Эрта турмуш — тақдирга мушт

 

Оила жамиятнинг асоси ҳисобланади. Оила мустаҳкам бўлса, жамият, мамлакат ҳам мустаҳкам ва барқарор бўлади. Мамлакатимизда оила институтини янада мустаҳкамлаш ва ривожлантириш, айниқса, ёш оилаларнинг ҳуқуқий ва ижтимоий-иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Ҳар бир оила мустаҳкам пойдеворга эга бўлишига эришиш, жамиятда ҳар бир гўдакнинг соғлом туғилиши ва яшаб кетишини тўла кафолатлайдиган зарур шарт-шароитларни яратишга эътибор қаратилмоқда.

Дарҳақиқат, оила ҳаёт абадийлиги, авлодлар давомийлигини таъминлайдиган, xалқимизнинг муқаддас урф-одатлари сайқал топадиган, келажак авлод камолотига бевосита таъсир кўрсатадиган тарбия ўчоғидир.

Мутаxассисларнинг фикрича, йигит-қизларнинг турмуш қуриш ёши оила мустаҳкамлигига таъсир кўрсатувчи асосий омиллардан биридир. Афсуски, айрим ота-оналар кўпинча фарзандининг келажак тақдири, баxт-саодати ҳакида ўйламай, ҳали балоғат ёшига етмаган қизини узатиш ёки қариндошимнинг қизи бегона бўлмасин, деб ўғил уйлантириш тараддудига тушади. Бунинг оқибатида қизларни ўн олти, ҳатто ундан кичик ёшда турмушга узатиб юбориш ҳоллари учраб туради. Аммо бу кўп холларда бўлғуси онанинг саломатлиги ва руҳиятига, қолаверса, ёш оиланинг мустаҳкамлиги, туғилажак фарзанднинг соғломлигига салбий таъсир кўрсатади.

Шифокорларнинг таъкидлашича, аёл қанча ёш бўлса, хомиладорлик давридаёқ турли патологик, экстрагенитал хасталиклар кучаяди, йўлдош етишмовчилиги, суяклар тизимида рўй берадиган ўзгаришларнинг салбий оқибатлари кўп бўлади, эрта хомиладорлик кўпинча бола тушиши ёки ўлик туғилиши билан тугайди, бу ҳолат хомиланинг нуқсонли ривожланиши сабабли она ва бола саломатлигига катта xавфдир. Бундай асоратлар кейинги хомиладорликнинг нормал кечиши ва туғруқнинг табиий равишда амалга ошишига ҳам салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Шу боис ёш турмуш қурган аёлларнинг фарзандлари жарроҳлик амалиёти орқали дунёга келтирилади. Сурункали кислород етишмаслиги туфайли она қорнида суст ривожланган чақалоқларнинг вазни анча кам бўлади ва афсуски, уларнинг аксарияти кўп яшамайди.

Бугунги кунда скрининг текширувлари натижалари шуни кўрсатмоқдаки, болалардаги турли xил аномалиялар, айниқса, асаб тизими ва генетик нуқсонлар айнан қариндошлар ўртасидаги никоҳ туфайли юзага келмоқда. Бунинг олдини олиш учун, аввало, ота-оналар етарли тиббий билим ва тушунчага эга бўлиши лозим. Аммо айримлар эрта турмуш, қариндошлар ўртасидаги никоҳнинг салбий оқибатларини кўра-била туриб, шошма-шошарлик ва ўзбошимчалик билан қарор қабул қилишади. Натижада носоғлом фарзандлар дунёга келади, оилалар ўртасида совуқчилик пайдо бўлади, ёш келин-куёв руҳий тушкунликка тушиб қолади. Кимнингдир ўйламай қилган xатоси туфайли ёш оилалар бузилиб кетади, келин-куёвларнинг ҳаёти издан чиқади.

Вилоятимизда аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини оммалаштириш, тиббий маданиятни ошириш ва ёшларнинг никоҳга оид тушунчаларини кенгайтириш, қариндошлар ўртасидаги ва эрта никоҳларнинг олдини олиш борасида тизимли ишлар амалга оширилиб келинмоқда. Афсуски, ушбу саъй-ҳаракатларга қарамай, репродуктив саломатлик талабларига зид равишда қизларни барвақт турмушга узатиш ҳоллари кузатилмоқда.

Ҳар бир ота-она ўз фарзандининг баxтли бўлишини истайди, албатта. Лекин қизимни тезроқ турмушга берсам, xотиржам бўлардим, деган нотўғри қараш билан қайсидир маънода ўз ҳаловатини ўйлайдиган, фарзандининг ўқишни давом эттириши ёки эгаллаган касби бўйича ишлашига тўсқинлик қиладиган ота-оналар ҳам йўқ эмас.

Қизларнинг барвақт турмуш қуриши кўпинча ота-оналарнинг xоҳиш-истагига кўра бўлаётганини ҳисобга олиб, ота-оналарга айтар сўзим: ушбу ҳолатларнинг салбий оқибатларини била туриб, бу xатони Сиз ҳам такрорлашингиз, жигарбандингиз ҳаётини xавф остида қолдиришингиз разиллик эмасми? Наҳотки,ўз фарзандингизга мана шундай “бахтни” ўз қўлингиз билан ином қилсангиз. Эрта турмуш фарзандингиз тақдирига мушт бўлишини унутманг.


Мўътабархон Султанова,

Ўзбекистон ХДП Хоразм вилоят кенгаши ёшлар ва хотин-қизлар ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш сектори мудири.

← Рўйхатга қайтиш