Фракция аъзолари “прописка” ҳақидаги қонун лойиҳасига қандай таклиф беради?

 

Кеча парламент қуйи палатасидаги ЎзХДП фракцияси бир қатор қонун лойиҳалари, хусусан, Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида фуқароларни доимий прописка қилиш бўйича қатор янгиликларни жорий этиш билан боғлиқ қонун лойиҳаси кўриб чиқилди.

Фракция аъзоси Шерзод Раҳмонов қонун лойиҳасига иккита таклиф бермоқчи:

Давлатимиз раҳбарининг жорий йилдаги парламентга Мурожаатномасида “прописка” тизимини ислоҳ қилиш ташаббуси илгари сурилди.

Мазкур ташаббусни рўёбга чиқаришга оид “Доимий прописка қилиш ҳамда турган жойи бўйича ҳисобга олиш тартибини ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президентнинг Фармони асосида ишлаб чиқилган қонун лойиҳаси шу кунларда парламент қуйи палатасида муҳокама этилмоқда. Фракциямиз ҳам ҳужжат лойиҳасини атрофлича кўриб чиқди.

Аввало таъкидлаш керакки, мазкур ҳужжат лойиҳасида минглаб фуқароларимизни йиллар давомида ўйлантириб келаётган муаммолар ечимига хизмат қиладиган муҳим янгиликлар кўзда тутилмоқда. Партиямиз фракцияси қонун лойиҳасининг ҳуқуқий, ижтимоий аҳамиятини жуда юқори баҳолаган ҳолда, тўлиқ қўллаб-қувватлайди.

Бу тизим босқичма-босқич янада ислоҳ этилиши белгиланган, амалда таъқиқлар кўплигидан ҳамма таклифларни ҳисобга олиш имконияти чекланган, ҳолатни тўғри тушунамиз.

Лекин айрим принципиал масалалар борки, қонун лойиҳасини такомиллаштириш жараёнида уларни ҳисобга олиш зарур, деб ҳисоблаймиз.

Биринчи масала. Қонун лойиҳасида ва белгиланадиган низомда давлат ташкилотларида беш йил давомида ишлаб келаётган ходимларга Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида рўйхатдан ўтиш мумкинлиги айтилмоқда. Бу албатта жуда тўғри.

Фуқаролик жамиятининг муҳим институтларида, хусусан, сиёсий партиялар ва ОАВда меҳнат фаолиятини олиб бораётган, йиллар давомида “прописка” муаммоларидан қийналаётган мутахассисларни ҳам ҳисобга олиш керак. Бунинг учун қонун лойиҳасида давлат ташкилотлари билан бир қаторда фуқаролик жамиятининг муҳим институтларини ҳам назарда тутиш лозим.

Келгусида яна “прописка” масаласига қайтмаслик учун бугун ушбу қонуннинг халқчиллиги, устувор демократик тамойилларга мослигини таъминлашимиз талаб этилади.

Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятига доимий рўйхатга киритиш учун илтимоснома бериш ҳуқуқига эга ташкилотлар белгилаб берилган. Мазкур ташкилотлар қаторида фуқаролик жамияти институтлари кўзда тутилмаган. Биз фуқаролик жамияти қуриш истагида эканмиз, фуқаролик жамияти институтлари ривожланиши учун имкониятлар яратиш ҳақида ҳам атрофлича ўйлаб кўришимиз зарур, деган қатъий позициядамиз.

Теглар

Депутат Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш