Энди “прописка” деган тушунча бўлмайди

 

Парламент қуйи палатасидаги ЎзХДП фракциясининг видеомулоқот шаклидаги йиғилишида иккита қонун лойиҳаси кўриб чиқилди.

“Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий прописка қилиниши лозим бўлган шахслар – Ўзбекистон Республикаси фуқаролари тоифаларининг рўйхати тўғрисида”ги қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритишни назарда тутувчи қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилди.

Ушбу қонун лойиҳасига ёзилган тушунтириш хатида шундай жумлалар келтирилган:

“... аксарият фуқароларимиз Тошкент шаҳри ҳудудида доимий пропискаси бўлмаганлиги сабабли танишларининг номига уй-жой сотиб олишган ва улар бугунги кунда ушбу уй-жойларнинг ўзларининг номига қайтариб олишни талаб қилишмоқда.

Аммо, ушбу фуқароларни аксарияти юқоридаги Қонун билан тасдиқланган Рўйхатнинг тегишли бандларига мос келмаслиги сабабли, уларда пойтахт минтақасида доимий пропискага эга бўлиш, иккиламчи бозордан уй-жой сотиб олиш имконияти мавжуд эмас. Бунинг оқибатида, интернет тармоқларида Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий прописка билан боғлиқ чекловлар юзасидан танқидий мақолалар ва салбий муносабатлар сони ортиб бормоқда...”

Депутатлар фуқароларни йиллар давомида ўйлантириб, минглаб оилаларни қийнаб келган масала Президентимизнинг сиёсий иродаси билан енгиллаштирилаётганини алоҳида таъкидлашди.

Қонун лойиҳасида қандай янгиликлар назарда тутиляпти?

Биринчидан, “прописка” сўзи фуқаролар онгида “тўсқинлик қилувчи”, “бир жойга боғланган”, “эркинликни чекловчи” деган тушунчаларни келтириб чиқараётганлиги ҳамда ҳозирги кунда барча давлатлар ушбу атамадан воз кечилганлиги муносабати билан “доимий прописка” сўзлари “яшаш жойи бўйича рўйхатга олиш” сўзларига алмаштириляпти.

Иккинчидан, фуқароларга нафақат биринчи ва иккинчи даражадаги қариндошлари яшаб турган манзилга, балки уларнинг эгалигида бўлган уй-жой майдонига ҳам доимий рўйхатга туриш имконияти яратилмоқда.

Учинчидан, эр-хотиннинг никоҳдан кейин бир йил давомида биргаликда яшаш шарти ва бир йил ичида никоҳ бекор қилинган тақдирда пропискани йўқотиш бўйича қоидалар бекор қилиняпти.

Тўртинчидан, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг палаталари, Ўзбекистон Республикаси Президенти, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан ёхуд Ўзбекистон Республикаси Президенти билан келишилган ҳолда лавозимларга сайланган, тайинланган, тасдиқланган фуқаролар ҳамда давлат ҳокимияти органларига, давлат ва хўжалик бошқаруви органларига, республика аҳамиятига молик бошқа давлат ташкилотларига ишга таклиф этилаётган юқори малакали мутахассислар, тор ихтисосликдаги мутахассислар, шунингдек, уларнинг оила аъзолари белгиланган тартибда доимий прописка қилингандан сўнг улар бошқа ишга ўтиши ёки лавозимдан озод этилиши яшаш жойи бўйича доимий рўйхатдан чиқарилишга олиб келишига оид қоида чиқариб ташланмоқда.

Бешинчидан, давлат ҳокимияти органларида, давлат ва хўжалик бошқаруви органларида ҳамда бошқа давлат ташкилотларида узлуксиз беш йил ва ундан ортиқ бўлган давр мобайнида меҳнат фаолиятини олиб бораётган ходимлар (техник, хизмат кўрсатувчи ва ишлаб чиқариш ходимларидан ташқари) тегишли орган ёки ташкилот раҳбарининг маълумотномасига кўра, шунингдек, уларнинг оила аъзолари доимий рўйхатга туриши бўйича янги банд киритиляпти.

ХДП электорати манфаатларини ҳимоя қилишда, хусусан, иш билан банд фуқароларнинг яшаш шароити кафолатланиши, фуқароларнинг меҳнат ҳуқуқлари кафолатланиши, ижтимоий ҳимоя, тиббий ёрдам, таълим билан боғлиқ хизматлардан эркин фойдаланишга тенг имконият яратилиши алоҳида қайд этилди.

Фракция аъзолари Зуҳра Шадиева ва Улуғбек Вафоев қонун лойиҳаси бўйича аниқлаштирувчи савол ҳамда таклиф билан ишчи гуруҳи, ташаббускорларга мурожаат қилди. Жумладан, У.Вафоев ходимлари доимий рўйхатга олинадиган ташкилотлар қаторига республика аҳамиятидаги нодавлат ташкилотлар, фуқаролик жамияти институтлари, хусусан, сиёсий партиялар марказий аппаратларини ҳам киритиш кераклиги, чунки партиялар давлат ҳокимиятини шакллантиришда бевосита иштирок этиши ҳисобга олиниши зарурлиги ҳақида таклиф берди.      

Шунинг учун қонун лойиҳаси мазмунан тўлиқ қўллаб-қувватланди.

Йиғилишда, шунингдек,  “Давлат божи тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси ҳам биринчи ўқишда кўриб чиқилди.

Қонун лойиҳасининг асосий мазмуни Ўзбекистон Республикасида доимий яшовчи ва республиканинг бошқа минтақаларида доимий пропискага эга бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари томонидан Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятидаги янги қурилган уйларда кўчмас мулк олди-сотдиси шартномаларини расмийлаштириш учун давлат божининг алоҳида ставкасини бекор қилиш ҳамда нотариал фаолият билан боғлиқ бошқа ўзгартиришлар киритишдан иборат.

Бир қатор нотариал ҳаракатларни амалга оширганлик учун белгиланган давлат божи миқдорларининг ставкалари оптималлаштирилмоқда.

Шунингдек, “Давлат божи тўғрисида”ги қонунга адвокатлик тузилмаларини, уларнинг таъсис ҳужжатларига киритилган ўзгартириш
ва қўшимчаларни, юридик маслаҳатхоналарнинг низомларини давлат рўйхатидан ўтказганлик ҳамда юридик маслаҳатхоналарни ҳисобга олганлик учун ундириладиган давлат божи ставкалари бўйича қўшимча киритилмоқда.

Депутатлар кейинчалик таклифлар тайёрланишини ҳисобга олиб, қонун лойиҳасини концептуал жиҳатдан маъқуллаш ҳақида қарор қабул қилди.

 

Халқ демократик партияси

Ахборот хизмати

Теглар

Депутат Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш