Фуқаролик жамияти институтларига “прописка ҳуқуқи” берилиши керак

 

Жаҳон ҳамжамиятида юқори натижаларга эришаётган давлатларнинг асосий ютуғи, сири малакали кадрларга ҳар тамонлама қулай шароит ва имкониятлар яратиб бераётганида, деб ўйлайман.

Биз эса шу вақтгача “прописка” деб аталувчи тушунча ҳақида жуда кўп беҳуда ўйладик. Биргина шу таъқиқ оқибатида давлат ва жамият қай даражада катта йўқотишларга йўлиққанини ҳисоблашнинг имкони бўлганида улкан кўрсаткичлардан ҳайратда қолардик.

Янги Ўзбекистон қурилаётган экан, албатта, яқин ўтмишимизда йиғилиб қолган муаммо ва масалаларга ўз вақтида ечим топиш зарурияти бор эди. Бу борада давлатимиз раҳбарининг жорий йилдаги парламентга Мурожаатномасида илгари сурган бир қатор муҳим вазифалари ва ташаббуслари чинакамига инсон манфаатлари сари ташланаётган қадам бўлмоқда.

Шундан келиб чиқиб, айни кунларда “прописка” масаласи бўйича бир қатор енгилликлар берилиши назарда тутилган ўзгартириш ва қўшимчаларни ўз ичига олган қонун лойиҳаси парламентда кўриб чиқилмоқда.

Муҳокамалар давомида аҳолининг фикр, истак ва таклифлари ҳам инобатга олинаётгани қувонарли ҳол. Бироқ баъзи бир жиҳатларга янада эътиборлироқ бўлиш зарур, менимча.

Хусусан, биринчидан, қонун лойиҳасида ва белгиланадиган низомда давлат ташкилотларида беш йил давомида ишлаб келаётган ходимларга Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида рўйхатдан ўтиш мумкинлиги айтилмоқда. Бу албатта жуда яхши.

Энди шунча вақт мобайнида қўшма корхоналарда, нодавлат ва нотижорат, жамоат ташкилотлари ёки фуқаролик жамияти бошқа институтларида меҳнат фаолиятини олиб бораётган, йиллар давомида оиласини ҳалол боқиб, узлуксиз солиқ тўлаётган малакали мутахассислар, мамлакатимиз фуқаролари яна аввалги қийинчиликлар гирдобида қолаверадими, деган савол пайдо бўлди.

Аслида уларнинг меҳнати ҳам мамлакат ривожида муҳим ўрин тутиб, фуқаролик жамияти институтларига ҳам малакали кадрлар сув ва ҳаводек зарур. Иккинчи томондан уларнинг ҳам конституциявий ҳуқуқлари таъминланиши керак.

Бу масаланинг ечими аслида мураккаб эмас. Беш йил давомида Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида меҳнат фаолиятини қонуний равишда олиб борган фуқароларга эркин яшаш имкониятига эга бўлиши зарур. Бунда ходимнинг солиқ тўлови ҳақидаги маълумотларга асосланиш адолатдан бўлади. Чунки нодавлат ташкилотда расман ишлаган мутахассислар ҳам давлат ташкилотларидаги мутахассислар каби солиқ тўлаган ва тўлаб келмоқда.

Иккинчидан, Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятига доимий рўйхатга киритиш учун илтимоснома бериш ҳуқуқига эга ташкилотлар белгилаб берилган. Мазкур ташкилотлар қаторида фуқаролик жамияти институтлари кўзда тутилмаган. Биз фуқаролик жамияти қуриш истагида эканмиз, фуқаролик жамияти институтлари ривожланиши учун имкониятлар яратиш ҳақида ҳам атрофлича ўйлаб кўришимиз зарур.

Масалан, сиёсий партиялар давлат ва жамият ҳаётида қанчалик муҳим институт эканини кўпчилик яхши тушунади. Сиёсий партиялар давлатнинг асоси бўлган қонун чиқарувчи органни шакллантиришда иштирок этади, мамлакат раҳбарлигига сайловда ўз номзодлари билан қатнашади. Парламентда муҳокама этилаётган қонун лойиҳасини такомиллаштириш жараёнида шу масалаларни ҳам инобатга олиш керак, деб ҳисоблайман.


Равшан Хомитов,

Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши сектор мудири.

Теглар

Депутат Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш