
У ҳам орзу қилиб, келажак учун режалар қуриб яшаяпти. Улар – ҳақиқий қийинчиликларни бошдан кечирган, ўлим билан юзма-юз келиб, бизга озод, тинч ва бахтли ҳаётни тақдим этган ҳақиқий қаҳрамонлардир. Улар ҳар бир отган янги тонг учун, арзимас бўлсада, ҳар бир ёқимли нарсадан севина олишади. Биз тинчлик ўрнатиш учун жонини берган инсонларга муносиб бўлишимиз керак.
Шу ўринда, “фронт орти жангчилари” бўлган инсонлар, ҳамюртларимиз ҳақида ҳам гапириб ўтсам. Уруш йилларида 100 дан зиёд саноат тадбирлари Ўзбекистонга эвакуация қилинган. Ўшанда асосан хотин-қизлар ва ўсмирлар ҳақиқий қаҳрамонлик кўрсатганлар, фронт учун зарур бўлган барча нарсани таъминлаган ҳолда, туну-кун, суткасида 13 соатлаб меҳнат қилишган. Уруш йилларида озиқ-овқат масаласи муаммо эди. Бироқ уларнинг ҳар бири ўз меҳнати, жасорати билан бутун халқнинг орзуси, ҳаётий мақсади – ғалабани яқинлаштирган.
Уларни нақадар енгилмас куч ва ғоя бошқарган-а! Биз ҳозирги авлод бу инсонлар кўрсатган жасорат олдида бош эгамиз.
Энди мен инсон нимани орзу қилиши кераклигини аниқ биламан! Тинчликни! Бировлар мушкул аҳволга тушиб қолганда, уларга ёрдам қўлини чўзиш кераклиги, ана шунда мусибат умумий бахтга айланиши тушуниб етдим. Ўз меҳнатининг меваларини ҳаёлан тасаввур қилган ҳолда, кўтаринки руҳда ишлаш керак. Бу ялқовлик ва чарчоқни енггишга ёрдам беради. Яна инсонларни севиш ва орзу қилиш, худди Режеп – бободек орзу қилиши керак... Ана шунда ўйлаган ҳамма нарса амалга ошади.
Айжамал Калибаева,
ЎзХДП аъзоси.