Халқ демократик партияси фракциясининг ЕОИИ билан ҳамкорлик бўйича хулосаси

 

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бошчилигида олиб борилаётган тарихий ислоҳотлар ҳамда ташқи сиёсатдаги очиқлик, яхши қўшничилик ва ўзаро манфаатли ҳамкорлик йўлга қўйилиши натижасида охирги уч йилда жаҳон ҳамжамиятда мамлакатимизнинг обрўси кўтарилиб бормоқда.

Биз билан ҳамкорлик қилиш, иқтисодиётимизга инвестициялар киритиш ҳамда олиб борилаётган ислоҳотларимизни қўллаб-қувватлашга ҳаракат қилувчи халқаро ташкилот ва давлатлар сони кундан-кунга ошмоқда.

Мазкур ҳолат мамлакатимизни барқарор ривожланиши ва фуқароларимизнинг фаровон яшаши учун муҳим аҳамиятга эгадир. Зеро, ҳеч қайси давлат ўз миллий қобиғига ўралган ҳолда ривожлана олмайди.

Бугунги мураккаб ва таҳликалий замонда таҳдид ва қийинчиликларни якка ҳолда енгиб чиқиши мумкин эмас. Айниқса, бутун дунёни ларзага солган, катта қудратга эга давлатларнинг ҳам иқтисодиётини издан чиқариб юбораётган коронавирус пандемияси мисолида кўришимиз мумкин.

Шу нуқтаи назардан ҳам бугун муҳокама қилинаётган масала, яъни Евроосиё иқтисодий иттифоқи билан ҳамкорлик қилиш масаласи халқимизнинг, ҳар бир фуқаронинг манфаатларига бевосита таъсир қилувчи жуда жиддий масаладир.

Шу билан бирга, Евроосиё иқтисодий иттифоқи билан келгусида ҳамкорлик натижасини баҳолаш, прогноз қилиш ниҳоятда мураккаб ва қийин жараёндир.

Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракцияси ушбу жиддий масалада ўзининг тор маънодаги электорал манфаатларидан воз кечиб, биринчи навбатда давлатимиз, халқимиз ва миллатимизнинг умумий манфаатларидан келиб чиқиш ҳамда барча фуқароларнинг хоҳиш-иродасига таяниш лозим, деб ҳисоблайди.

Фракциямиз ушбу долзарб масала юзасидан 7 та вазирликлар билан видеоконференция муҳокамасини ўтказди, 4 та вазирликдан ёзма тахлилий маълумотномалар олди. Қонунчилик палатасининг 3 та қўмитаси билан давра суҳбатлари ўтказди.

Ўтказилган кенг қамровли муҳокамалар, тайёрланган таҳлилий материаллар фракциямизнинг ҳар бир депутати учун мавзунинг ичига чуқур кириши ва қарор қабул қилишда онгли равишда ёндашиш имкониятини яратиб берди.

Алоҳида таъкидлаш лозимки, Қонунчилик палатаси Ишчи гуруҳи томонидан мухокамалар жароёнини самарали ташкил қилиниши, сиёсий партия фракциялари учун мазкур долзарб масалада ўз позициясини шакллантиришига катта ёрдам бўлди.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, Халқ демократик партияси фракцияси Евроосиё иқтисодий иттифоқи билан ҳамкорлик қилиш юзасидан қуйидагиларни таъкидлайди.

Биринчидан, Евроосиё иқтисодий иттифоқи билан ҳамкорлик қилиш Ўзбекистон учун меҳнат миграциясидаги мавжуд муаммоларни ҳал этишда яхши имкониятлар яратиши мумкин. Айниқса, ушбу Ташкилотга кирувчи мамлакатларда ишлаб юрган миллионлаб Ўзбекистон фуқароларининг ижтимоий ҳимоясига ижобий таъсир кўрсатади. Жумладан, Евроосиё иқтисодий иттифоқига кирувчи мамлакатларда ишлаб юрган барча фуқароларимизга эркин ишлашга ва ишлаб топилган пул ўтказилмалари ҳажмини оширишга имкон беради.

Шунингдек, фуқароларимизнинг ижтимоий ҳимояси таъминланади, жумладан, пенсия тайинлашда меҳнат стажи инобатга олинади, уларнинг фарзандлари кафолатланган таълим ва тиббий хизмат олиш ҳуқуқига эга бўлади.

Иккинчидан, бугунги кунда давлатимиз раҳбари томонидан мамлакатимизнинг экспорт салоҳиятини ошириш стратегик вазифа этиб белгиланган.

Бунинг учун салоҳиятли ва барқарор истеъмол бозори зарур бўлади.

Таъкидлаш лозимки, Евроосиё иқтисодий иттифоқи билан ҳамкорлик қилиш транспорт харажатларини камайтириш, тарифсиз тўсиқларни оптималлаштириш, тўқимачилик ва трикотаж саноатининг экспорт салоҳиятини сезиларли даражада оширишга хизмат қилади.

Шунингдек, қишлоқ хўжалигида етиштирилаётган мева-сабзавот махсулотларимиз экспортини амалга оширишда биз учун иттифоққа аъзо мамлакатлар салоҳиятли истеъмол бозори бўлиши мумкин.

Учинчидан, таҳлиллар шуни кўрсатмоқдки, темир йўл ташувларида экспорт-импорт ҳажмининг ўсиши 10-15 фоизга баҳоланмоқда. Товарлар транзитида ягона тарифлардан фойдаланилиши натижасида юк жўнатувчилар ва қабул қилувчиларнинг транспорт харажатлари сезиларли даражада камайиши мумкин.

Бу экспорт ва импорт қилинадиган маҳсулотларнинг якуний қийматида транспорт ҳаражатлари улуши камайишига ва пировард натижада маҳсулотларнинг таннархи пасайишига асос бўлади.

Шу билан бир қаторда, Евроосиё иқтисодий иттифоқи билан ҳамкорлик қилишдан айрим салбий омиллар ҳам ­кутилиши мумкиндир.

Жумладан, Ташкилотга кириш ички бозорнинг очиқ бўлишига олиб келади, яъни маҳаллий корхоналаримиз ­бошқа мамлакатларда ишлаб чиқарилган маҳсулотлар сифати билан рақобат қила олиши керак бўлади.

Узоқ йиллар давомида протекционизм сиёсати орқали қўллаб-қувватлаб келинган саноат корхоналаримизнинг фаолияти заифлашиб қолиши хавфи мавжуд. Рақобатга тайёр бўлмаган тармоқлар ва корхоналаримизни заифлашиб қолиши ҳисобига иқтисодий зарар кўрилиши ҳамда ишсизлар сони ошиб кетиши мумкин.

Мисол учун, биргина рақобатга тайёр бўлмаган кўмир ишлаб чиқариш соҳасини оладига бўлсак, Евроосиё иқтисодий иттифоқи билан ҳамкорлик қилиш натижасида 4 минг иш ўрни қисқариши мумкин.

Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракцияси амалга оширилган ўрганишлардан келиб чиқиб, Евроосиё иқтисодий иттифоқи билан ҳамкорлик қилиш масаласида қуйидаги хулосани тақдим этади:

Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракцияси Евроосиё иқтисодий иттифоқи билан ҳамкорлик қилиш масаласига оид бугунги таҳлиллар, турли прогнозлар амалда ўзини оқламаслиги мумкин, деб ҳисоблайди.

Халқимизнинг, давлатимизнинг манфаатларига бевосита таъсир этувчи бундай долзарб масала юзасидан қарор қабул қилишда таваккалчиликка йўл қўйиш асло мумкин эмас.

Демак, Ўзбекистон Евроосиё иқтисодий ­иттифоқига аъзо бўлиши ёки бўлмаслиги масаласида барча эҳтимолий омилларни кузатиб, чуқур таҳлил қилиб бориш лозим.

Бунинг учун муаммоларни бевосита Ташкилотнинг ичида туриб, кузатиб ўрганиш хамда келгусидаги ўрганишлар натижаларидан келиб чиқиб қарор қабул қилиш.

Юқорида келтирилган барча омилларни ҳисобга олиб, Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракцияси Ўзбекистонни Евроосиё иқтисодий иттифоқида “кузатувчи-давлат” мақомига эга бўлишини мақсадга мувофиқ, деб ҳисоблайди.

 

Улуғбек ИНОЯТОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари,

ЎзХДП фракцияси раҳбари.

 

www.parliament.gov.uz

Теглар

Депутат Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш