Онамизни ҳимоя қилсак қаршилик қилманг!

 

Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 42 –моддасига қўшимча киритиш, бунда давлат ташкилотларида ҳужжатлар давлат тилида юритилишининг назоратини қатъийлаштириш борасидадир. Бу Она тилимизни асраб қолиш учун қилаётган саъи – ҳаракатларимизнинг биридир. Бу эзгу ҳаракатни қўллаб – қувватлаш ўрнига уни нотўғри талқин қилаётганларга шу пайтгача ён босдик. Нотўғри тушинибдилар “нозик кўнгил”лари оғримасин дедик. Давлат тили ҳақидаги қонунга беписандлик билан, менсимай қарашга энди чек қўйиш керак. Шу сўзларни ёзаяпману бир ҳолат ёдимга тушди. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг янги аъзоларига гувоҳнома топшириш жараёнига тўпландик. Йиғилишни ўша пайтдаги Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раисининг 1- ўринбосари Минҳожиддин Мирзо олиб борди. Унинг ўнг томонида Ўзбекистон Халқ шоири Анвар Обиджон, чап томонида “Жаҳон адабиёти” журнали Бош муҳаррири Аҳмаджон Мейлибоев ва уюшма раисининг яна бир ўринбосари Нодир Жонузоқ ва севимли адибамиз Олмос Ахмедова ўтирган эди. Ниҳоятда самимий руҳда кечган гувоҳнома топшириш жараёнида Минҳожиддин Мирзо бундан буён уюшма қошидаги халқаро ижодий ҳамкорлик бўлим бошчилигида асарлар жаҳон тилларига таржима қилинишини, дунёда ўтаётган адабий жараёнларда якка – якка ҳолда эмас, уюшган ҳолда қатнашишимиз учун бирлашишимиз ҳақида уюшмада ҳужжат қабул қилинганини айтиб ўтди.

Бу чет мамлакатларга юборилаётган асарларнинг сонини ошиши , уларнинг таржима сифатини яхшиланишини, дўстлик алоқалари мустаҳкамланиши ва ўзбекистонлик ижодкорларнинг дунёга бўйлашишига дадил қадам бўлиши ҳақида гапирди. Шу пайт йиғилишга таклиф этилган русий забон ёши олтмишлардан ошган ижодкор ўрнидан туриб “ Ҳамма бирлашиши бу рус тилида ёзувчилар учун эшиклар ёпилишими? Бугун телефон қилиб барча рус ёзувчиларига эртага йиғилишга келмас экансизлар деб, айтаман. Йиғилишда фақат ўзбекча гапирганингиз учун мен ҳеч нарса тушинмадим”-деди.

Минҳожиддин Мирзо ҳеч бир эътирозсиз, йиғилиш ишторокчиси бўлган бошқа қардошлардан узр сўраб, айтган гапларни рус тилида дона- дона қилиб такрор тушинтирди. Барибир ҳам ҳалиги рус ёзувчисин ўрнидан туриб бирлашишдан мақсадни тушинмаганни такрорлади. Кўтаринки руҳда ўтаётган аъзолик гувоҳномаларини топшириш жараёнига қандайдир хижолатчилик аралашди. Шунда бир ярим соатдан буён шарқона тарбия, фақат ўзигагина хос нурли камтарлик билан ўтирган Ўзбекистон Халқ шоири Анвар Обиджон шахт ўрнидан турди.( Мен бу гапларни йиғлаб ёзаяпман азизларим. Бу ҳозирги нозик нуқтада Анвар аканинг ёнимизда йўқлиги, уни жуда- жуда соғинганимиз учундир). Анвар Обиджон негадир юзини дераза томонга сал буриб шундай деди: Сизга тушинтириш учун раис ўринбосари айбдорга ўхшаб катта бир йиғилишда айтилган гапларни бошқатдан рус тилида такрорласаю, буни сиздан бошқа қардошлар тушинсаю олтмиш йилдан буён Ўзбекистонда яшаб “Бирорта гапингизни тушинмадим”- деб, қатъий туриб олишингиз, энг ажабланарлиси масалани нотўғри талқин қилишингиз маданиятданми? Аслида ҳар қандай йиғилиш Давлат тилида олиб борилиши Давлат тили ҳақидаги қонунда ёзилаган”. Анвар Обиджон ўша ҳолатда, деразага қараганчада давом этарди. Ҳазратим овозини янада пасайтириб, энди у гапларини бутун дунёга айтаётгандек деди. “Одам ҳурмат қилса битта тилни бир йилда бемалол ўрганиши мумкин. Олтмиш йилда ҳам битта ҳам сўзни тушинмаслик мумкинми? Энг ёмони хоҳламаслик, писанд қилмасликликдир. Тушинмаган одам виждони бўлса тушиниб олар. Бундан буён тушинмаган ҳар биттасига хижолат бўлиб, айбдордек тушинтиришга вақтимизни қизғонайлик. Бугун гувоҳнома олган уюшмамизнинг янги аъзоларига тилимиз йўқолиб кетмаслиги учун жонбозлик қилишларини ҳам сўрайман”- дия гапини тугатди.

Менинг назаримда энди тушинмаганлар учун ҳам айтадиганимиз шу: Давлат тилимизни асраш йўлидаги андишамиз, узрхоҳлигимиз, баъзи “нозик кўнгил”ларга тегиб кетишдан қўрқишларимиз энди бизга жуда қимматга тушади. Ўз ичимизда ҳам яъни ўзбек бўла туриб ўзбекча гапиришга ор қилаётганлар, давлат ташкилотларида шу кунгача Давлат тилида ҳужжат юритишни хоҳламайдиган, қонунга бўй сунмайдиганларга нисбатан қонуний,қатъий чора кўрилиши шарт.


Зулфия Мўминова,

шоира, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси,

Ўзбекистон ХДП фаоли.

← Рўйхатга қайтиш