Оқибат асраётган элни ҳеч бир синов енга олмайди

 

Давлатимиз ва ҳукуматимиз томонидан коронавирус пандемияси оқибатларини бартараф этиш борасида кўрилаётган чора-тадбирларга ҳамоҳанг равишда юртимизнинг барча ҳудудлари бўйлаб ҳомийлик кўлами ортмоқда, меҳр-муравват тадбирлари кенг қулоч ёзиб, тадбиркор, ташаббускор, ҳиммати баланд элдошларимиз, йирик иқтисодиёт, ишлаб чиқариш ва саноат корхоналари саъй-ҳаракати билан муҳтожларга катта ёрдам кўрсатиляпти.

Қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотлари маҳаллаларда, юртимизнинг барча ҳудудларидаги энг олис қишлоқларгача етказиб берилаётгани, кам таъминланган ва эҳтиёжманд оилаларга моддий ва молиявий кўмак кўрсатилаётгани эзгулик одимларидан далолат.

Оммавий ахборот воситалари орқали чиқишларда, ижтимоий тармоқлар саҳифаларида кўриб-кузатиб, гувоҳи бўлаётганимиз хайрли саъй-ҳаракатлардан англаш мумкинки, бугунги ғоят машаққатли ва синовли даврда давлатимиз юртдошларимиз ҳақида барча зарур чора-тадбирларни кўрган ҳолда қайғурмоқда, ғамхўрлик кўрсатмоқда. Меҳр ва ғамхўрликка йўғрилган ҳомийлик тадбирлари юртимизнинг энг чекка, олис-олис қишлоқларидаги кам таъминланган, шароити оғир ва ёрдамга муҳтож оилаларгача етиб бормоқда.

Ҳукумат қарори билан ташкил этилган "Саховат ва кўмак" жамғармаси фаолияти карантин шароитидаги эҳтиёжмандлар ва ўз даромадини йўқотган вақтинча ишсиз фуқароларга кўмак кўрсатиш, уларни кундалик истеъмол товарлари, дори воситалари ҳамда бошқа маҳсулотлар билан таъминлаш учун йўналтирилган.

Юртимизда оқибат барқарор, меҳр барҳаёт, мурувват ва одамийлик устувор.

Оқибат асраётган элни ҳеч бир синов енга олмайди.

Демак, халқимизнинг ушбу синовни ҳам сабот ва матонатда собит бўлиб, қатъият билан енгиб ўтишига шак-шубҳа йўқ.

Ўзингиз ва яқинларингиз ҳаётига эътиборли бўлинг. Карантин қоидаларига риоя қилинг.

Бу эл бошига келган синовни қатъият ва сабот билан, бирдамлик билан енгишга Сизнинг муносиб ҳиссангиз бўлади.

 

Анвархон ТЕМИРОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

ЎзХДП фракцияси ҳамда Саноат, қурилиш ва савдо масалалари қўмитаси аъзоси.

Теглар

Депутат Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш