Қизилгул Қосимова: Руҳий ёрдам етарли даражада йўлга қўйилмаган

 

Кеча парламент қуйи палатасидаги ЎзХДП фракцияси бир қатор қонун лойиҳалари, хусусан, “Психиатрия ёрдами тўғрисида”ги қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритишга оид ҳужжат лойиҳасини муҳокама қилди.

Мазкур ҳужжатнинг аҳамияти ва зарурати ҳақида фракциямиз аъзоси Қизилгул Қосимова шундай фикр билдирди:

Фуқаролар, айниқса, ёшлар ва хотин-қизлар орасида ўз жонига қасд қилишга уриниш холатлари кузатилиб турибди. Бундай оғир пайтда уларга туну-кун шошилинч ёрдам кўрсатилишини таъминлаш, жумладан, ўз жонига қасд қилишнинг асл сабабларини аниқлаш, ўз вақтида ихтисослаштирилган ёрдам кўрсатиш чораларини кўриш, ҳар бир ҳолат ҳақида психиатрия муассасаларини зудлик билан хабардор қилиш керак.

Ўрганишлар жараёнида шу масалага оид қонун ва бошқа меъёрий ҳужжатлар етарли даражада ишламаётгани, ҳаёт ўзгаришлари сабабли айрим масалалар қонунларда назарда тутилмагани билан боғлиқ ҳолатлар аниқланади.

Аҳоли саломатлиги ҳақида гап кетганда, руҳий соғлиғи ҳам эътиборга олинади.

Одамларнинг руҳий соғлиғини текширувдан ўтказиш, руҳий ҳолати бузилган шахсларни профилактика қилиш, уларга ташхис қўйиш, уларни даволаш, парваришлаш ва тиббий-ижтимоий жиҳатдан тиклаш тиббиёт соҳасидаги давлат сиёсатининг муҳим йўналиши ҳисобланади.

Психиатрия ёрдами кўрсатиш соҳасидаги ишлар ҳолатини комплекс ўрганиш натижасида тиббий хизматларнинг сифатига салбий таъсир қилувчи қатор тизимли камчилик ва муаммолар аниқланди.

Хусусан, психиатрия муассасалари фаолиятини мувофиқлаштиришнинг самарали ва замонавий механизмларини жорий этиш, шахс руҳий соғлиғининг ҳисобини юритиш, унинг текширувдан ўтказилишини ташкил этиш, сифатли тиббий ёрдам кўрсатиш чораларини ўз вақтида кўриш мақсадида психиатрия хизматини бошқариш тизимини тубдан қайта кўриб чиқиш ва “Психиатрия ёрдами тўғрисида”ги қонунга тегишли ўзгартиришлар киритиш бугунги кун талабига айланган.

Психиатрия муассасаларида врач-психиатрларнинг кескин етишмаслиги кузатилмоқда, бу эса беморларга барча зарур хизматлар турларини кўрсатиш, уларнинг эҳтиёжларини қондириш, мазкур соҳадаги хусусий тиббиётни, шу жумладан, давлат-хусусий шериклик шартларида ривожлантиришга имкон бермаяпти.

Психиатрия муассасаларининг моддий-техника базасини яхшилаш, уларни замонавий диагностика ва лаборатория асбоб-ускуналари билан жиҳозлаш, беморларни парваришлаш ва даволаш учун қулай шарт-шароитлар яратиш бўйича бир қатор қарорлар қабул қилинганлигига қарамай, уларнинг тўлиқ бажарилиши таъминланмаган.

Диспансер кузатуви остида бўлган шахсларнинг ягона электрон реестри яритилмаган. Психиатрия тизимини молиялаштириш, янгича ёндашиш учун-бу қонун керак.


Халқ демократик партияси

Ахборот хизмати

Теглар

Депутат Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш