Умумхалқ ҳаракати билан яхшиликлар кўпайди

Cиновли кунларда халқимизнинг тарихий ва маънавий қадриятлари, оқибат ва ҳиммат каби юксак фазилатлари “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракатининг кенг ёйилишига асос бўлмоқда.

Мазкур ташаббус юртимизда пандемия даврида олиб борилаётган ёрдам ва қўллаб-қувватлаш билан боғлиқ саъй-ҳаракатларни янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилмоқда.

Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг 1800 нафардан ортиқ депутатлари ва 10 мингга яқин бошланғич ташкилотлари фаоллари ҳам эзгу ҳаракатда фаол иштирок этяпти.

СОVID-19 инфекцияси тарқалишининг олдини олиш учун жорий этилган карантин ва чеклов тадбирлари вақтида ҳудудлардаги эҳтиёжманд ва кам таъминланган оилалар партиянинг алоҳида эътибор марказида турибди.

Шу кунга қадар партия фаоллари томонидан жами 550 га яқин амалий кўмак тадбирлари ташкил этилди. Депутатлар, фаоллар томонидан жами 3 миллиард сўмга яқин озиқ-овқат маҳсулотлари ва тиббий воситалар эҳтиёжманд юртдошларимизга етказиб берилди.

Партиямиздан сайланган депутатлар хайрия тадбирлари билан бирга, жойларда пандемия даврида юзага келган ижтимоий масалаларни ҳал этишга, хусусан, аҳолини қийнаб келаётган ичимлик суви ва электр таъминоти билан боғлиқ муаммоларни ижобий ҳал этишга ҳам алоҳида эътибор қаратилди.

Халқимизда “Ўнг қўлинг берганини чап қўлинг билмасин”, деган нақл бор. Аммо ҳамма учун қийин вазият бўлишига қарамай, муҳтожлар учун имконият топиб, ёрдамини аямаётган юртдошларимиз ҳақида маълумот бериш, улардан ўрнак олишга ундаш нокамтарлик бўлмайди.

Партиямиздан Тўрақурғон туман Кенгаши депутати Тохиржон Гаппаров тумандаги Гулқишлоқ МФЙда истиқомат қиладиган кам таъминланган оилаларга 2 тонна ун, 2 тонна картошка ва 200 литр ёғни хайрия сифатида тарқатган бўлса, туманнинг яна бир фидойи депутати Анвар Ғуломов “Шаханд” МФЙ аҳолисига 1 тонна ун ва 2 тонна картошка маҳсулотини бепул етказиб берди.

Тошкент туман Кенгаши депутати Асан Зоҳидов тумандаги “Келес, Қизғалдоқ, Кўксрой маҳаллаларида истиқомат қиладиган 121 та кам таъминланган оилага жами 43 млн. сўмлик зарурий озиқ-овқат маҳсулотларини тарқатди.

Партиямизнинг яна бир фаоли Ускенбай Атемов Усмонобод МФЙда истиқомат қилувчи эҳтиёжманд оилага қорамол хайрия қилган бўлса, Қоровулбозор туман Кенгаши депутати Гулнора Нарзиева 1 та қорамол сўйиб, гўштини “Бўзачи” МФЙдаги муҳтож оилаларга тарқатиб берди.

Ана шундай фидойи ва саховатпеша инсонлар, уларнинг савобли ишлари ҳақида кўплаб мисоллар келтириш мумкин.

Депутатлар, партиямиз фаоллари ҳамда хайрихоҳлари “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати атрофида бирлашиб, эзгу амалларга ҳисса қўшишда давом этади.

 

Сирожиддин Шоназаров,

ЎзХДП Марказий Кенгаши масъул ходими.

Теглар

Лойиҳаларимиз Депутат Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар
← Рўйхатга қайтиш