Давлат бергани халқдан қайтади

 

Коронавирус инфекциясига қарши курашиш даврида даромад манбаларини йўқотган шахсларни, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини ва тадбиркорлик субъектларини қўшимча қўллаб-қувватлаш мақсадида Президентимизнинг “Коронивирус пандемияси даврида аҳоли ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш буйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони қабул қилинди.

Бу ҳужжат мураккаб даврда халқимизга кўрсатилаётган юксак ғамхўрликнинг узвий давомидир. Фармонга кўра, 2020 йил 1 апрелдан 1 октябрга қадар “Маҳалла” хайрия жамоат фонди, “Меҳр-шафқат ва саломатлик” жамоат фонди, “Саховат ва кўмак” фондига, шунингдек, маҳаллий ҳокимият идоралари томонидан рўйхати шакллантирилган, ижтимоий муҳофазага муҳтож бўлган шахсларга беғараз бериладиган пул маблағлари ва товарларга (хизматлар) фойда солиқларини ҳисоблашда чегириладиган харажатлар сифатида қаралади. Шу билан бирга, қўшимча қиймат солиғидан озод қилинади ва айланмадан олинадиган солиқ солиш бўйича солиқ объектига киритилмайди.

Шунингдек, фармонда белгиланган қатор имтиёзлардан яна бири шуки, ходимнинг даромад солиғига тортилмайдиган моддий ёрдам суммаси, меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг 4,22 баробаридан 7,5 баробаригача оширилади.

Эндиликда пенсионерларимизнинг ҳам 2020 йил 20 апрель ҳолатига пенсияларни нотўғри ҳисоблаш ва тўлашдан келиб чиқадиган қарздорлик суммаларидан воз кечилади.

Бундан ташқари, фармонда аҳоли ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш юзасидан яна бир қанча чора-тадбирлар белгиланмоқдаки, уларнинг барчаси ҳар бир мансабдор шахс, ҳар бир халқ вакилини “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракатида фаол бўлишга ундайди.

Қайд этиш жоизки, эзгу ҳаракат Узун туманида ҳам муҳтож ҳар бир оилага кириб бормоқда. Шу кунгача туманда 200 нафар ногирон, 90 нафар боқувчисини йўқотган, 275 та ижтимоий ҳимояга муҳтож оилага, жами 2720 нафар фуқарога ижтимоий ёрдам кўрсатилди. Бу ишларга 34 та фермер хўжалиги, 94 нафар тадбиркор жалб қилинди. Туманда айни кунларда 1000 нафардан кўпроқ фуқаролар жамоат ишлари билан банд қилингани қувонарлидир.

Шу билан бирга 588 нафар ишга муҳтожларга амалий ёрдам кўрсатиш чоралари кўрилмоқда.


Мавжуда ҲАСАНОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

ЎзХДП фракцияси аьзоси.

Теглар

Депутат Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш