Аҳоли бандлиги: шу пайтгача бўш иш ўринлари тўлиқ тақдим этилмасди ёки яшириларди

 

Жорий йилнинг 23 апрель куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ялпи мажлисида “Аҳоли бандлиги тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни лойиҳаси иккинчи ўқишда моддама-модда муҳокама қилинди.
 
Мазкур қонун лойиҳаси аввалги қабул қилинган қонундан тубдан фарқ қилади. Хусусан, бандлик соҳасидаги кенг қамровни ўз ичига олгани, ҳажмини катталиги (олдинги қонун 35 модда, ҳозирги лойиҳа 129 модда), янги тушунча ва нормалар киритилгани, фуқаро ҳамда ходимларга кўплаб имкониятлар, иш берувчига эса имтиёзлар яратилгани, тўғридан-тўғри амал қилувчи, энг асосийси бугунги меҳнат бозори талабларини ўз ичига олиши билан аҳамиятли.
 
Қонун лойиҳасида киритилган янги қоидаларга қисқача тўхталадиган бўлсак, иш ўринларини яратиш ва бандликни таъминлаш борасидаги фаолияти учун иш берувчини рағбатлантириш, аҳолининг иш билан бандлиги давлат томонидан қўллаб-қувватланиши, жумладан, субсидиялар, грантлар ва имтиёзли кредитларнинг ажратилиши белгиланмоқда.
 
Шу билан бирга, меҳнат органлари томонидан ишсиз ва банд бўлмаган аҳолига кўрсатилаётган хизматлар турлари кенгайтирилди, шунингдек, ишсиз деб эътироф этиш, ишсизлик даврида ижтимоий кафолатлар ва компенсация бериш тартиблари соддалаштирилди.
 
Яна бир муҳим жиҳат, қонун лойиҳасида иш берувчиларнинг мавжуд бўш иш ўринлари тўғрисидаги ахборотларни ўз вақтида тақдим этиб бормаслиги юзасидан тегишли жавобгарлик белгиланмоқда.
 
Муҳим деб урғу берганимиз, шу пайтгача бўш иш ўринлари тўлиқ тақдим этилмасди ёки яшириларди. Бу эса ишга жойлашишда маҳаллийчилик ва уруғ-аймоқчилик ҳамда коррупция ҳолатларини келтириб чиқарарди.
 
Сайловчиларга Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг сайловолди Дастурининг 9-бандида бандликка оид сиёсат бўйича қилинадиган ишлар хусусида ташаббус кўрсатиб чиққан эдик.
 
Шунга мувофиқ ушбу банда кўрсатилган қуйидаги таклифлар қонун лойиҳасида акс этмоқда. Жумладан, ногиронлиги бўлган шахслар, “Меҳрибонлик” уйлари битирувчилари, пенсионерлар ва ижтимоий ҳимояга муҳтож бошқа қатламлар ҳамда мазкур қонун-ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш назарда тутилган эди.
 
Хусусан, қонун лойиҳасидаги 39-моддада аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд тоифаларини ишга жойлаштириш бўйича қўшимча кафолатлар номдаги модда ўз аксини топмоқда.
 
Унга кўра, “14 ёшга тўлмаган болалари ва ногиронлиги бўлган болалари бор ёлғиз ҳамда кўп болали ота-оналар, умумий ўрта ва касб-ҳунар таълими муассасаларини тамомлаб, касбга эга бўлган ёшлар, “Меҳрибонлик” уйларининг битирувчилари, шунингдек олий таълим муассасаларининг давлат грантлари бўйича таълим олган битирувчилари, Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлигининг, Ички ишлар вазирлигининг, Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг, Миллий гвардиясининг, Давлат хавфсизлик хизматининг қўшинларидаги муддатли ҳарбий хизматдан бўшатилган шахслар, ногиронлиги бўлган шахслар, пенсия олди ёшидаги шахслар, жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинган ёки суд қарорига кўра ўзига нисбатан тиббий йўсиндаги мажбурлов чоралари қўлланилган шахслар, одам савдосидан жабрланганлар давлат томонидан қўшимча кафолатларни таъминлайди”, — деб аниқ белгиланмоқда.
 
Агарда юқорида келтирилган ижтимоий эҳтиёжмандларга, иш ўринларининг белгиланган энг кам сони ҳисобидан иш ўринларига жойлаштириш учун қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда маҳаллий меҳнат органлари ва бошқа органлар томонидан юбориладиган шахсларни асоссиз ишга қабул қилмаса иш берувчи белгиланган тартибда жавобгар бўлади.
 
Фуқароларга тушунарли бўлиши ва бошқа қонун ҳужжатларга мурожаат қилмаслиги учун бир қатор нормалар, яъни банд бўлмаган аҳолини ҳисобга олиш ва рўйхатдан ўтказиш, фаол иш қидираётган ишсизларга нафақа тайинлаш ва тўлаш шартлари тўғридан-тўғри амал қилувчи норма сифатида баён этилди.
 
Аксарият ҳолда тўғридан-тўғри амал қилувчи қонун бўлади деганимизнинг исботи мазкур қонун қабул қилиниши билан амалда бўлган 17 та қонун ва бошқа идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ўз кучини йўқотган деб ҳисобланади ҳамда ҳаволаки нормалар камроқ ҳисобланади.
 
Палата ялпи мажлисида қизғин муҳокама бўлган ҳамда депутатларнинг билдирилган таклифлар асосида иккинчи ўқишда қонун лойиҳаси қабул қилинди.
 
Фикримизча, мазкур қонуннинг қабул қилиниши халқимизнинг ишсизлик бўйича кўплаб муаммоларига барҳам берилади.
 
 
Фирдавс ШАРИПОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
ЎзХДП фракцияси ҳамда Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси аъзоси
 

 

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш