Карантин чоралари юмшамоқда, бироқ гигиена талаблари ва айрим қоидаларни унутмаслигимиз керак

 

2019 йил декабрь ойида Хитойда янги вируснинг кенг тарқалиши тўғрисидаги хабарлардан сўнг, эпидемия, коронавирус, Covid-19, пандемия деган сўзлар кундалик ҳаётимизга кириб келди.

Дунёнинг деярли барча ҳудудларини қамраган коронавирус пандемияси мамлакатимиз ҳудудини ҳам четлаб ўтгани йўқ. Юртимизда илк бемор аниқланиши билан ҳукуматимиз томонидан эпидемия тарқалишининг олдини олишга қаратилган кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилиб келинмоқда.

Юртбошимиз ҳар бир чиқишида ҳалқимизни якдилликка, тартиб-интизомга, тушкунликка тушмасликка чақирмоқда. Асосий эътиборни аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламига ёрдам кўрсатиш, уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш масаласига қаратиш кераклиги уқтирилмоқда.

Хусусан, 29 апрель куни бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида ҳам давлатимиз раҳбари Бухоро, Навоий, Самарқанд, Қашқадарё вилоятларида юз берган табиий офат ва унинг оқибатларини бартараф этиш чора-тадбирларига ҳамда коронавирус инфекциясига қарши кураш доирасида юртимизда амалга оширилаётган ишларга алоҳида тўхталиб, “Биронта ҳам юртдошимизни, биронта ҳам оилани ушбу кутилмаган фалокат қаршисида ёлғиз қолдирмаймиз” деб таъкидлади..

Шунингдек, видеоселектор давомида эпидемиологик вазият ва пандемияга қарши кураш бўйича олиб борилаётган ишлар ҳақида тўхталиб, ушбу курашда юксак жасорат кўрсатаётган тиббиёт ходимларининг машаққатли ва ўта масъулиятли меҳнатини муносиб қадрлаш ва рағбатлантириш учун қарор қабул қилинганлиги ҳақида айтиб ўтилди.

Қарорга асосан, санитария-эпидемиология хизматининг қарийб 11 мингга яқин барча тоифадаги тиббиёт ходимларининг иш ҳақи 2,5 бараварга оширилади. Бу вирус қаршисида мардонавор туриб, унга қарши дадил курашаётган, туну-кун хизматга шай туриб, одамлар дардига шифо, кўнглига малҳам бўлаётган тиббиёт ходимларини ижтимоий қўллаб-қувватлашда муҳим аҳамиятга эга.

Президент томонидан мамлакатимиздаги вазиятга баҳо берар экан, бугунги кунда санитар-эпидемиологик вазият аста-секин барқарорлашиб бораётганини ҳисобга олиб, карантиндан босқичма-босқич чиқиш ишларини амалга ошириш бўйича зарур топшириқлар берилди. Шу асосида республика махсус комиссиясининг қарори қабул қилиниб, карантин чоралари юмшатиш бўйича бир қатор тартиблар жорий қилинди.

2020 йил 30 апрель куни соат 06:00 дан:

фуқароларга – иш жойига бориб келиши, тиббий буюмлар, дори воситалари, озиқ-овқат ва биринчи навбатда зарур бўлган маҳсулотларни харид қилиш учун соат 07:00 дан 10:00 га ҳамда 17:00 дан 20:00 га қадар барча турдаги шахсий ва хизмат енгил автотранспорт воситалари (йўловчилар билан бирга), шу жумладан велосипед ва мототранспортларда махсус рухсатномасиз ҳаракатланишга;

фуқароларга –шаҳар ва туманлардаги кўп қаватли уйларнинг бевосита олдида ва ички ҳовли ҳудудларида ижтимоий масофани (оралиқ масофа 2 метр) сақлаган ва ниқоблар тақилган ҳолда сайр қилишга, бунда 14 ёшгача бўлган болалар ота-оналарининг ҳамроҳлигида сайр қилишга;

олий таълим ва илмий-тадқиқот институтлари раҳбарлари ва профессор ўқитувчиларига – илмий ишларни давом эттириш мақсадида лаборатория ва кафедралар фаолиятларини тиклаш учун рухсат берилди.

Президентимиз ушбу карантин режимини босқичма-босқич юмшатишга қаратилган ишлар яна давом этиши, лекин ҳамма жойда санитария талабларига амал қилишга биринчи даражали масала деб қаралиши лозимлигини таъкидлаб ўтди.

Ҳақиқаттан ҳам ишда ҳам, оилада ҳам гигиена талабларинга қатъий риоя қилишимиз керак. Вирусни қадамба-қадам енгиб боряпмиз. Уни батамом енгиш учун тартиб-интизом, қоида ва талаблар кундалик турмуш тарзимиздаги асосий масала бўлиб туриши керак.

Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, энг асосийси, ҳар биримизнинг соғлиғимиз ўзимизга ва, айни вақтда, бутун халқимизнинг соғлиғи ҳар биримизга, бизнинг онгу тафаккуримиз, тартиб-интизом ва сабр-бардошимизга боғлиқ эканини барчамиз ҳеч қачон унутмаслигимиз керак.

 

Малика Рашидова,

Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши сектор мудири.

← Рўйхатга қайтиш