Қишлоқдаги ёшларга имконият берайлик!

 

Маълумки, мамлакатимиз аҳолисининг асосий қисми қишлоқ ҳудудларида яшаб, турли хил касб ва машғулотлар орқали, хусусан, деҳқончилик билан оила даромадини шакллантириб, ҳаётий эҳтиёжларини таъминлаб келмоқда.

Бироқ, табиат қийинчиликлари ёки бошқа сабаблар қишлоқ ҳудудларида бир қатор ижтимоий-иқтисодий муаммоларни ўз вақтида ҳал қилишни талаб қилмоқда. Булар аҳоли бандлиги, яшаш учун қулайликлар ва моддий имкониятларнинг янада яхшиланиши кабилардир.

Айниқса, қишлоқ ҳудудларидаги ёшлар учун шароит ва имкониятларни яратиш жуда муҳим.

Бу борада жорий йилнинг 24 апрель куни Президентимиз бошчилигида аҳоли бандлигини таъминлаш ва иқтисодиёт тармоқлари фаолиятини тиклаш масалалари муҳокамасига бағишлаб ўтказилган видеоселектор йиғилишида ҳам бир қатор муҳим ташаббуслар илгари сурилди. Аҳолини озиқ-овқат маҳсулотлари билан узлуксиз таъминлаш ва ички бозорда нархлар барқарорлигини сақлашга алоҳида эътибор берилди.

Шундай экан, айнан қишлоқ ҳудудларида оилавий тадбирокрликни ривожлантириш, ўз-ўзини банд қилишда экин майдонларидан самарали фойдаланиш зарур.

Халқимиз азалдан меҳнатсевар, фақат уларга имконият ва шароит яратиб бериш керак. Давлатимиз раҳбари қишлоқ хўжалигида бўшаган ер майдонларининг бир қисмини ишлайман деган ёшларга ажратиш орқали уларни банд қилиш мумкинлигини таъкидлади.

Менимча, маҳаллий ҳокимият ҳаракатчан ёшлар деҳқончилик билан шуғулланиши учун ер ажратилиши билан чекланмай, сув таъминоти, ўғитлаш ва бошқа ташкилий масалаларда ёрдам бериш чораларини кўрса, мақсадга мувофиқ бўларди.

Бир марта ўзини тутиб олган ёшлар бошқа турдаги тадбиркорлик билан шуғулланиш учун дастлабки сармояларини шакллантириб оларди.

Ўзбекистон ХДПнинг сайловолди дастурида аҳлининг ижтимоий ҳимоясини янада яхшилаш, ёшлар ва хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш борасидаги ишларни тизимлаштириш, қишлоқ ҳудудларида аҳолининг яшаш шароитларини яхшилаш каби бир қатор вазифалар белгилаб олинган.

Шундан келиб чиқиб, партиямизнинг барча даражадаги депутатлик гуруҳлари ва ташкилотлари иштирокида “Ёшларга кўмак” лойиҳаси амалга оширилиши белгиланмоқда. Унда ёшларга ҳудудларда деҳқончилик қилиш учун ер ажаратиш ишига алоҳида эътибор берилмоқда.

Шу кунларда ҳар бир вилоят, туманларда партиядан сайланган депутатлар ўзларининг ҳудудларида ёшлар ҳақида шакллантирилган рўйхат асосида бир гектардан ер берилиши борасида ташаббус кўрсатмоқда. Бу борада тегишли ташкилотлар томонидан олиб борилаётган чора-тадбирлар бўйича депутатлик ва жамоатчилик назоратини ўрнатиш вазифалари белгиланган. Сабаби, ерларни ажратишда манзиллиликни таъминлаш ва фойдаланувчилар учун қулайликлар яратилиши зарур.

Шундай экан, ёшларга имконият берайлик, секин аста улар жамиятда энг фаол кучга айланади. Меҳнатнинг қадрига етади. Мамлакатимизни энг иқтисодий ривожланган давлатлар қаторига олиб чиқилишида муносиб иштирок этади.


Равшан Хомитов,

Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши сектор мудири.

← Рўйхатга қайтиш