Синовли кунларни сабр ва масъулият билан енгамиз!

 

Яндекс ижтимоий тармоқдаги қидирув тизими томонидан тузилган карантин қоидаларига роия қилиш рейтингига кўра, МДҲ давлатлари орасида Тошкент шаҳри биринчи ўринни эгаллаб келмоқда. Бу нафақат пойтахтимизда, балки бутун мамлакатимиз аҳолиси пандемия давридаги қоида ва талабларга сабр ва масъулият билан риоя қилаётганини кўрсатади.

Албатта, ҳар бир нарсанинг салбий ва ижобий тарафлари бўлганигидек, бугунги мурракаб даврда карантин қоидаларига риоя қилиш аввало, ўзимиз ва оила аъзоларимиз, бутун жамиятимиз саломатлиги учун хизмат қилади.

Шундай бўлсада, дунё аҳолисини катта ховотир ва саросимага қўйган бу кўринмас балони енгиш учун биздан янада кўпрок сабр ва масъулият талаб этилади. Вирусни батамом енгиш учун доимий тарзда гигиена талабларига риоя қилиш, мулоқот пайтида масофа сақлаш кераклигини мутахассислар таъкидлаб келишмоқда.

Бу борадаги тадқиқот натижаларига кўра, касалланишнинг энг юқори чўққиси 24 апрел кунига тўғри келган. Демак, олдинда ҳали қилишимиз керак бўлган ишлар талайгина.

Эслатиб ўтиш лозимки, касаллик таркалган Хитой Халқ Республикаси жорий йилнинг март ойи якунида вирусни енгиб, карантин қоидаларини юмшатаётган бир пайтда, вирус қайта аланга олиб, 30 март куни янги вирусланиш ҳолатлари кузатилди. Бунда ҳукумат ёки тиббиёт тизимининг айби йуқ, албатта. Аксинча қайсидир инсоннинг бефарқлиги, муаммога жиддий қарамаслиги ана шундай нохуш ҳолатлар қайта содир бўлишига сабаб бўлган. Унутмайлик, ҳамма нарса ўз қўлимизда. Вирусни енгиш ҳам...

Куни кеча мамлакатимизда коронавируснинг кириб келиши ва тарқалишини олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича республика махсус комиссиясининг қарори эълон қилинди. Унга мувофиқ, жорий йилнинг 30 апрель кунидан бошлаб белгиланган вақт доирасида фуқаролар иш жойига бориб келиши, тиббий буюмлар, дори воситалари, озиқ-овқат ва биринчи навбатда зарур бўлган маҳсулотларни харид қилиш учун барча турдаги шахсий ва хизмат енгил автотранспорт воситаларидан махсус рухсатномасиз ҳаракатланиши мумкин. Шунингдек, кўп қаватли уйларнинг бевосита олдида ва ички ҳовли ҳудудларида карантин қоидаларига роия қилган ҳолда сайр қилишга рухсат берилди.

Биз вирусни ҳали батамом енганимиз йўқ. Демак, уни бартараф этишга қаратилган қоида ва талаблар турмуш тарзимизда амал қиладиган асосий вазифа бўлиши керак. Ниқобларни тез-тез алмаштириш, уйимизни, атрофимизни тоза ва озода сақлаш, гигиенага қатъий амал қилиш кундалик юмушларимизда асосий роль ўйнаши керак. Бу борада масъулиятсизлик қилишга ҳаққимиз йўқ!


Жасур Ибрагимов,

Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши маъсул ходими.

← Рўйхатга қайтиш